17:10 / 16.11.2022
1 669

Осман Наврўзов тўйда муштлашиб, иши судгача боргани ҳамда «Любимая» клипидан 50 минг доллар даромад топгани ҳақида

Осман Наврўзов тўйда муштлашиб, иши судгача боргани ҳамда «Любимая» клипидан 50 минг доллар даромад топгани ҳақида
Ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришган хонанда Осман Наврўзов билан суҳбат ташкил қилинди. Хонанда Осман Наврўзов топган фойдасидан 80 фоизини ижодга тикиши, телевидениега клипларини кам бериши, ҳеч ким санъаткор бўлишига ишонмагани, тўйда уришиб суд бўлгани, тўйларга қанчага хизматга бориши, «Любимая» клипидан YouTube’дан қанча даромад топгани ҳақида гапириб берди.

Топган фойдасининг 80 фоизини ижодга тикиши ҳақида

«Кўп клипларимни телевидениега бермайман, берсам ҳам, бир йилда икки ёки уч ойга бераман. Сабаби тўй хизматларда бўламан, ижтимоий тармоқлар: YouTube, Instagram, Telegram билан кўп ишлайман. Топган фойдамнинг 80 фоизидан кўп қисмини ижодга сарфлайман. Уйдагиларим билан ҳазиллашаман, бир қоп ун, икки кило гўшт борми, бўлди, тўқмиз, боймиз дейман. Қолганини фақат ижодга бераман. Шунинг учун ҳам телевидениега кўп бермайман», — дейди хонанда.

«Унутмаганман, эсимга тушса, яна куч оламан»

«Яқинларим ҳам санъаткор бўлишимга ишонмаган. Мен у гаплардан хафа бўлмайман, мотивация бўлган. Чиқа олмайсан, шу ҳам қўшиқ айтадими, овози қизларнинг овозига ўхшайди, дейишган бу нарсалар мен учун мактаб бўлган. Унутмаганман, эсимга тушса, яна куч оламан. Бир пайтлар шу гапларни айтган инсонларга раҳмат айтаман, тинмасдан ишлашимга сабаб бўлган. Ўзимга савол бераман, менга берилган умрни бошқаларга қизиқиш билан ўтказишим керакми, дейман.

Ўзим учун ишлайман, гапирса гапириб қолаверади. Бу нарсани пиар қилишга ёки ўтириб устимдан гапирганларни муҳокама қилишга қизиқмайман. Бир чеккага олиб қўяман, у ёмонлик қилди деб мен ҳам шундай қилмайман. Фақат ўзим учун ишлаганман, эртага ёш ўтганда нима дейишади
», — дейди Осман Наврўзов.

«Қаматиб нима қиламан, Аллоҳ жазосини беради, дедим»

«Тўйда уришганман, лекин судланмаганман, чунки бу менинг айбим билан бўлмаган. Бу воқеа уйланишимдан икки ой олдин бўлган, у инсон танишим эди. Ароқ ичганми, билмадим, маст эди. Тўй куни тушликда ўша одамнинг уйига бориб овқатландик. Улар икки киши эди, машинадан тушди, телефон билан ҳазиллашиб олдига бордим. Камерага олмагандим, тўй куни эса олдимга пичоқ кўтариб келиб, менинг устимдан кулди. Агар сени камерага олган бўлсам, Аллоҳ менинг жонимни олсин, туширмадим, ҳазиллашдим, ўртоғимсан ҳазилни тушунасан-ку, дедим. Пичоқни белимга тираб турибди. Кейин унинг акасига, хуллас, кимнингдир миясига ўтириб қолган.

Орадан икки ёки уч ой ўтди. Ўша инсоннинг уйи олдида тўйдамиз. Ҳамма ўйнаб юрибди, у олдимга келиб қилиқ кўрсатаверди. Ўша пайтда қўшиқни ҳам ўзим қўяр эдим, энди танилаётган вақтларим бўлган. Шундай қарасам мушт туширди, қўлида узук бор эди, уст-бошим қон бўлиб кетди. Бир кўзим ўша пайтнинг ўзида юмилиб қолди. Мен ҳам унинг устига ўзимни ташладим ва орқасидан бир тепдим. Тўй тугашига бир ёки ярим соат бор. Қўшиқ айтолмадим, кўзим юмилган. Мен бу ҳолатни кўтара олмайман, унга нима қилдим, дедим. Тўғри Ички ичлар бошқармасига бордим.

Орадан икки ой ўтиб, тўй кунимнинг маслаҳатлари бўлаётган вақтда қўнғироқ бўлди ва менинг ишим судга оширилганини айтишди. Эрталаб қўнғироқ қилиб икки соатдан сўнг судга келинг, дейишди. Уйланишим керак, тўйим бўляпти, ташвишлар билан юрибман, дедим. Уйда меҳмонлар бор, мен судда юрдим. Суддан ишни тезроқ ёпишини сўрадим. Эртага келинг, ишни қайта кўриб ёпамиз, истасангиз 15 сутка ёки 3 йил озодликдан чеклай олишга ҳуқуқингиз бор дейишди. Ўйлаб кўрай дедим, уйга бориб ота-онам билан маслаҳат қилдим. Кейин қаматиб нима қиламан, Аллоҳ жазосини беради, дедим.

Судьяга эса бизнинг авлодимизда бировни уриб, бахтини қорайтирадиган инсон бўлмаганини, урган инсоннинг уйига борганимда кичкина болалари йиғлаб қолганини, қувонган вақтимда уни қаматиш ниятим йўқлигини айтдим. Шундан кейин тўйларга борсам бир-иккитаси муштдан егинг келяптими, деб устимдан кулди. Хўп, ур, кейин сен ҳам унинг аҳволига тушасан дедим.

Шу пайтгача бировга зарарим тегмаган, ҳеч кимнинг ҳаққини емаганман. Бир хил вазиятларда созандаларга уйдан пул олиб чиқиб бераман, шунинг учун бу даражага келганман. Машҳур санъаткорлар ҳеч нарсага осонликча эришмайди, ҳаммасининг тагида меҳнат ётади. Аввал санъаткорни уриш, сўкиш ҳолатлари кўп бўлган. Ҳозир мен айб иш қилдимми, қонун олдида ҳамма қатори жавоб бераман
», — дейди хонанда.

«Менинг битта тўйдан топадиган пулимни бешта тўйдан топадиган санъаткорлар бор»

«Бу нарсани хурсанд бўлиб гапирадиган ҳам, танқид қиладиган ва тўйга чақирмаслик учун атайин айтадиган ҳам бор. Нима қиласан, 2 500-3 000 доллар бериб тўйга чақириб дейишади, бунақа одамлар фақат ўз фойдасини кўзлайди. Битта клипимни суратга олдиртирдим, ҳали эфирга ҳам чиқармадим, 11 000 доллар пул кетди. Тўйни бепул гаплашиб берадиган инсонлар ҳам, бироқ атайин ўзини санъаткорини олиб борадиган инсонлар ҳам бор. Бир хил инсонлар битта тўй учун сўралган пулга 500 доллар қўяди.

Қиммат эмас, шу нархни қўйишимизга сабаб ижод қиламиз. Шу пайтгача айтган нархимизга бормаганмиз. Тўйни гаплашамиз, икки соат эмас, икки ярим соат хизмат қилган пайтларимиз ҳам, сўралган нархдан тушиб берган вақтларимиз ҳам бўлади. Шулардан даромад топмасак, халқимизга қандай қилиб бошқа қўшиқларни етказишимиз мумкин? Менинг битта тўйдан топадиган пулимни бешта тўйдан топадиган санъаткорлар бор, Аллоҳнинг ҳар кимга ўлчаб берган чегараси бор. Биз ҳам буни неча йил кутганмиз. Отамнинг менга қилган сарф-харажатларини ҳали қоплай олмадим. Мени машҳур қиламан деб 10 йил умрини йўқотди. Санъатни тушунадиган одам учун бу нарх қиммат эмас.

Тўйга борсам 800 километр узоқдан келаман, 2 500-3 000 долларга бораман. Машинамга 2 миллионга бензин қуяман, бошқа харажатларим ҳам бор. Шунинг учун ҳар битта созандам ҳам камида 700 минг пул сарфлайди. Уйимнинг олдидаги тўйга бу нархда чиқмайман. Қорақалпоғистонда минг долларга хизматга чиқаман. Қорақалпоғистонда энг кўп радарга тушган бола менман. Шу вақтгача 30 миллион жарима тўладим
», — дейди Осман Наврўзов.

«Любимая» клипидан қанча даромад олгани ҳақида

"Аниқ ҳисоблаб кўрмаганман, лекин 10 фоиз пул сарфлаган бўлсам, 100 фоиз бўлиб қайтган. Ҳозиргача тахминан 50 минг доллар олганман".

Маълумот учун, хонанда Осман Наврўзовнинг «Любимая» таронасига ишланган видеоклип Марказий Осиёда энг кўп кўришлар сонига эга клип ҳисобланади ва у YouTube’да ҳозирга қадар 106 миллион марта кўрилган. Клипда актёр Шаҳзод Султонов ва актриса Мухлиса Қаҳрамонова бош ролларни ижро этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Осман Наврўзов тўйда муштлашиб, иши судгача боргани ҳамда «Любимая» клипидан 50 минг доллар даромад топгани ҳақида