12:01 / 27.04.2022
880

«Оғзимизни ёпишга уринишяпти»: Комил Алламжонов матбуот эркинлиги ҳақида гапирди

«Оғзимизни ёпишга уринишяпти»: Комил Алламжонов матбуот эркинлиги ҳақида гапирди
Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, Европа ва Осиё давлатлари элчилари иштирокида Женевада бўлиб ўтган тадбирда ўзбек матбуотининг кечаси, бугуни ва эртанги куни қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирган.

Ўз нутқида Алламжонов биринчи президент Ислом Каримов (1991-2016) ва ҳозирги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев (2016-2022) даврларини солиштирган. Унинг айтишича, дастлаб матбуот пайдо бўлган, кейин эса «ўлган».

«Дастлаб матбуот пайдо бўлди, кейин эса, оддий қилиб айтганда, ўлди. Шу даражада ўлик ҳолга келдики, журналистика университетини тамомлаган журналистлар ишлаш учун бозорга, савдога ёки бутунлай бошқа соҳаларга ўтиб кетишди. Радио ва телевидение фақат битта одамни мадҳ этарди, фақат битта одамни гапирарди», деган Алламжонов.

Унинг айтишича, яқингача Ўзбекистондаги 98 фоиз газеталар мажбурий обуна ҳисобига яшаган, зерикарли бўлгани учун уларни ҳеч ким ўқимаган. Матбуотда бирор вазирнинг чиқиши мумкин бўлмаган, рухсатсиз чиқса жазоланган. Алламжоновнинг хулоса қилишича, цензура жуда кучли бўлган.

«Инсон ҳуқуқлари шу даражада пастлигидан пахтанинг қадри инсонникидан баланд эди. Таълим инқирозга учради, оқибатда бир авлод билимсиз бўлиб қолди. Лекин халқаро ташкилотлар кўз ўнгида биз ўзимизни демократик давлат сифатида намоён қилдик. Турли ташкилотларга аъзо бўлдик, лекин буларнинг ҳаммаси қоғозда эди», дея давом этган у.

Унинг таъкидлашича, 2016 йил Шавкат Мирзиёев сайлангач, журналистларни ўзига дўст деб билган. Аввалига кўпчилик ишонмаган, лекин вақт ўтгани сайин ўз кўзлари билан кўра бошлаган. Шунингдек, Алламжонов ишни блокланган хорижий сайтларни очиб юборишдан бошлаганини айтган. Кейин эса барча давлат ташкилотларида матбуот хизматлари ташкил этилгани таъкидланган.

«Аввалига хатолар қилдик. Матбуот билан ишлашни билмайдиган айрим амалдорлар шарманда ҳам бўлди. Тажрибасиз журналист ва блогерлар кўзга ташланди. Бизнинг фондимиз кўпроқ журналистлар ҳимоячиси вазифасини бажарди. Фондимиз қилган энг катта ишлардан бири — туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазосини бекор этиш бўйича қонунга ўзгартириш киритишга эришдик. Фондимизнинг асосий шиори ҳам шу — журналист гапирган гапи учун қамалиши керак эмас», деган Алламжонов.

«Албатта, муаммолар бор, бизнинг оғзимизни ёпишга уринаётган кучлар бор. Лекин биз инсон қадри, эркинлик нима эканини яхши ҳис қиляпмиз ва бу эркинликни йўқотмаслик учун курашамиз, ҳаракат қиламиз», деган Комил Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди раҳбарияти БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билан учрашиб, хорижнинг зўравонликка асосланган тарғиботларидан ҳимояланиш учун муҳим келишувга эришганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Оғзимизни ёпишга уринишяпти»: Комил Алламжонов матбуот эркинлиги ҳақида гапирди