12:59 / 07.06.2017
9 767

Азиз Раметов — ўзи суратга олган «Арслон изидан» ҳақида

Азиз Раметов — ўзи суратга олган «Арслон изидан» ҳақида
Азиз Раметов томонидан суратга олинган ва 13 майдан катта экранларга чиққан «Арслон изидан» фильми салкам бир ойдан бери кинопрокат етакчиларидан бири бўлиб турибди. Фильм жанг саҳналарига бой, унда компьютер графикасидан фаол фойдаланилган.

Картинага нафақат режиссёрлик қилган, балки унда бош ролни ҳам ижро этган Раметов мақсад — «ўзбек киноси ривожига ҳисса қўшиш» эканини таъкидлайди ва томошабин бу фильмни кўриш давомида «телефонига чалғимаслиги кераклиги»ни айтади.

Азиз Раметов журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида суратга олиш ишлари қанчалик машаққатли кечгани ҳақида сўзлаб берди.

«Тасвирга олиш ишлари беш йил аввал АҚШда бошланган эди»

Фильмни тайёрлаш жараёни 2012 йил АҚШга сафаримиз вақтида бошланган эди. Тасвирга олиш жараёнида энг қийналган нуқтамиз компьютер графикаси бўлди.

Фильмда жанг саҳналарини Наримон Султонхўжаев суратга олди, драма эпизодларига Баҳром Бердиев операторлик қилди, бошқа бир жараёнларни Жасур Шаметов ҳамда Шуҳрат Мавлонов съёмка қилиб берди.

Ҳар бир йўналишга, эпизодга ўша йўналишнинг моҳир оператор ва монтажчиларини жалб қилганимиз учун ҳам фильмнинг тайёр бўлишига узоқ вақт кетди. Драматургия масаласида ҳам кўп қийинчиликларга учрадик, уларни Тоҳир Малик, Рихсивой Муҳаммаджонов сингари устозларимиз орқали енгиб ўтдик.

«Фильм учун учта машинамни сотдим»

Бу фильмни суратга олиш учун нафақат кўп вақт, балки кўп пул сарфлангани рост. Лекин бунинг учун, миш-мишларда айтилганидек, уйимизни гаровга қўйганимиз йўғу, аммо учта машинамни сотдим.

Бундан ташқари, Москва суратга олинаётган фильмларда катта гонорар эвазига суратга тушаман — ўша маблағларни ҳам «Арслон изидан»ни суратга олиш учун тикдим. Дубай, Истанбулда олинган саҳналарга ҳамкорларимиз ҳомийлик қилишди.

«Бадиий кенгаш менинг фильмимни энг яхши деб баҳолади»

Фильм ўзига ишлатилган пулни оқлай олмаса, режиссёрликни давом эттираманми ёки йўқ? Аввало, «Арслон изидан» пул топиш мақсадида суратга олинмаган.

Асосий мақсад — яхши фильм суратга олиш ва ўзбек киноси ривожига ҳисса қўшиш. Бадиий кенгаш аъзолари йил давомида кўрган 42 картина орасида менинг фильмимни энг яхши, деб баҳолади.

«Арслон изидан» томошабинни зийрак бўлишга чорлайдиган фильм — бир дақиқа телефонига ёки бошқа бир нарсага чалғиса, нима бўлганини, фильм мақсадини тушунмай қолиши мумкин.

«Кинопрокат тармоғи йўлга қўйилиши керак»

Бугун кунда кўплаб фильмлар ўзига ишлатилган пулни ҳам оқлаб бера олмаётгани, ҳозирги кинопрокатнинг аҳволидан хабарим бор, лекин, нима бўлганда ҳам яхши ният қилиб қоламан. Ўзбекистонда кинопрокат тармоғи йўлга қўйилиши ҳақида эшитиб, жуда хурсанд бўлдим.

Агар шундай тармоқ йўлга қўйилса, менимча, деярли ҳар бир фильм ўз бюджетини оқлайди. Бундан ташқари, видеоқароқчиларга қарши курашиш бўйича ташаббуслар ҳам рўёбга чиқарилса, бу миллий кинодаги кўплаб муаммоларнинг ечими бўларди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Азиз Раметов — ўзи суратга олган «Арслон изидан» ҳақида