Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг кўп жилдли «Танланган асарлар»и тақдимоти бўлиб ўтди.
Очиғи, уюшмада китоб тақдимотлари кўп ўтказилади, аммо бу тадбир бошқача бўлди. Катта мажлислар залида ўтиришга жой қолмай, айримларнинг тик туришига тўғри келди. Унда кекса ва ёш шоирлар, ўқитувчи ва мураббийлар, талабалар, олимлар, рассомлар, умуман, кўп сонли ижодкорлар жам бўлишди.
Тадбирни уюшма раиси Сирожиддин Саййид олиб борди. У шоирнинг ўзбек адабиёти, хусусан, шеъриятига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, адабиётшунос олимлар Қозоқбой Йўлдошев, Каромат Муллахўжаева, Нурбой Жаббор, шоир Мирзо Кенжабек ва бошқалар сўзга чиқишди.
Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Дилноза Кубаева улкан гулдастани Усмонга Азимга тақдим этиб, унинг шеърларидан ўқиб берган бўлса, халқ артисти Маҳмуд Намозов дилбар ва шўх қўшиқлари билан барчани хушнуд этди.
Маълумот учун: Усмон Азимнинг ушбу «Танланган асарлар»и Ғафур Ғулом нашриёти томонидан чоп этилган. У жами 12 жилд бўлиб, ҳозирча 7 таси нашр қилинган.
Китоб сифатли, аммо сўзга чиққан шоир Эшқобил Шукур Усмон Азимнинг «Танланган асарлар» китобига қуйидагича ўз фикрини билдирди.
– Бу китобга эътирозим бор, – деди у. – Хўш, нима учун «Танланган асарлар» деб қўйилган? Наҳотки Усмон аканинг танланмайдиган асарлари ҳам бўлса?..
– Мана шу гап жуда тўғри айтилди, – деди Усмон Азим кулиб.
Қарсаклар чалинди.
А.Фатҳуллаев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг