23:06 / 12.04.2022
1 381

Маърифий тарбия – ҳар қандай муаммога ечимдир

Маърифий тарбия – ҳар қандай муаммога ечимдир
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармасида тизимда фаолият олиб бораётган барча ходимлар иштирокида маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирга таниқли диний уламо Шукурулло домла Эгамбердиев таклиф этилди.

Мулоқот аввалида Бюронинг вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Салманов давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда тизимга улкан ишонч билдирилиб, суд ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилаётгани, бироқ масъулиятни ҳис этмай мажбуриятларини эсдан чиқариб, жиноятга қўл урган ҳамда хизмат вазифаларини лозим даражада бажармай, сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари Бюро органлари нуфузига путур етказаётганини таассуф билан таъкидлаб ўтди.

Тадбирда Шукурулло домла Эгамбердиев сўз олиб, соҳа ходимлари шарафли ва масъулиятли касб эгалари эканликларига урғу бериш асносида “масъулият”, “масъул” сўзлари арабчадан таржима қилинганда, савол-жавоби кўп, кўп сўралувчи, маъноларига эга эканини таъкидлади. Яъни ҳар бир инсон ҳаёти, босаётган ҳар қадами, унга топширилган ишлар борасида охиратда жавобгарлик муқаррарлигини қайд этди.

Жумладан, “Пайғамбаримиз расулуллоҳ с.а.в.нинг шундай ҳадислари бор: Аллоҳ ўзига топширилган ишни ҳам гўзал, ҳам пухта бажарадиган инсонларни яхши кўради. Бундан маълум бўладики, ўз ишига масъулиятсиз инсонларни Аллоҳ ёмон кўради”, дейди Шукурулло домла Эгамбердиев.
Қайд этилдики, ишига бефарқлик, совуққонлик ва масъулиятсизлик билан ёндашиш ва бунинг ортидан маош олиш ҳаром луқма саналади.

Шунингдек, инсонни хор қилувчи учта омил борки, булар бировнинг ҳақини ейиш, кибрга ҳамда зинога берилишдир, деб таъкидланди. Зотан, ўзганинг ҳақини ейиш оғир гуноҳ, наинки бу дунёда, охиратда ҳам жавобгарлиги қаттиқ бўлади.

Шукурулло домла Эгамбердиев ўз маърузасида тамагирлик ҳақида ҳам тўхталиб, бу иллат жамиятни ва тизимни булғаши хусусида ҳаётий мисоллар асосида сўз юритди.

Эътироф этиш керак, мазкур тадбирдан Бюро ходимлари ўзлари учун катта маънавий озуқа олдилар.

Бошқарма бошлиғи тадбир сўнгида тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар ушбу маърузадан хулоса чиқариши, хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига риоя этиши, тамагирликка йўл қўймаслигига ишонч билдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маърифий тарбия – ҳар қандай муаммога ечимдир