“Годзилла Конгга қарши” филми қаҳрамони Кайли Хоттл 18 ёшида ҳаётдан кўз юмди

"Годзилла Конгга қарши" картинасининг Жиа образи орқали танилган актриса Кайли Хоттл 18 ёшида автоҳалокатда ҳалок бўлди. Эшитиш имконияти чекланган ёш актриса Мэриленд штатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан кейин шифохонага етказилган.
Ҳодиса сешанба куни тунги соат 03:00 ларда Ижамсвиллда юз берган. Кайли ўтирган машина йўлдан чиқиб кетиб, сув ўтказгичга урилган. У оғир аҳволда вертолёт орқали шифохонага олиб борилган, бироқ кўрсатилган ёрдамга қарамай вафот этган.
Автомобилни бошқарган 19 ёшли ҳайдовчи енгил жароҳатланган. Машинадаги бошқа йўловчи тиббий ёрдам олишни истамаган. Полиция тезлик меъёрдан оширилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Кайлининг отаси Жошуа Хоттл ҳайдовчини кечирганини билдириб, бу фожиа унинг бутун ҳаётини барбод қилмаслиги кераклигини айтди. Кайли "Годзилла ва Конг: Янги империя" фильмида ҳам Жиа ролини ижро этган. У экранда Конг билан имо-ишора тили орқали мулоқот қилган қаҳрамон сифатида мухлислар хотирасида қолди. Ёш актрисанинг кутилмаган ўлими ҳақидаги хабар кино мухлислари орасида қайғу уйғотди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳодисани текширишни давом эттирмоқда. Ва қўшимча далилларни ҳам ўрганмоқда.































Изоҳлар 0
…