12:48 / 14.09.2022
3 213

Наргиза Салмонова «Браво» аъзоси бўлгани, афсусланган роли ва Туркия киносидаги пухталик ҳақида (видео)

Наргиза Салмонова «Браво» аъзоси бўлгани, афсусланган роли ва Туркия киносидаги пухталик ҳақида (видео)
Фото: «Дарё»
Актриса Наргиза Салмонова Туркияга турмушга чиққанидан сўнг ижодида бир муддат танаффус бўлган эди. Катта саҳнага «Браво» жамоасининг аъзоси бўлиб қайтган Наргиза Салмонова сериалда рол ижро қилиб афсуслангани, «Браво» жамоасининг кутилмаган таклифи ва турк кино оламидаги пухталик ҳақида гапириб берди.

Бу ҳақда актриса «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида маълум қилди.

- «Браво» жамоасини олдиндан яхши кўриб, томоша қилардим. «Браво» жамоасига таклиф қилишгани мен учун ҳам кутилмаган таклиф бўлди. Жавлон Шодмонов ҳамда Отабек Мирзахолов телефон қилиб, «шунақа таклиф бор, биргаликда ишласак нима дейсиз?», дейишганида мен рози бўлдим. Албатта, бу масалада турмуш ўртоғимнинг фикрини олган ҳолда, улар рози бўлганларидан сўнг, мен ҳам розилик билдирдим. Бу йил «Браво»нинг янги концертида илк маротаба чиқиш қилдим.

Биз томошабиннинг қарсаги, қўллаб-қувватлашидан катта энергия оляпмиз. Улар бизни олқишлагани сайин биз хурсанд бўляпмиз. Театрда ишлаб юрган вақтларимда томошабин бизни тушунмаса, эснаб ўтирса, меҳр билан томоша қилмаса, кайфиятимизга таъсир қиларди. Буни саҳнада билдирмасак ҳам, уйга қайтгандан сўнг ўйлаб юрардик. «Браво» жамоасини мухлислар жуда зўр кутиб олишмоқда.

Ўтган сафар Ўзбекистонга келганимда бир сериалга актёрлар жамоасини, халқимиз ардоғидаги санъаткорларимиз жамоада борлигини билиб, сценарийнинг маълум бир қисмини ўқиб, сериалга тушишга рози бўлгандим. Очиғини айтадиган бўлсам, ўша сериалга тушганимдан афсусландим. Чунки монтаж ва дубляж ишларидан умуман қониқмадим. «Танаффус қилган бўлсам ҳам, ҳеч нима йўқотмабман», дедим. Бу гапларимдан хафа бўлишмасин. Ўша қилган хатойим менга тажриба бўлди. Энди янада яхшилаб ўйлаб, кейин таклифларни қабул қиламан.

Туркия кино оламидан менга бир қанча таклифлар келди. Сценарийни ўқиганимда, тўғриси, ҳайратландим. Ўн йилдан буён санъат соҳасида юрган бўлсам, сценарийнинг бунақа пухта ёзилганини кўрмагандим. Сценарийда қаҳрамонингизнинг кўз ранги, қараши, болалиги, болаликдаги лақаби, болаликда қандайдир касал орттирган бўлса, ўша касаллик тарихи, ҳамма-ҳаммаси тўлиқ ёзилган. Режиссёр келиб актёр ёки актрисага тушунтириб беришга ўрин қолдирилмаган. Актёр сценарийни ўқийди, «бўлди, тайёрман», деб суратга тушади. Актёр ёки актриса сочини, костюмини, режиссёрдан бориб, қаҳрамонининг характерини сўрамайди, у ерда актёр ёки актриса фақат ва фақат ўзининг ишини қилади.

Ҳозирча «Браво» жамоаси билан ҳеч қандай шартнома қилмадик. Барибир биринчи концерт ҳамма илклар учун синов десак тўғри бўлади, - дейди Наргиза Салмонова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Наргиза Салмонова «Браво» аъзоси бўлгани, афсусланган роли ва Туркия киносидаги пухталик ҳақида (видео)