12:21 / 09.06.2017
6 930

Умид Шаҳобов ўзининг йўқ бўлиб кетишини ТВ эфирлари қимматлиги билан боғлади

Умид Шаҳобов ўзининг йўқ бўлиб кетишини ТВ эфирлари қимматлиги билан боғлади
Хонанда Умид Шаҳобов анчадан бери кўринмай қолди. Бир пайтлар унинг қўшиқлари ҳам ёшлар орасида оммалашган эди. Лекин сўнгги пайтларда камнамо бўлиб кетди. Хонанданинг ўзи буни бошқа сабаб билан изоҳлади. Qalampir.uz сайти у билан уюштирилган интервьюни ҳавола этди.

— Нега камнамо бўлиб кетдингиз? Қўшиқларингиз теле ва радиоканалларда деярли эфир юзини кўрмаяпти.

— Тўғри, шу кунларда эфирларда чиқишларим камайиб қолган. Сабаби, эфирлар нархи жуда қиммат. Битта эфирга чиқиш давлат курсида 150 доллар туради. Ўйлаб кўринг, бир ой эфирга чиқсангиз, тахминан, 18 миллион сўм сарфлайсиз. Бунча пул топишнинг ўзи бўлмаяпти. Лекин янги қўшиқларимни интернет тармоғига жойлаб боряпман. Агар кимларгадир қўшиқларим керак бўлса, мухлисларимиз баҳраманд бўлишни истасалар, интернет орқали янги қўшиқларимни топишлари мумкин.

— Камнамолигингизга биз билмаган бошқа сабаблар бордир, кимлардир ёки нимадир халал бергандир?

— Менга ҳеч нарса ҳалал бермаган. Охирги пайтларда бўладиганам, бўлмайдиганам санаъткорлар кўпайиб кетди. Бир хил пайтлар жаҳлим чиқади, наҳотки, қўшиқ айтишни эпласа-эпламаса, саҳнага чиқиб кетаверса. Билмадим, шоирларимиз орасида кўчадан беш-олтита сўзларни ўрганиб олиб, уни шеърга қўшиб ишлатаверадиганлари чиқаётганига нима дейсиз? Чунки, ҳозир санъатда тартиб йўқолди. Қўшиқ бўлгандан кейин инсонга нимадир бериши керак эмасми? Тингловчи эшитганда дам олиб, маънавий озуқа олиб, ҳордиқ чиқариши керак-ку!

— Узр, шу ерда гапингизни бўламан. Деярли ҳамма бир хил гапиряпти — қўшиқлар бундоқ, шеърлар ундоқ. Хўп, нега бўлар-бўлмас қўшиқлар озайиш ўрнига кўпайиб бормоқда?

— Ўзим ҳам шунга ҳайронман-да, билолмаяпман! Телевидениега келадиган бўлсак, унақа қўшиқларни эфирларда қўйишмоқда. Айниқса, тижорат телеканалларида. Улар ўзларини “ставка”сини чиқариб қўйишган. Уларга пул керак, айтганини тўла хоҳлаган нарсангни чиқаравер. Фақат пулни ўйлайверсак, бунақада халқимимз савияси тушиб кетади-ку. Бундан беш-ўн йил аввал давлат каналлари: “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Тошкент”да бадиий кенгашлар бўларди. Бадиий кенгашдан қўшиқ ўтмаса, эфирга кетмас эди. У пайтларда ҳам бачкана қўшиқлар бўлган. “Писта чақдим”, “Оқ кўйлак, қора шим”, “У қилдим, бу қилдим” деган қўшиқлар эфир юзини кўрмаган.

— Қўшиқчилик санъатини ривожлантириш, юқоридаги турли иллатларнинг олдини олиш учун соҳанинг одами сифатида қандай таклиф берасиз?

— Бўлмаса, мен очиғини гапираман. Тартибга солиш учун катта бадиий кенгаш тузиш керак. Кенгашда ҳар битта санъаткорнинг маҳсулотини олишдан олдин, хонанданинг ўзини жонли ижрода эшитиб кўриш керак. Қай даражада овози, қай даражада имкониятлари борлигини ўрганиб, кейин унга рухсат бериш лозим. Худди, автомобил бошқариш учун ҳужжат беришдан олдин имтиҳон қилинганидек. Яъники, биз айтаётган бадиий кенгашга ҳуқуқий мақом берилиши лозим. Санъаткорнинг овози борми-йўқми, у қанча диапазонга эга, шеър матни талабларга жавоб берадими, деган қатъий қоидалар билан ишланса, тартибга келиши мумкин. Тижорат каналларимизда ҳам ҳақиқий бадиий кенгашлар тузилиши шарт. Улар, керак бўлса, қўшиқларни кейинги беш йилликда халқимиз онгига қандай таъсир қилишигача ҳисобга олишса, фойдадан холи бўлмайди.

— Ҳозирги кунда янги ташкил этилган “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси фаолият юритмоқда-ку, уни тарқатиб юбориш керакми?

— Тўғри, “Ўзбеконцерт” бор, улар тартибга келтириб турибди. У ерга борган хонанда бошқа қўшиғини топширади. Яхши айтилган маҳсулотини топширади. Энди у бадиий кенгашдан ўтади. Лицензия олгандан кейинги жараёнда халққа бачкана қўшиқлар ёқаётган экан, шунақа қўшиқларга кўпроқ пул тушар экан, деб баъзи “хонандалар” ўзларича “ижод” қилишяпти.

Маълумот учун, Умид Шаҳобов 1978 йил 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Анъанавий ашула ва ижро” бўлимида таҳсил олган. Хонанда 2001 йили “Туркистон” саройида “Фариштам” деб номланган илк концерт дастурини берган. “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Умид Шаҳобов ўзининг йўқ бўлиб кетишини ТВ эфирлари қимматлиги билан боғлади