09:39 / 27.01.2025
147

Маданият вазирлигига қандай янги ваколатлар берилмоқда?

Маданият вазирлигига қандай янги ваколатлар берилмоқда?
Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жонли ижро санъатини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланганди. Қонун билан Маданият вазирлигининг жонли ижро санъатини ривожлантириш, санъаткор, ижодкор ҳамда ижрочиларни қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ваколатлари белгиланмоқда.

Жумладан, давлат маданий концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда жонли ижро ёки фонограммадан фойдаланиш даражасини ҳамда усулларини белгилаш, ижрочилар томонидан фонограмма ва муаллифлик асарларидан фойдаланишда амалдаги қонунчиликка риоя этишларини мониторинг қилиш ҳамда миллий санъат ва маданият нуфузини оширишга хизмат қилаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Қонун билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан концерт-томоша тадбирининг дастурида ижрочилар ва асар муаллифлари кўрсатилиши шарт эканлиги ҳамда концерт-томоша тадбири рекламасида фонограммадан фойдаланиш даражаси тўғрисидаги ахборот умумий реклама майдонининг (сатҳининг) камида ўн фоизини ташкил этиши тўғрисидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу томошабинларнинг ўз танловини онгли равишда қабул қилишига ёрдам беради. Қайси хонанда айтяпти, ким мусиқасини ёзган, қанчалик жонли, қанчалик фонограмма – ҳаммаси аниқ ва шаффоф бўлади.

Мажлисда қайд этилишича, янги нормаларнинг амалиётга жорий этилиши мусиқа соҳаси янада ривожланишига, янги истеъдодлар кашф этилишига, ўзининг ҳақиқий жонли овози бўлган хонандалар ва созандалар фаолияти кенг рағбатлантирилишига хизмат қилади.

Ўзбекистонда жонли ижрони рағбатлантириш мақсадида санъат вакилларига имтиёзлар бериб келинмоқда. Бунинг натижасида кенг жамоатчилик, хусусан ёшлар ўртасида эстрада санъатига қизиқиш кучайиб бормоқда. Хусусан, президентнинг 2020 йил 26 майда “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий қилинган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият