Зайд номидаги инсоний биродарлик мукофоти 2026 йилги лауреатлари эълон қилинди

2026 йилги Зайд номидаги инсоний биродарлик халқаро мукофоти Арманистон ва Озарбайжонга, шунингдек, афғонстонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зарка Яфталига топширилади. Бу ғолиблар ушбу глобал ташаббус тарихида илк бор Кавказ ва афғон халқи вакиллари сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Ҳакамлар ҳайъати Арманистон ва Озарбайжон ўртасида имзоланган тарихий тинчлик келишувини ўн йиллаб давом этган можарони якунлаш, гуманитар изтиробларни камайтириш ҳамда муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган энг муҳим мулоқот жараёнларидан бири сифатида баҳолади. Мукофот бош котиби, судья Мохамед Абделсалам бу натижа икки халқ учун хавфсиз келажак пойдеворини қўйишини таъкидлади.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян мукофотни ҳукумат ва жамиятнинг умумий саъй-ҳаракатлари тан олиниши, деб атади. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса халқаро ҳайъат тинчлик йўлидаги ташаббусларни қадрлагани бутун минтақа учун алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Иккинчи лауреат Зарка Яфтали аёллар ва болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги жасорати учун тақдирланди. Унинг фаолияти 100 мингдан ортиқ кишини таълим ресурслари ва психологик кўмак билан таъминлашга ёрдам берди. ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Расселл Яфталининг тинимсиз етакчилигини эътироф этди, ҳуқуқ ҳимоячиси эса бу ғалаба афғон аёллари учун кучли умид хабари бўлишини айтди.
Ғолибларни мустақил халқаро ҳайъат танлади. Ҳайъат таркибига Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Европа кенгаши собиқ президенти Шарл Мишел, Африка иттифоқи комиссиясининг собиқ раиси Мусса Факи Мохамат, ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Расселл, Муқаддас Тахтнинг маданият ва таълим дикастерияси префекти кардинал Хосе Толентино де Мендонса ҳамда мукофот бош котиби судья Мохамед Абделсалам кирди.
Саида Мирзиёева лауреатлар эълон қилиниши тинчлик ва инсон қадр-қимматига садоқатни ифодалаётгани, халқаро ҳамжамиятга янги умид беришини таъкидлади.
Мукофот топшириш маросими 4 февраль 2026 куни — Халқаро инсоний биродарлик кунида бўлиб ўтади. Тадбир Абу-Дабидаги Асосчи мемориалида, соат 18:00 да (Тошкент вақти билан) бошланади.
Шайх Зайд бин Султон Ал Наҳаённинг гуманитар мероси ҳамда Папа Франциск ва Ал-Азҳар буюк имоми Аҳмад Ал-Тайеб имзолаган қўшма ҳужжатдан илҳомланган ушбу мукофот 2019 йилдан буён дунёнинг 19 мамлакатидан 19 нафар лауреатни тақдирлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!