02:18 / 13.06.2017
7 617

“Уммон” Наманганда бир стадион одамни сарсон қилди. Концерт бўлиб ўтмаганига ким айбдор? (Видео)

“Уммон” Наманганда бир стадион одамни сарсон қилди. Концерт бўлиб ўтмаганига ким айбдор? (Видео)
Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Наманган шаҳрида “Уммон” гуруҳининг концерти ўтказилиши керак эди. Бироқ концерт номаълум сабабларга кўра, ташкил этилмаган. “Qalampir.uz” сайти ёзишича, чипта сотиб олган томшабинлардан бири сайтга мурожаат қилган ва 5-6 минг одам сарсон бўлганини айтиб, ушбу ҳолатга ойдинлик киритишни илтимос қилган.

Биз қатор саволларга жавоб топиш учун “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг Концерт-томоша фаолиятини ташкил қилиш бошқармаси бош мутахассиси Даврон Шералиев билан боғландик. У мазкур воқеадан хабардорлиги ва ташкилотчининг айби билан концерт бекор қилинганини таъкидлаб, шундай деди:

“Концерт тадбиркор томонидан ташкил этилган. “Ўзбекконцерт” давлат муассасасидан концерт ўтказиш учун рухсатнома ҳам олинган. Ҳар бир ташкилотчи Ички ишлар бошқармаси билан хавфсизликни таъминлаш мақсадида шартнома тузади. Бу концерт ташкилотчиси ана шу шартнома бандларини тўлиқ бажармагани туфайли концерт ўтказишга ИИБ рухсат бермаган. Биз ҳозир шу иш билан шуғулланяпмиз. Тез кунларда концерт учун янги кун тайинланади ва олдин чипта сотиб олганлар бориши мумкин бўлади. Агарда шоу учун рухсат берилмаса, чипталар ҳақи томошабинларга қайтарилади. Аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлган. Турли сабабларга кўра, концерт бекор қилинганида, албатта, томошабинларга пуллари қайтарилган эди”.

Шунингдек, ўз ўрнида “Уммон” гуруҳи Instagram’даги саҳифасига томошабинлардан узр сўраб, мурожаат видеосини жойлаштирди.
Биз гуруҳ маъмури билан гаплашганимизда, у икки кун овора бўлган томошабинлар учун “гонорар”сиз ҳам концерт беришга тайёр бўлишганини, бироқ ИИБ томонидан рухсат берилмаганини таъкидлади. Концерт бошқа кунга ўтказилса, “Уммон” бажонидил томоша ўтказишга шай эканини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, биз ташкилотчи билан боғланмоқчи бўлганимизда Даврон Шералиев ҳам, “Уммон” гуруҳи маъмури ҳам уни ҳозирда ҳеч қаердан топа олмаётганини, ғойиб бўлганини қайд этишди.

Видеода айтилганидек, бу ҳолатда “Уммон” гуруҳи “айбдор эмас”. Ўз ўрнида “Ўзбекконцерт”ни ҳам айблаб бўлмайди. Унда бизга мурожаат қилган ўқувчи таъкидлаганидек, “мажбурий-ихтиёрий тарзда сотилган чипталарни харид қилган” томошабин айбдорми? Нега аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юз берган экан, бу сафар унинг олди олинмади?

Концерт ўтказиш учун талаб қилинадиган барча шартномалар тузилиб, рухсатномалар олинганидан сўнг бу ҳақда эълон қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳар қалай энг аввал чипталарни сотиб, кейин ташкилий ишлар билан шуғулланиш мантиққа тўғри келмайди.

Биз концерт тақдири нима бўлгани билан яна қизиқамиз ва албатта, сизга хабар берамиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Уммон” Наманганда бир стадион одамни сарсон қилди. Концерт бўлиб ўтмаганига ким айбдор? (Видео)