Жаҳонгир Хўжаев ўқишдан ҳайдалгани ва Асал Абдуллаевага ўзбек тилидан устозлик қилганини айтди
“Аристократлар” жамоаси сардори Жаҳонгир Хўжаев You tube’даги “Chotki TV” каналига берган интервьюсида нега тадбиркорлик билан шуғулланиши, оиласининг доимий даромади бўлмагани ва Баҳодир Йўлдошев мактабидан ҳайдалгани ҳақида гапирди.
— Ёшлигимдан машҳур санъаткор бўлишни орзу қилганман, аммо пиццахоналар очишни хаёлимга келтирмаганман. Чунки бу ерни кимнидир пулига очмаганман, ҳомийим йўқ. Ҳатто, мана шу пиццахонанинг очилишида ўзимга-ўзим “Шу ишни уддалай олдим-а?” деб йиғлаб олганман.
Холам Мавлуда Асалхўжаева ҳар доим “Тўйга қараб қолмаслик учун санъаткорнинг бирор бизнеси бўлиши керак”, деб кўп айтади. Санъаткорлар оиласида улғайганим учун ҳам бу ҳолатни жуда яхши биламан. Санъаткорлар оиласида шунақа кунлар бўладики, Рамазон ойида уйда бир сўм пул бўлмай қолиши мумкин. Онам мактабга кетаётганимизда кам пул бериб “Вазиятимиз шундай, амаллаб ишлатиб турасизлар”, дерди. Ўшанда нега санъаткорлар доимий даромадга эга эмас деб кўп ўйлардим. Кўп санъаткорлар, халқ артистлари ижара уйда яшайди. Ёки бир хонали уйда туради. Ўшанда мен тадбиркорлик билан шуғулланаман ва санъатимни пулга алмашиб юбормайман, деб ният қилгандим. Санъаткорнинг муқобил даромади йўқ, шунинг учун ҳам у инсонлар бу ой пулни етказа оламанми ёки йўқми деган ҳавотир билан яшайди. Шу сабаб ҳам қўшиқчи бўлмаганман. Хонанданинг асосий даромади тўйдан бўлгани учун у ҳамиша ким хизматга айтаркин, деб кутиб яшайди.
15-16 ёшимда ошхона бизнесини йўлга қўяман, деб режа қилардим. Институтда ўқиб юрган пайтимда Юсуф исмли синфдошим Хитойдан ўқиб қайтди. У тадбиркорлик билан шуғулланиш таклифини берди. Бошида албатта қийинчилик бўлган. Текшир-текширлар, негативлар жуда кўп бўлган. Пиццахона фаолияти бунчалик ривожланиб кетади, деб ўйламагандим. Мижозлар кўплигидан жамоадаги йигитлар билан бодринг тўғраб ўтирган кунларимиз ҳам бўлган, — дейди Жаҳонгир Хўжаев.
Жаҳонгир Хўжаев режиссёр Баҳодир Йўлдошев мактабидан ҳайдалганида кўзига ёш олгани ҳақида ҳам айтиб берди.
— Коллежда ўқиб юрганимда, Баҳодир Йўлдошев ижод мактабига қабул қилингандим. У ерда қонун-қоидаларга жиддий амал қилинарди. Яъни уч марта дарс қолдирсангиз, мактабдан ҳайдаласиз. Кеч қолсангиз эса ғазал ёдлаб бериш керак. Ғазал ёдлаш мен учун қийин эди, чунки бугун ёдлаган шеърим эртаси куни эсимдан чиқиб қолади. У ерда тартибга шунчалик жиддий қаралардики, оддий дарс вақтида кулиб юборгани учун ҳам ҳайдалганлар бор. Хуллас, икки ярим йил ҳафтасига етти кун дарсларга қатнаганман ва икки кун дарс қолдирганман. Коллеждан 58-автобусга ўтириб, машғулотга борардим. Тинимсиз ҳаракат сабаб жуда озиб кетгандим, умуман ҳаловатим йўқ эди. Институтга ўқишга кириб, имтиҳон сабаб бир кун дарсга боролмадим. Шу билан қолдирилган дарслар сони учтага етди. Машғулотга келсам “Сиз ўқишдан ҳайдалдингиз”, дейишди. Ишонасизми, ўша ерда йиғлаб юборганман. Вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилганман, аммо фойдаси бўлмаган. Йиғлаб Марказ 1 дан то Чилонзорга қадар пиёда кетганман. Эртаси куни ўқишдан ҳайдалганим эсимда йўқ, яна машғулотга келганман. Чунки ҳар доим ўша соатда Баҳодир Йўлдошевнинг ижод мактабида бўлиш одат тусига айланиб қолганди, — дейди Жаҳонгир Хўжаев.
Жаҳонгир Хўжаев илк марта турмуш ўртоғи Асал Абдуллаева билан қандай танишгани ҳақида сўзлаб берди.
— “Dance” деган кўрсатувимиз бор эди. Асал бошловчиликка кастинг асосида келган. Уни умуман танимасдим. Ростини айтсам, аввалига Асал ўзбек тилида гапиришга жуда қийналган. Чунки у рус тилида таҳсил оларди. Унга устозлик қилиб, ўзбекчани ҳам ўргатганман. Шу билан муносабатларимиз яқинлашган, — дейди Жаҳонгир Хўжаев.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг