Табиатан инсонлар қийинчилик билан эришган нарсаларини кўпроқ қадрлашади. Осонликча эришилган нарсаларнинг қадри эса аксинча бўлади. Хўш, машҳурларнинг қийинчилик билан эришган ва ҳамиша ширин хотиралар билан эслайдиган харидлари борми?
Қуйида баъзи шоу-бизнес вакилларининг шахсий ҳаётлари давомида ўзлари ишлаб топган илк пуллари эвазига ўзлари орзу қилган ёки яқинлари орзусидаги буюмлар, автомашина ёки уй сотиб олган пайтларида қандай хурсандчиликларни бошидан ўтказганликларини билиб оласиз.
Нилуфар Усмонова: «Ўғлимни ток урганидан кейин тўйларда қўшиқ айтишга қарор қилганман»
Фото: Instagram / @saidazamhon
— Биринчи турмушимдан ажрашган, онам билан муносабатларимиз совуқлашган. Санъаткор бўлишимга қарши бўлган, ундан кўра қайта оила қуришимни истаган. Буни истамаганим учун ўғлимни олиб алоҳида уйга кўчиб ўтганмиз. Аммо кўп ўтмай пулсиз яшай олмаслигимни тушунганман. Шундан кейин барча қулайликларга эга уйимни ижарага бериб, ўзим ундан арзон уйга кўчиб ўтганман. Уйнинг поли кўчиб, бетонлари кўринадиган даражада таъмирталаб эди. Ўғлим хусусий боғчага борарди, ижара уйдан олган пулимнинг ярмини унга тўлардим. Қолганини эса ўзим яшаётган уй эгасига бериб, тузукроқ рўзғорлик ҳам қилолмасдим. Фақатгина ўғлим кечки пайт ейиши учун ҳар куни тайёр угра сотиб олардим. Ошхонада ёши мендан ҳам «катта» совиткич бор эди. Нима ҳам бўлди-ю, бир куни ўғлим уни очганида ток урди. Саидаъзамхоннинг «учиб» тушганини кўриб, тилим айланмай қолди.
Шундан кейин ўғлим учун ҳаракат қилишим кераклигини англаб, таниш-билишларнинг тўйига «қистир-қистир» пул эвазига борганман. Тўйлардан йиққан пулларимни тўплаб, 1375 АҚШ долларига (нархи ҳам аниқ эсимда) катта совиткич сотиб олганман. Бу ҳаётимдаги ўз меҳнатим билан харид қилган биринчи буюм бўлган. Ғарибона уйда турсак ҳам катта совиткичимиз борлигидан хурсанд бўлганман, — дейди хонанда Нилуфар Усмонова.
Юлдуз Турдиева: «Уй олиш учун танловда қатнашганман»
Фото: Instagram / @yulduz_turdiyeva_official
— Оила қурганимиздан сўнг уй-жой масаласида кўплаб муаммоларга учраганмиз. Чунки тўйдан аввал турмуш ўртоғим билан талабалар ётоқхонасида яшардик. Оила қурганимиздан сўнг бу ерда эр-хотин бўлиб яшаш мумкин эмаслигини айтишган. Аввалига ижара уйга чиққанмиз, аммо шароит у қадар яхши эмасди. Катта ўғлим туғилганида биринчи қаватдаги хонадонга кўчиб ўтгандик. Балконнинг ойналари синиб кетган, панжараси ҳам йўқ эди. Ҳар куни биров кирмасмикан, деган қўрқув билан тонг оттирардим. Бундай шароитда ўғлим касал бўлиб қолишини ўйлаб, уни Бухородаги қайнонамга бериб юборганмиз. Боламни соғиниб юрган пайтимда Озарбайжонда ўтказиладиган Байналхалқ муғом фестивали ҳақидаги эълонни ўқиб қолганман. Бош соврин учун 15 минг АҚШ доллари деган жойини ўқиб, кўзларим порлаб кетган. Ўзимча бу пулга уй сотиб олиш ҳақида режалар тузганман.
«Қорабахши» қўшиғи— озайбайжон юраги дейиларкан. Ўзбекистон давлат консерваториясида ишлайдиган Очил Матжоновдан қўшиқни ўргаташини сўраганман. Ўн икки кун давомида консервоториядан кетмай қўшиқни ўрганганман. 2009 йили ўтказилган муғом фестивалида ғолиб бўлиб, илк катта муокофтни қўлга киритганман. Тошкентга қайтганимдан кейин уй олиш ҳаракатига тушганман. Ҳаммаси ниятга яраша бўлар экан, ўша пайтда 15 000 АҚШ долларига шаҳар марказидан икки хонали уй берарди. Уй сотиб олиб, оилам билан унга кўчиб ўтганмиз. Бу фестиваль ҳаётимга қувонч олиб кирган, — дейди хонанда Юлдуз Турдиева.
Шаҳло Зоирова: «Spark олиб, киракашлик қилганман»
Фото: Instagram / @shaxlozoirova_official
— Ҳаётда яхши яшаш учун интилиш, кимнингдир кўмагини кутиб яшаш керакмаслигини эрта тушунганман. Шу боис ҳаракатни анча эрта бошлаганман. Институтга кириш учун бир неча бор уринганман, аммо уч йил омад кулиб боқмаган. Ўқишга киролмаган йилим аёллар сумкаси сотадиган дўкон билан келишиб, савдо билан шуғулланишга қарор қилганман. Савдодан икки минг АҚШ долларини йиғиб, бу йил пул бериб бўлса ҳам ўқишга кираман, деб аҳд қилгандим.
Аммо ўша йили омадим келиб, Ўзбекистон Миллий университетининг Физика факультетига бюджет асосида ўқишга қабул қилинганман. Икки минг доллар ҳам ёнимга қолган. Ана шу пулга ойлик тўлов эвазига Spark олиб, дарсдан сўнг киракашлик ҳам қилганман. Киракашлик қилаётганимда жуда кўп қизиқарли воқеалар бўлган. Энг қизиғи, ўша пайтда «Миллион» жамоасида фаолият юритардим. Бекзод ака таксичилик қилишимни билиб, танбеҳ берганди. «Нима қилай, киракашлик қилмасам қарзимни узолмайман», дегандим. Қарзни икки ярим йил деганда узганимдан кейин машина менга қолганди, — дейди комик актриса Шаҳло Зоирова.
Жамшид Ҳожиниёзов: «Радио эфирга кечикмаслик учун машина олганман»
Фото: Instagram / @jamshidxojiniyozov
— Мен 1997 йилдан Гранд радиосига эфир бошловчиси сифатида ишга қабул қилинганман. Машина олишга заруратим бўлган. Чунки эфир пайтлари учун тонг саҳарда ишга келишим ёки жуда кеч кетишим мумкин эди. Шу боис, эфирга кеч қолмаслик учун автомобиль олишга жиддий аҳд қилганман. 1998 йил Nexia русумидаги машиналар энди оммалашаётган пайт эди. Пулларимни тўплаб, 23 ёшимда шу машинандан харид қилганман. У пайтдаги қувончимни тасвирлаб беролмайман, — дейди телебошловчи ва продюсер Жамшид Ҳожиниёзов.
Хонзода Қамбарова: «18 ёшимда машина сотиб олганман»
Фото: Instagram / @ ханна__оффиcиал
— Болалигимдан мустақил пул топишга, рўзғорга кўмаклашишга ҳаракат қилганман. Ташқи кўринишим чиройли бўлгани ва қўшиқ айтишни яхши кўрганим учун тўйларга чиқишни таклиф этишган. 17 ёшимдан бошлаб, жамоа бўлиб тўй-тантаналарда иштирок этардик. Бир йил давомида ишлаб топган пулимни йиғиб, машина олишга қарор қилганман. Чунки машина оиламиз учун жуда керак эди. 18 ёшимда спарк русумли илк машинамни сотиб олганман. Ундан кейин тўйимни ўтказганман, — дейди блогер Хонзода Қамбарова.
Хуснора Шодиева: «Ўзимга Chevrolet Equinox совға қилдим»
Фото: Instagram / @khusnorik
— Самирнинг отаси тўйдан кейин менга Malibu автомобилини совға қилганди. Машина мазза қилиб ҳайдардим. Афсуски. У билан ажрашганимиздан кейин машинани ўзлари билан олиб қолишди. Машина-ку топиладиган нарса аммо оиламнинг бузилгани менга қаттиқ таъсир қилганди. Руҳий тушкунликка тушиб, анча вақт кўчага ҳам чиқмай қўйганман. Аммо машина ҳайдашни жуда соғинганман. Кейин онам Nexia 3 автомобилини совға қилди. Аммо ўтган йили ўз пешана терим билан топган пулимга янги автомобиль олдим. Тўқ қизил рангдаги Chevrolet Equinox менга шуниси билан ҳам жуда қадрли, — дейди хонанда ва телебошловчи Хуснора Шодиева.
Азода: «21 ёшимда онамга 3 хонали уй совға қилдим
Фото: Instagram / @azodaofficial
— Шубҳасиз, ҳаётимдаги ҳар бир харид ёдимда қолади. Чунки кераксиз нарсани харид қилмайман. Илк марта қиммат телефон олганим ҳам кечагидек ёдимда. Аммо уларнинг ҳаммасидан ҳам кўра онамга уй совға қилган кунимни эслаш ёқимлироқ. 21 ёшимда онамга шаҳар марказидан 3 хонали уй совға қилдим. Бу ҳозирча энг қиммат харидим бўлди. Аммо сарфлаган пулим онамнинг қувончи олдида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, — дейди блогер Азода.
Онасига уй совға қилган яна бир блогер
2021 йилнинг 3 август санаси блогер Озод (Лиил) Хуррамов ва унинг оиласи ҳаётидаги энг қувончли кунлардан бири сифатида муҳрланди. Ўша куни блогер онасининг кўп йиллик орзусини амалга ошириб, янги қурилаётган уйлардан хонадон сотиб олди.
«Оилада опам, акам ва мен- уч фарзандмиз. Совет даврида қурилган эски уйда ижарада яшардик. Онам ҳар куни ‘Қанийди, бир Ватаним (уйим) бўлса’, деб орзу қиларди. Мен эса ушбу сўзларни эшитганимда, кун келиб онамни хурсанд қиламан, деб ният қилардим», — дейди Озод Хуррамов. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»