date
views 5 753

Юлдуз Усмонова юракларни ларзага солган ижроси билан Ширин Абдуллаева хотирасини ёд этди

Юлдуз Усмонова юракларни ларзага солган ижроси билан Ширин Абдуллаева хотирасини ёд этди
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўзининг ҳис-ҳаяжонга тўла янги ижросини тақдим этди. Бу қўшиқ 3 ой аввал бор-йўғи 19 ёшида ҳаётдан кўз юмган ва бутун мамлакат аҳлини йиғлатган Ширин Абдуллаева хотирасига бағишланган.

Қўшиқнинг сўзлари Шириннинг онаси Гулноз Абдуллаева томонидан ёзилган бўлиб, унда фарзандига бўлган чексиз соғинч, бағри сўлган онанинг дарди ва энди ҳеч қачон ортга қайтариб бўлмайдиган ажралиш изтироби акс этган. Юлдуз Усмонова ўзининг таъсирчан овози билан бу сатрларга янгича руҳ ва ҳис бағишлаган:

“Қўл узатсам етмас жойдасан,
Сени қучган бағрим ҳам бўм-бўш.
Кўкда кулиб турган ойдайсан,
Бу рўёми, ёки гўё туш...”

Бу қўшиқни эшитиб, кўпчилик кўз ёшларини тута олмади. Юлдуз Усмонованинг ижроси фақат Шириннинг яқинларини эмас, балки бутун халқни ларзага солди. Ижтимоий тармоқларда қўшиқ ижросининг видеоси тез орада кенг тарқалиб, одамларнинг қалбларига етиб борди ва кўплаб юртдошларимизнинг ҳис-туйғуларига жавоб бўлди.

Ширин Абдуллаева ёш бўлишига қарамай, кўплаб инсонларнинг юрагидан жой олган, унинг ёруғ хотираси ҳеч қачон унутилмас. Юлдуз Усмонова томонидан ижро этилган ушбу қўшиқ эса абадий ажралган фарзандини соғинган ҳар бир она учун ҳиссиётларга тўла чинакам дил изҳоридир.

Шириннинг руҳи шод, жойлари жаннатда бўлсин...
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонова юракларни ларзага солган ижроси билан Ширин Абдуллаева хотирасини ёд этди