11:40 / 01.07.2024
136

Жиззахда ўтган II Халқаро мақом санъати фестивалининг энг яхшилари тақдирланди

Жиззахда ўтган II Халқаро мақом санъати фестивалининг энг яхшилари тақдирланди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида тўрт кун давомида ЮНEСКО ва АЙСEСКО шафелиги остида II Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилди. Ва ниҳоят бугун анжуман иштирокчилари ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди.

Яъни жаҳоннинг 16 та давлатларидан (Озарбайжон, Қирғизистон, Хитой, Марокаш, Туркманистон, Иордания, Япония, Тожикистон, Эрон, Тунис, Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Туркия, Қатар, Ўзбекистон) 95 нафар мақом ижрочиларининг энг саралари танлов ғолиби бўлдилар.

Халқаро танлов иштирокчиларини Тожикистон, Озарбайжон, Миср, АҚШ, Ҳиндистон,Туркия ва Ўзбекистондан бўлган ҳайъат аъзолари учта номинация – «Энг яхши мақом ансамбли», «Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси», «Энг яхши яккахон хонанда» йўналишлари бўйича баҳоладилар.

Кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланди:

«Гран-при» – 15 000 АҚШ доллари – Эрон «Форс» ансамбли солисти Али Асғар Арабшоҳий

1-ўрин:

– яккахон ижрочи (хонанда ёки созанда) – 10 000 АҚШ доллари, Тожикистон миллий консерватория гуруҳи солисти Хуршид Иброҳимзода.
– ансамбл жамоаси учун – 10 000 АҚШ доллари, Ўзбекистон миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги мақом хонандалари ансамбли

2-ўрин – қуйидаги номинациялар бўйича:
– яккахон ижрочи (хонанда ёки созанда) – 7 000 АҚШ доллари, Туркия Чидем Гурдал
– ансамбл жамоаси учун – 7 000 АҚШ доллари, Ўзбекистон мақом маркази, Жиззах вилояти ҳудудий бўлими мақом ансамбли.

3-ўрин – қуйидаги номинациялар бўйича:
– ансамбл жамоаси учун – 5 000 АҚШ доллари, Хитой Халқ Республикаси Шинжон бадиий театри, мақом бадиий труппаси
– яккахон ижрочи (хонанда ёки созанда) – 5 000 АҚШ доллари Ҳиндистон, Али Амжад Хон

Шунингдек, анжуман доирасида фаол ижрочиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган «Энг яхши мақом хонандаси», «Энг яхши мақом созандаси», «Энг яхши мақом устози», «Энг яхши мақом тарғиботчиси», «Энг яхши ёш мақомчи», «Энг яхши мақом бастакори» каби номинациялар бўйича иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигининг рағбатлантирувчи совға ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ғолибларни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевлар тақдирлашди.

Шу билан бирга анжуманнинг ҳар бир иштирокчисига «Халқаро мақом санъати анжумани иштирокчиси» сертификати тақдим этилди.

Ҳар бир ғолибни эълон қилишдан ва қутлашдан олдин турли мамлакатлардан келган соҳир овоз соҳиблари томонидан энг сара мақом асарлари ижро этилди. Озарбайжон, Тожикистон, Туркиядан келган мақомчилар ҳамда «Ўшал дамлар», «Сабъаи Сайёр», «Дилбарим», «Қашқарчаи ушшоқ», «Лазги», «Дунё мақоми» каби маданий меросимиздан ўрин олган қўшиқлар яна бир бор бугунги анжуманнинг файзига файз қўшди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жиззахда ўтган II Халқаро мақом санъати фестивалининг энг яхшилари тақдирланди