11:27 / 14.04.2017
22 383

Аслида аниқ туғилган куни номаълум Шерали Жўраев 70 ёшини тантанали нишонлади

Аслида аниқ туғилган куни номаълум Шерали Жўраев 70 ёшини тантанали нишонлади
Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 12 апрель куни 70 ёшни қаршилади. 13 апрелда пойтахт Тошкентдаги “Версал” тўйхонасида санъаткорнинг юбилейига бағишланган оқшом ўтказилди, деб ёзмоқда Qalampir.uz сайти.

Унда ўзбек санъати намояндалари — Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, Обид Асомов, Ҳосила Раҳимова, Гулсанам Мамазоитова ва бошқалар иштирок этиб, устоз ижодкорни табриклашди.

Базмни Муслимбек Йўлдошев, Раъно Жўраева, Фатхулла Маъсудов, Нилуфар Сотиболдиева ҳамда Анвар Азимов олиб боришди.

Таъкидлаш жоиз, 1947 йил Асакада туғилган Шерали Жўраевнинг қайси кунда таваллуд топгани аслида номаълум. Қўшиқчи 12 апрелни рамзий равишда ўз туғилган куни сифатида нишонлайди. Санъаткор ушбу санани танлашига Каъбага 12 апрель куни борганини сабаб қилиб кўрсатган.

Табиатан ширали овозга эга Шерали Жўраев репертуари кўп қиррали ва ранг-барангдир. Қўшиқларининг асосини Шарқ мумтоз (Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Саъдий Шерозий, Ҳофиз, Машраб, Огаҳий, Жалолиддин Румий, Жомий ва бошқалар) ҳамда замонавий (Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқалар) шоирларнинг шеърлари ташкил этади.

Хонанданинг “Ўзбегим” қўшиғи 2005 йилда World Music Network томонидан чиқарилган “Ўрта Осиё мусиқаси бўйича умумий қўлланма” альбомига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, Шерали Жўраев кўп йиллар давомида телевидение ва радиодан узоқлашган эди. Бироқ 2017 йилнинг 15 январь куни “Миллий ТВ” телеканалидаги “Парижон” номли қўшиғи намойиши билан эфирларга қайтди.

Қолаверса, шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали Шерали Жўраев концерт дастури тақдим этиш учун қизғин тайёргарлик кўраётганини хабар берган эди. Ҳали ҳамон концерт ҳақида бошқа хабар йўқ.

Маълумот ўрнида, Шерали Жўраев 1991 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Аслида аниқ туғилган куни номаълум Шерали Жўраев 70 ёшини тантанали нишонлади