“1000 доллар топиб, 100 доллар солиқ тўлолмайсанми?” — Даврон Эргашевнинг кескин саволи баҳс уйғотди

“1000 доллар топиб, 100 доллар солиқ тўлолмайсанми?” — Даврон Эргашевнинг кескин саволи баҳс уйғотди
Қисқача

Хонанда Даврон Эргашев юқори даромад топиб, солиқ тўлашдан норози бўлаётган ҳамкасбларини кескин танқид остига олди. У айниқса тўйлардан катта гонорар оладиган санъаткорлар учун давлатга солиқ тўлаш мажбурият эканини ва бундан бўйин товлаш уятли ҳолат эканини таъкидлади. Эргашев оддий меҳнаткашлар ҳам солиқ тўлашини мисол келтириб, юқори рейтингли хонандаларни масъулиятли бўлишга чақирди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти санъаткорнинг ушбу фикрларини қўллаб-қувватламоқда.

Ижтимоий тармоқларда Даврон Эргашевнинг чиқиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У ўз нутқида айрим хонандалар яхши даромад топса ҳам, солиқдан норози бўлаётган санъаткорларни кескин танқид қилди.

Санъаткорнинг таъкидлашича, у бу фикрларни айнан даромади юқори бўлган, тўйларда катта гонорар оладиган хонандаларга қаратган:

“Мен изоҳларни ўқидим. Кўпчилик салбий фикр билдирганлар орасида маҳаллий хонандалар ҳам бор. Лекин мен бу гапларни айнан рейтинги баланд, тўйларга 6 миллион сўмдан юқори нархда чиқадиган хонандаларга айтгандим. Бу ҳаммага тегишли эмас”, — деди у.

У шунингдек, солиқ масаласига бепарво қарашни уятли ҳолат сифатида баҳолади:

“Оддий кўчадаги пистачи ҳам солиқ тўлайди-ку, нега биз — санъаткорлар — тўлай олмаймиз? Агар 1000 долларга тўйга борсангиз, камида 100 доллар солиқ тўлаш қийинми? Бу уят эмасми?” — дея кескин савол қўйди Эргашев.

У нутқини қисқа якунлаб, бошқа қўшимча қилишни истамаслигини билдирди. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда эса кўпчилик унинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, масалага жиддий ёндашиш кераклигини таъкидлади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар