14:56 / 01.07.2017
9 252

Йигитали Мамажонов: “Фарзандларимни бошқа ота тарбиялаётганини кузатиш оғир”

Йигитали Мамажонов: “Фарзандларимни бошқа ота тарбиялаётганини кузатиш оғир”
Йигитали Мамажонов кутилмаганда ўзбек шоу-бизнеси ва кино оламига кириб келди-ю, машҳурликка эришиши ҳам худди шундай тезлашиб кетди. Бировлар буни унинг клип ва кинолардаги маҳоратли ижросидан деб билса, бошқалар унинг шахсий ҳаётидаги воқеалар сабаб, дея талқин этишди. Лекин нима бўлганда ҳам, бугун Йигиталининг ўзбек санъатида ўз ўрни бор. У маҳоратли ижроси билан кўп минглаб мухлислар кўнглини забт этди. Ёш ва серқирра ижодкор бугун “Даракчи” меҳмони! У билан ижод ва шахсий ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Айни кунларда хорижда экансиз...
— Узоққа кетганим йўқ. Қўшни давлат — Қозоғистондаман. Санъатдан ташқари гул савдоси билан шуғулланишимни биласиз. Шу ишлар билан бандман.

— Бу сафардан мақсад фақат иш эмаслигини ҳам биламиз. Унаштирилибсиз...
— (Кулиб) Назаримда, бундан кўпчилик хабар топганга ўхшайди. Унаштирилдим... Майли, тўғрисини айта қолай, уйландим ҳам. Тўйимиз оила аъзоларимиз ва фақат яқинлар даврасида ўтказилди.

— Демак, тўйингиз Чимкентда бўлди... Нега Тошкентда эмас?
— Менимча, тўйнинг қаерда бўлиши муҳим эмас.

— Турмуш ўртоғингиз чимкентлик экан...
— Муҳаббат шундай мўъжизаки, у миллат, масофа танламайди. Бу туйғу бизга айни керак пайтда қалбимизда пайдо бўлганидан хурсандман.

— Рафиқангиз ҳақида гапириб бероласизми?
— Шахсий ҳаётим ҳақида омма олдида гапиришни ёқтирмайман. Шунинг учун турмуш ўртоғим ҳақида гапирмоқчи эмасман. Асосийси, у мен учун азиз ва қадрли инсон. Аллоҳнинг истаги билан бир-биримизга кўнгил қўйдик.

— Унинг қайси жиҳатлари эътиборингизни тортди?
— Уни илк бор кўрганимни яхши эслайман. Қадрдонлар билан дам олишда эдик, у ҳам оиласидагилар билан ҳордиқ чиқаришга келган экан. Ўшанда икки оила аъзолари худди кўпдан бери бир-бирини билгандек, қадрдон бўлиб кетганмиз ва кейинчалик ҳам тез-тез гаплашиб турдик. Вақт ўтган сайин у менинг принципларим, хоҳиш ва тасаввуримдаги инсон эканлигига амин бўла бошлаганман.

— Ижодингизни кузатиб турардими?
— Актёрлигимни биларди. Фильмларимни кўрган. Доим ижобий фикр билдириб, мени қўллаб-қувватлайди.

— Фарзандларингиз ҳақида ҳам гаплашсак...
— Уч ёшимда дадамдан айрилганман. Кейинчалик онам турмушга чиқдилар. Иккинчи отам ҳам жуда яхши инсон, меҳрим бўлакча. Бугунги кунда эришганларим, инсон бўлиб тарбияланишимда уларнинг ўрни катта. Ўйлаб қарасам, бугун менинг тақдирим болаларимнинг ҳаётида ҳам такрорланди. Ҳар бир ота каби мен учун ҳам болаларимни бошқа ота тарбияси остида катта бўлишаётганини кузатиш бироз оғир. Лекин Яратганнинг ўзи уларни ўз паноҳида асрашига, келажакда яхши инсон бўлиб вояга етишига ишонаман. Бугун болаларим билан гаплашиб, кўришиб турамиз. Учрашганда, меҳримни борича беришга, вақтимизни мазмунли ўтказишга ҳаракат қиляпмиз.

— Хитойлик бир аллома “Йўлингдан адашган бўлсанг, ҳаммасини бошидан бошла. Шунда тўғри йўлни топиб оласан”, деган экан. Бу фикрга муносабатингиз?
— Менимча, ҳаётда ҳеч нарсани бошидан бошлаб бўлмайди. Босилган йўл ўтиб кетди. Хатолардан хулоса чиқариб яшашнинг ўзи инсонни яхшиликка йўналтиради, деб ўйлайман.

— Сўнгги йиллар ҳаётингизда қандай из қолдирди?
— Фикрлашим, дунёқарашим ва инсонларга бўлган муносабатим ўзгарди. Ҳаёт ва вақтнинг қадрини янада чуқурроқ англашни бошладим.

— Йигитали, сўнгги пайтларда ижодингиз бироз сустлашгандек. Нега киноларда камнамосиз?
— Тайёргарликлар авжида, янги фильм­лар устида ишлаяпман. Янги ишга қўл уришдан аввал узоқ ўйланиб, сценарийни яхшилаб тушуниб оламан. Тасвирга олиш ишлари бошлангунга қадар бўлган тайёргарлик туфайли актёрлар ижоддан чекингандек туюлса керак.

— Таклиф этилган ролга рози бўлишингиз учун қайси омилларга аҳамият берасиз?
— Биринчи ўринда албатта, сценарийни ўқиб чиқиб, унинг мавзусини инобатга оламан. Кейин эса қандай ижодий гуруҳ билан ишлашим ҳам мен учун муҳим. Сўнгги ўринда эса бериладиган гонорар масаласини гаплашаман (кулади).

— Сиз нафақат актёр сифатида, балки спортчи сифатида ҳам имкониятларингизни кўрсата олгансиз. Айтинг-чи, режиссёрлар пайқамаётган яна қандай иқтидорингиз бор?
— Балки қайсидир имкониятларим билан томошабинни қойил қолдиришим мумкиндир, лекин ўзим ҳақимда ўзим гапирсам, нокамтарлик бўлади. Шунинг учун яхшиси, режиссёрлар мен билан кўпроқ ишлашсин, шунда ўзлари гувоҳ бўлишади (кулади).

— Бугун аксарият машҳур киноактёрлар театрда фаолият юритяпти. Сизда ҳам шундай режа борми?
— Театр саҳнасига чиқиш учун биринчи навбатда актёрнинг ўзи тайёр бўлиши керак. Театр умуман бошқа олам! У ерга қадам босиш, бу — янги бир поғонага кўтарилиш, демакдир. Театрда ишлаш ҳақида жуда кўп ўйлаганман. Лекин менимча, бунга ҳали тайёр эмасман. Яна-да кўпроқ, меҳнат қилиб, изланиб, тажриба орттирганимдан кейин, албатта, спектакллардаги қаҳрамонларни гавдалантиришни истайман.

— Режиссёр сифатида-чи?
— Бу жуда масъулиятли касб. Аммо фильм ишлаш ниятим йўқ эмас. Агар кино суратга олсам, биринчи ўринда детектив, кейин драма, трагедия ва кейинчалик комедия жанрларида ишлаган бўлардим. Ҳаётимиздаги синов ва машаққатларни қаҳрамоннинг ҳис-туйғу, кечинмалари орқали кўрсатиб беришни истардим.

— Йигитали, шундай вақт бўлдики, журналистлар билан умуман гаплашмай қўйдингиз. Лекин бугун сиз билан боғланиш анча осон. Фикрингизни нима ўзгартирди?
— Баъзида одам юрагидаги гапларни ким биландир бўлишгиси келаркан. Бу ҳолатга сўнгги вақтларда кўп тушяпман. Шунинг учун ҳам журналистлар билан тез-тез мулоқотга киришяпман шекилли...

— Ўзингизга қандай савол берган бўлардингиз?
— (Ўйланиб) “Кимсиз ва аслида нималар қилишингиз керак?” деб сўрардим. Сўнгги вақтларда шу ҳақида кўп ўйлаяпман. Лекин жавобини ҳали ўзим билмайман.

Блиц

— Ҳаётингизни очиб берадиган иқтибос?
— Инсоннинг қалби қанчалик пок бўлса, ҳаёти ҳам шунча гўзаллашади”

— Нимадан кўпроқ афсусланасиз?
— Гуноҳларим кўплигидан...

— Сўнгги ўқиган китобингиз...
— "Саодат асри қиссалари".

— Сўнгги марта мароқ билан тинглаган қўшиғингиз...
— "Imany – You will never know"”.

— Ҳаётда нимани ёдингиздан чиқаришингиз қийин?
— Хиёнат, алдовни ва миннатни.

— Бугун кимдан кечирим сўраган бўлардингиз?
— Яратган эгамдан.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди


Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Йигитали Мамажонов: “Фарзандларимни бошқа ота тарбиялаётганини кузатиш оғир”