Unreal Engine 5да Harry Potter 1 ремейки намойиш этилди

MattShadd тахаллуси билан танилган мустақил дастурчи 2001 йилда PCда чиққан Harry Potter and the Philosopher’s Stone ўйинининг фан-ремейки устида ишлаётгани ва унинг жараёнидан янги gameplay парчаларини кўрсатди. Лойиҳанинг қисқа номи HP1R бўлиб, у Unreal Engine 5 имкониятларида қайта қурилмоқда. Муаллиф бу оддий “графикани янгилаш” эмас, балки нолдан ёзилаётган тўлақонли ремейк эканини алоҳида таъкидлайди. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Энтузиастнинг асосий мақсади оригинал кайфиятни сақлаган ҳолда замонавий технологияларни қўшиш: мато ва соч физикаси, силлиқ анимациялар ҳамда илғор shaderлар. Ҳозирча у эски даражалардаги статик ва динамик моделларни янги муҳитга кўчириб бўлган, диалогларнинг аудиоёзувларини ҳам интеграция қилган. Шунингдек, UE 5.4 намуналари асосида паркур тизими ва зарба/зарар олиш механикаси ишламоқда.
Визуал эффектлар ҳамда қаҳрамонларнинг тутуми лойиҳанинг энг кўп эътибор берилган қисмига айланган. Сеҳр-жодулар учун Hogwarts Legacy услубини эслатувчи из қолдирадиган ва портлашли янги партикл эффектлар яратилган. NPСлар жангдан ташқарида “жанговор ҳолатда” қотиб турмаслиги учун алоҳида тиним анимацияларига эга бўлган. Сеҳр ўрганиш мини-ўйини ҳам қайта тикланган: ўйинчи белгиланган вақт ичида курсор билан шакл бўйлаб юритиши керак.
Муаллиф тасвир сифатини ошириш учун текстураларни нейротармоқлар ёрдамида қайта ишлаган, Хогвартс деворларидаги портретлар эса ҳаракат анимациясига эга бўлган. Техник томонда сақлаш (save) тизими жорий этилиб, у даражалар орасида ўтганда интерактив объектлар ҳолатини Bethesda ўйинларидаги тамойилга ўхшаш тарзда эслаб қолади. Катссена ва диалоглар учун махсус тизим ишлаб чиқилган, репликаларни ўтказиб юбориш ҳам мумкин.
Душманлар қаторида пиксилар учун сунъий интеллект тайёр: уларга учиш механикасини бошидан ёзишга тўғри келган. Бундан ташқари, гномлар билан тўқнашувлар ҳам ишламоқда. Ўйинда графика созламалари мавжуд бош меню ва сақланган файлларни юклаш функцияси аллақачон фаол.
Ишлаб чиқувчи лойиҳа муаллифлик ҳуқуқларини бузиши мумкинлигини очиқ тан олади ва ремейк фақат кўнгилочар ҳамда ўқув мақсадларида яратилаётганини айтади. У ҳуқуқ эгаларидан келиши эҳтимол бўлган блоклаш хавфини ҳам инобатга олаётганини билдирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!