17:13 / 10.12.2023
519

Келиннинг дашномидан йиғлаган момо

Келиннинг дашномидан йиғлаган момо

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Республикамизнинг таниқли ижодкор аёллари билан Самарқандга зиёратга кетаётгандик. Улар орасида шоира Ҳалима Худойбердиева ҳам бор эди. Ёз чилласи, қоқ пешин маҳали бўлгани учун лоҳас бўла бошладик. Сирдарёнинг қайсидир туманига етганимизда автоуловдан тушиб оёғимизнинг чигалини бироз ёзмоқчи бўлдик. «Юринглар, анови дарвозаси очиқ ҳовлига кириб, юз-қўлимизни ювиб оламиз», – деди адибалардан бири.

Биз, тўрт нафар аёл, дарвозадан ҳовлига мўраладик. Супанинг ёнида бошига катта рўмол ташлаган онахон ерга чўккалаганча чойгум тозалаш билан овора экан. «Кирсак майлими?» деб ижозат сўрадик. У бир қўлини пешонасига қўйганча биз томон термилиб турди-да, иккинчи қўли билан «кираверинглар» ишорасини қилди. Онахон билан омонлашиб, ҳовлининг нариги бурчагидаги водопроводдан юз-қўлимизни ювиб олдик. Шу пайт болохона тарафдан бир аёл кишининг жаҳлдор, баланд овозда бақиргани эшитилди:

– Ўлларинг, уятсизлар! Нега бировнинг ҳовлисига бостириб кирасанлар? Жонга тегиб кетди дуч келган йўловчининг ҳовлига кириб келавериши!.. Сиз қаерга қараяпсиз?! Неча марта айтиш керак бегоналарни киргизманг, деб!

Биз хижолат бўлганча бир-биримизга қараб қолдик. Онахоннинг олдига бориб, узримизни билдирдик.

– Хафа бўлманглар, чироқларим, – деди онахон ва бир зумда кўзлари жиққа ёшга тўлди. – Мен ҳовлимга одам кириб келса суюниб кетаман, лекин булар... Келиним ҳали ёш-да, кўп нарсани тушунмайди.

Ҳалима опа онахоннинг елкасига кафтини қўйиб, таскин бера бошлади:

– Онахон, сира хижолат бўлманг. Сиз биздан меҳрингизни аямадингиз, раҳмат. Ёшингиз нечада ўзи?

– Салкам тўқсонда, чироғим... Шошма, овозинг бирам танишга ўхшаяпти? – онахон Ҳалима опага янада тикилиб қаради. – Ие, Ҳалимамисан?!

Онахоннинг ёш оқиб тушган юзларида табассум пайдо бўлди, ғамгин кўзлари бир лаҳзада қувончга тўлди. – Ростдан Ҳалимамисан?

– Менман, онахон, танидингизми?

– Сени танимай бўладими, болам, шеърларингни ёддан биламан-ку... – онахон худди ёш боладек ўзини қўярга жой тополмай қолди.

– Умрингиз узоқ бўлсин, юз ёшдан ўтиб юринг, – деб Ҳалима опа уни бағрига босди.

Онахон билан хайрлашиб ҳовлини тарк этдик.

Бу орада бошқа аёллар унинг бақироқ келинидан хижолат чекиб аллақачон чиқиб кетишганди. Маршрутка машинага ўтириб, узоқлашгунимизча онахон кафтларини пешонасига қўйганча ортимиздан мамнун қараб қолди.

Мен Ҳалима опага тикилдим. У ҳамон хаёлга толганча жилмайиб борарди...

Чекка бир қишлоқда, салкам тўқсонга яқинлашиб қолган, соддагина бир аёлнинг уни дарров таниганидан, шеърларини ёддан билишидан хурсанд эди опа.

Раъно Маҳмудова.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар
Янгиликлар » Маданият » Келиннинг дашномидан йиғлаган момо