Франциянинг машҳур актёри, 76 ёшли Жерар Депардье, яна зўрлаш ва жинсий тажовуз айбловлари билан судга тортилмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри маълум қилди.
Депардье устидан шикоят қилган актриса Шарлотта Арноулд унинг собиқ дўстининг қизи бўлиб, актёрни болалигидан таниганини айтади. Унга кўра, 2018 йил ёзида, 22 ёшида Париждаги актёрнинг уйида икки бор тажовузга учраган. Шундан сўнг актриса Франция жанубидаги жандармерияга мурожаат қилган.
“Етти йил давомида даҳшат ва азобни бошдан кечирдим. Бу жараённинг нақадар оғирлигини тушуниш қийин бўлди. Аммо ариза ёзгач, енгил тортгандек бўлдим”, — дея ёзди у ижтимоий тармоқларда.
Депардье эса барча айбловларни қатъиян инкор этиб, воқеалар ўзаро розилик асосида бўлганини таъкидлайди. У 2023 йил кузида Ле Фигаро газетасида чоп этилган очиқ мактубида: “Мен ҳеч қачон, ҳеч қандай ҳолатда аёлни зўрламаганман”, дея ёзган эди.
Бироқ актёр аввалроқ ҳам бошқа жиноятлар бўйича айбдор деб топилган. Рассом Амели, 53 ёшли продюсер ва 33 ёшли режиссёр ёрдамчисига нисбатан ҳақоратли ва безорилик хатти-ҳаракатлари учун унга суд ҳукми чиққан.
2025 йил май ойида эса Депардье икки аёлга нисбатан зўравонлик қилгани учун 18 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, унга икки йил давомида фуқаролик ҳуқуқларидан, жумладан сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси қўлланилди. Бундан ташқари, актёр жинсий жиноятчилар рўйхатига ҳам киритилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!