Маданият вазири Озодбек Назарбеков 10 нафар санъаткор ҳақида маълумот берувчи портални яратиш ва амалиётга татбиқ этиш учун салкам ярим миллиард сўм маблағ сарфлаётгани тўғрисида хабар берилганди. Маданият вазирлиги мазкур ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган эътирозларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда фаолият олиб бораётган маданият ва санъат соҳаси вакиллари, уларнинг ижодий фаолияти тўғрисида аҳолига ишончли маълумотларни етказиб берадиган ягона очиқ ахборот тизими мавжуд эмас.
Шунингдек, аҳолининг тўй, маросим ва бошқа тадбирларга ўзлари маъқул кўрган санъаткор, ижодкор ёки ижодий жамоаларни таклиф қилиш истаги бўлса-да, улар билан тўғридан тўғри контакт ўрнатиш, боғланиш ёки режа қилинган куни уларнинг вақти, имкониятини билиш қийинчилик туғдириб келади. Яъни санъаткор ва мухлис ўртасида интеграцион майдон мавжуд эмас.
“Яратилаётган портал энциклопедик хусусиятга эга бўлиб, фақат 10 нафар санъаткорнигина эмас, балки мамлакатимизда ижод қилаётган барча маданият ва санъат соҳаси вакиллари — хонанда-созанда, актёр-актриса, режиссёр, шоир-ёзувчи, сўз усталари, рақс санъати, тасвирий ва амалий санъат вакиллари, аскиячилар, бахши, жиров, оқинлар, цирк артистлари, фолклор жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, эстрада гуруҳлари, оркестр ва хор жамоалари, театр жамоалари тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотлар билан тўлдирилади”, — дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, мазкур онлайн тизим Электрон ҳукуматнинг марказлашган платформаси; санъаткорларнинг лицензияси бор ёки йўқлигини текширишга кўмаклашувчи Адлия вазирлигининг “Лицензия” ахборот тизими ҳамда фойдаланувчиларга санъат ва маданият вакиллари ижодига баҳо бериш, шарҳ қолдириш имкониятини берадиган “Имкон Uzbekistan” ННТнинг “cоmmetа шарҳ” онлайн платформаси билан интеграция қилинади.
Портал орқали маданият ва санъат вакилларини давлат мукофотларига тавсия этишда шаффофликни таъминлаш, жумладан, “Рейтинг баҳолаш” қуйи тизими орқали кенг жамоатчиликнинг шарҳ ва комментларини ҳисобга олиш, ижодкорлар фаолиятини адолатли сарҳисоб қилиш, умумий баҳоларни автоматик равишда ҳисоблаб бориш режа қилинган.
“Вазирлик юқоридаги зарурат ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб ягона очиқ ахборот тизимини яратиш ташаббусини илгари суради. Мазкур портални ишлаб чиқиш харажатлари эса кўп функцияли ва катта маълумотлар базасини ўзи ичига қамраб олувчи янги тизимнинг мураккаб техник вазифаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, оммавий ахборот воситалари вакиллари, кенг жамоатчиликка мазкур портал ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкониятини яратиш учун келгусида вазирлик томонидан брифинг ўтказилади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг