18:21 / 30.08.2023
864

“Ота-онамни набиралик қилолмадим” — хонанда Манзура

“Ота-онамни набиралик қилолмадим” — хонанда Манзура

Фото: Instagram / @manzura_singer

Хонанда Манзура YouTube’даги “Чотки TV” каналига берган интервьюсида турмушга чиқиш борасидаги саволлардан чарчагани ва қандай тоифа эркаклар билан яшолмаслиги ҳақида айтиб ўтди.

— Кўп тилларни биладиган, динимизни қаттиқ эмас, юмшоқ қабул қиладиган, аёлларга меҳрибон эркакларни ҳурмат қиламан. Аёлларга зулм қилиб, фақат уйда ўтирасан, дейиш ярамайди. Аёл киши ҳам эмоционал инсон, унинг руҳиятини синдириб қўйиш осон. Турмуш ўртоғим ўзимга ўхшаган рус табиатли инсон бўлса-да, мусулмон бўлса ва қизиқишларимни ҳурмат қилса, деб ният қиламан. Фақат мол-дунё ва керакмас қадриятлар билан яшайдиган инсонларни унчалик тушунмайман. Масалан, Илон Маск миллиардер инсон бўлса-да, оддий квартирани ижарага олиб яшайди.

Аммо унинг мақсадлари жуда улкан. У Марс сайёрасига бориб, ўша ерда яшашни орзу қилади. У баъзи одамларга ўхшаб, умрини данғиллама уй-жой қуришга сарфлаётгани йўқ. У яратган қанчадан қанча техникалар инсонларнинг оғирини енгил қиляпти. Айтмоқчи бўлганим, эркак кишининг дунёқараши кенг бўлса, аёл киши ҳам унга қараб интилади. Аёл дегани фақат битта мебелни артиб, қозон-товоқни тозалаш билан умри ўтиб кетмаслиги керак. Мен ҳам барча аёллар сингари уй ишларини қилиб зерикиб кетаман. Айтмоқчи бўлганим, эркак ва аёл бир-бирини тўлдириши, олий мақсадлар сари интилиши керак, — дейди хонанда Манзура.

Хонанда феъл-атворидаги баъзи камчиликлар сабаб бир неча йил трендда бўлгани ва бу ҳолат ижодкорларга хос эканлигини таъкидлаб ўтди.

— Эмоционал инсонман, гапириб қўйиб, кейин кўп афсусланаман. Бу аввало аёл кишига, ундан кейин ижодкорларга хос характер бўлса керак. Хўжалигимга борибми, об-ҳавога ўхшаб феъл-атворим ҳам ўзгариб туради. Юлдуз Усмонова ҳам эмоционал инсон. Шу феълим сабаб бир неча йил трендда бўлиб, муҳокамалар марказида бўлганман, — дейди хонанда.

Хонанда Манзура санъаткорлар орасида Дилдора Ниёзованинг шахсий ҳаётига ҳавас қилиши ҳақида айтиб ўтди.

— Дугоналарим орасида турмуш ўртоғи билан бахтли яшаётганлари кўп. Аммо санъаткорлар орасида айнан Дилдора Ниёзованинг оиласига ҳавасим келади. Эр-хотиннинг бир-бирига бўлган муносабати, эркакнинг оиласига қандай вақт ажратишини кўриб “бўлар экан-ку”, деганман.

Эркаклар орасида аёлининг бошқа турмушидан бўлган боласини ҳам ўз фарзандидек меҳр кўрсатаётган, ишни ҳам, оилани ҳам ўз ўрнига қўяётганларни ҳам кўрдим. Бу ҳам ҳавас қилишга арзигулик жиҳат. Чунки эркак киши фақат пул топиши керак деб, бор эътиборини ишига қаратаётган, ҳатто оилавий овқатланишга ҳам вақт топмайдиганлар бор, — дейди хонанда Манзура.

Манзура ота-онасини йўқотганидан кейин тушкунликка тушгани ва қийин кунларни бошдан кечиргани ҳақида айтиб ўтди.

— Ота-онамни йўқотганимдан кейин ҳеч нарсага қизиқишим қолмади, депрессияга тушиб қолдим. Бир уйда тўрт киши яшардик. Ота-онам, опам ва мен. Тасаввур қилинг, тўрт ой ичида иккита инсон вафот этди.

Отам раҳматли Янги йил байрами дастурхонига қўйиладиган оливье салати ва норин таомини яхши кўрарди. Дастурхон тузаб, оила даврасида телевизор кўришни яхши кўрардик. 2018 йилнинг ёзида ота-онамдан кетма-кет айрилдик ва Янги йил дастурхонида Нигина опам билан ёлғиз ўтирибмиз. Бу ҳолат инсон руҳиятига жуда қаттиқ таъсир этар экан. Ҳатто шундай кунлар ҳам бўлдики, уйни таъмирлатиш керак бўлганида шу ишни ҳам қилишни истамадик. Чунки уйнинг ҳар бурчагидан ота-онамнинг юз-кўзлари кўринарди. Уйдаги ҳар бир нарса улар билан боғлиқ хотираларни эслатарди.

Ота-онам билан 40 ёшимга қадар бирга яшадим. Баъзан ҳатто уларни набиралик қилолмадим, деб ўксинардим. Аммо Яратганнинг хоҳиши билан инсон турмушга чиқади, фарзандли бўлади. Самодан никоҳ тушмагунича бир эркакка яқинлашиб бўлмайди. Демак, шундай бўлиши керак эди, деб ўзимни юпатаман.

Ота-онам билан саёҳат қилишни, айниқса, Анталиядаги денгиз соҳилларига боришни ёқтирардим. Аммо ота-онамни йўқотганимдан кейин саёҳатга бориш ҳам кўнглимга сиғмай қолди. Инсон ҳаётида ота-онанинг ўрни катта, афсуски, уларни йўқотгандан кейин буни янада кучлироқ ҳис қиларкансиз, — дейди хонанда Манзура.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Ота-онамни набиралик қилолмадим” — хонанда Манзура