Исроилда фаластинлик боланинг ҳаётини тасвирлаган “Денгиз” фильми мамлакатнинг нуфузли “Офир” мукофотини қўлга киритди ва йилнинг энг яхши фильми сифатида эътироф этилди. Шунингдек, ушбу картина 2026 йилги “Оскар”нинг “Энг яхши халқаро фильм” номинациясига Исроил томонидан тавсия этилиши режалаштирилган.
Бироқ маданият вазири Мики Зоҳар бу қарорни танқид қилиб, кино соҳасига давлат маблағлари ажратилмаслигини билдирган. Унинг фикрича, фильмни мукофотлаш “Исроил аскарларига нисбатан ҳақорат” сифатида қабул қилиниши мумкин.
Фильмда Ғарбий соҳилда яшовчи 12 ёшли фаластинлик болакайнинг денгизни кўриш орзуси акс этган. У Тель-Авивга йўл олади, аммо назорат-ўтказиш пунктида тўхтатилади. Шунга қарамай, у яширинча Исроилга кириб, у ерда меҳнат қилаётган отасини излайди. Бош қаҳрамон образини ижро этган 13 ёшли Муҳаммад Ғаззовий “Энг яхши актёр” мукофотига сазовор бўлиб, бу совринни қўлга киритган энг ёш актёрга айланди.
Исроил Кино ва телевидение академияси раиси Асаф Амир эса вазирнинг сўзларига жавобан: “Ғазо уруши оғир оқибатларга олиб келаётган бир пайтда қарши томоннинг оғриқларини ҳис қилиш — умид уйғотади”, деди.
Айни пайтда минглаб Голливуд ижодкорлари Исроил киноташкилотларини бойкот қилаётганини эълон қилди. Улар мамлакатни “геноцид содир этишда” айбламоқда. БМТ тергов комиссияси ҳам Исроилни Ғазода геноцид уюштирганликда айблади, аммо Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу даъволарни рад этиб, уларни “асоссиз ва сохта” деб баҳолади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!