22:46 / 12.08.2017
8 839

“Шарқ тароналари”да қатнашиш учун 56 давлатдан 250 нафар санъаткор Самарқандга келади

“Шарқ тароналари”да қатнашиш учун 56 давлатдан 250 нафар санъаткор Самарқандга келади
Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик қизғин давом этмоқда, деб ёзади ЎзА.

Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, фестиваль матбуот хизмати раҳбари С.Остонов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари А.Умаров ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилда ташкил этилган мазкур халқаро тадбир бугунги кунда жаҳон миқёсида нуфузли санъат анжуманига айланди.

Халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш, бой тарихимиз, бетакрор маданиятимизни тарғиб этишни мақсад қилган фестиваль иштирокчилари сафи йилдан-йилга кенгайиб, ер юзининг барча қитъаларини қамраб олди. Кўплаб давлатлар тадбирнинг доимий иштирокчиларига айланди.

– Ҳозиргача дунёнинг юздан ортиқ давлати вакиллари ҳамда ЮНЕСКО, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро фольклор санъати ташкилоти, Осиё тараққиёт банки сингари йирик тузилмалар фестивалда иштирок этди, – дейди “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивали ижрочи директори Т.Холиқов.

– Бу йилги фестивалда ҳам сайёрамизнинг турли минтақаларидан 120 га яқин жамоа қатнашиши кутилмоқда. Қозоғистон, Исроил, Эрон, Россия, Бельгия, Италия, Канада, Бразилия, Грузиядан бир нечтадан мусиқа жамоалари иштирок этиш истагини билдириб, дирекциямизга мурожаат қилди. Бугунги кунгача улар орасидан 38 жамоа саралаб олинди.

Ўн биринчи фестивалда илк бор Ямайка, Малави, Мяньма ва Уругвай давлатларидан вакиллар иштироки кутилмоқда. Юртимиздан ҳам 20 га яқин мусиқий жамоадан танловда қатнашиш истаги билдирилган бўлиб, айни пайтда саралаш жараёни давом этмоқда. Умуман, бу йил 56 давлатдан 250 нафар хорижлик санъаткорнинг Самарқандга келиши режалаштирилган.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дирекцияси бир қатор хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари билан ҳамкорлик ўрнатган. Жумладан, Жанубий Кореянинг "Андонг" халқаро фестивали, Хитойнинг "Шанхай халқаро санъат" фестивали вакиллари “Шарқ тароналари”га меҳмон сифатида таклиф этилган. ЮНЕСКО, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти масъул ходимлари, бир қатор давлатларнинг расмий вакиллари фахрий меҳмон сифатида келиши кутилмоқда.

Бу йил фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданияти миллий анъаналарининг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилади. Унда 20 дан ортиқ хорижлик таниқли мусиқашунос олим, мутахассис ўз маърузалари билан иштирок этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Шарқ тароналари”да қатнашиш учун 56 давлатдан 250 нафар санъаткор Самарқандга келади