"Гарри Поттер" ҳақидаги янги сериалнинг биринчи мавсуми 8 қисмдан ташкил топади. Бу ҳақда сериалнинг суратга олиш ишлари билан шуғулланаётган машҳур оператор Адриано Голдман маълум қилди. У ўз фикрларини Бразилиянинг Forbes нашрига берган интервьюсида баён этди, деб хабар берди Peopletalk.
Голдманнинг сўзларига кўра, у биринчи ва охирги икки қисмни суратга олади. Умуман, сериал устида уч нафар оператор-постановщик иш олиб бормоқда.
“Менинг ранглар билан алоҳида муносабатим бор. Режиссёр Марк Майлодга менинг иш услубим ва айниқса ранглар ҳақидаги қарашларим ёққан. Фикримча, бу сериал визуал жиҳатдан янада ёрқин бўлиши керак”, – дейди Голдман.
2023 йил баҳорида “Гарри Поттер” оламини қайта экранизация қилиш режалаштирилаётгани ҳақида расман эълон қилинганди. Лойиҳа HBO ҳамда HBO Max стриминг платформаларида намойиш этилади. Тўлиқ сериал етти мавсумдан иборат бўлади — ҳар бир мавсум Жоан Роулинг қаламига мансуб китоблар асосида яратилади.
Сериалда бош қаҳрамонлар ролига ҳам янги актёрлар жалб этилди. Доминик Маклафлин — Гарри Поттер, Арабелла Стэнтон — Гермиона Грейнджер, Аластер Стаут эса Рон Уизли образини гавдалантиради.
Сериал устидаги ишларда таниқли шахслар иштирок этмоқда. Улар орасида “Гарри Поттер” оламини яратган Жоан Роулинг, шунингдек, Франческо Гардинер, Нил Блэр, Рут Кенли-Леттс (Brontë Film and TV) ва Дэвид Хейман (Heyday Films) каби тажрибали продюсерлар бор.
Сериалнинг илк мавсуми 2027 йилда томошабинларга тақдим этилиши режалаштирилган. У HBO ва HBO Max платформалари орқали намойиш этилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!