Шварценеггер Сильвестр Сталлонесиз «Тутқич бермас» фильмининг навбатдаги қисмида суратга тушишдан бош тортди

  • 8-04-2017, 15:10
  • 1 443
  • Маданият
  • Америкалик актёр Арнолд Шварценеггер «Тутқич бермас» (The Expendables) фильмининг навбатдаги қисмида суратга тушмайди. Бу ҳақида Entertainment Weekly нашрига таяниб, «Сегодня» хабар берди, деб ёзади "Дарё.уз" нашри.

    Бунга лойиҳадан актёр ҳамда режиссёр Сильвестр Сталлоненинг кетганлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

    «Тутқич бермас» фильми Сталлонесиз бўлиши мумкин эмас. Мен ҳеч қачон усиз фильмга тушмайман», — дейди Шварценеггер.

    Сталлоне ва продюсерлар ўртасида фильмнинг навбатдаги қисмига режиссёр танлаш ҳамда сценарий борасида можаро келиб чиққан.

    Сталлоне фильмнинг бундан олдинги учта қисмида асосий рол ижрочиси ҳамда сценарий муаллифларидан бири бўлган, шунингдек, фильмнинг биринчи қисмига ўзи режиссёрлик қилган эди.

    Шварценеггер ҳам фильмнинг бундан олдинги қисмларида асосий персонажлардан бирини ўйнаган. Унинг сўзларига кўра, фильмнинг тўртинчи қисмини суратга олиш ишлари август ойига режалаштирилган, аммо актёр ҳали сценарийни ўқимаганини, ҳатто сценарий ёзилганлигига ҳам ишончи комил эмаслигини айтган.

    » » Шварценеггер Сильвестр Сталлонесиз «Тутқич бермас» фильмининг навбатдаги қисмида суратга тушишдан бош тортди