8 521
Жасур Умиров осмонга қараб куйлаши, кўп маъмур алмаштириши ва кузда уйланаётгани ҳақида
Жасур Умировни бироз қўрс ва димоғдор дейишади. Аммо кўнглини топа олсангиз, ундан яхшигина суҳбатдош чиқиши мумкин.Ўз қарашлари, дунёси ва ҳақиқати бор хонанда "Даракчи" газетаси учун интервью берди.
— Жасур, суҳбатимизни сиз ҳақингиздаги сўнгги гап-сўзларга аниқлик киритишдан бошласак...
— Мен ҳақимда яна қандай гап эшитдингизлар (кулади)?
—Айтишларича, тўй яқин экан...
— Тўғрисини айтинг, қандай қилиб ҳамма нарсадан бохабар бўлиб юрасиз-а? Сизлардан ҳеч нарсани сир сақлаб бўлмайди-я (кулади). Нима бўлганда ҳам қойил, бу хабарни ҳатто яқинларимизга ҳам айтмагандик. Фақат оилавий келишиб, онам совчиликка юрганлари рост.
— Демак, тахминларимиз рост экан-да...
— Очиғини айтсам, икки-уч йилдан буён уйланиш ҳақида жиддий бош қотириб юргандим. Аммо, тўғриси ўзимга маъқул келадиган қиз тополмаяпман. Лекин онам менга берган муддат тугай деяпти, инжиқлик қилмасдан тезроқ қарор қабул қилишим керак. Яъни шу йилнинг кузида уйланаман.
— Тўй ойлари аниқ экан, демак, қиз ҳам топилган, нега яширяпсиз?
— Бу ҳақида тўлиқ гапирмаётганимга биргина сабаб — ўзимиз ҳам аниқ хулосага келганимиз йўқ. Совчиликка бордик, қизни кўрдик, ҳозир у томоннинг жавобини кутяпмиз.
— Жасур Умиров урф-одатларимизга хос, совчилар орқали умр йўлдош танлар экан-да?
— Ҳақиқий муҳаббат тўйдан кейин бўлади, деб бежизга айтишмаган-ку. Бироқ шундай бўлса ҳам биринчи ўринда ўзимнинг кўнглимга қулоқ тутаман. Онам менга кўрсатган қиз, албатта ўзимга ҳам ёқиши шарт. Агар юрагим жиз этса, бўлди. Масала ҳал! Мен танлаган қиз хоҳ чиройли, хоҳ хунук бўлсин, биринчи ўринда ўзимга ёқиши керак. Ҳаётда, ташқи кўриниш биринчи ўринда эмас, деб биламан.
— Ижодингиз ҳақида ҳам гаплашсак. Сўнгги икки-уч йилдан буён тақдим этаётган концерт дастурларингиз танқидларга учраяпти...
— Одамларнинг фикрлари ўзимга ҳам етиб келди. Лекин мен ҳам ҳар бир ижодкор каби доим яхши ишлашга ҳаракат қиламан.
— Сиз ҳақингизда “Концертга тайёргарликсиз чиқади” деган гаплар кўп бўлди. Шуларни инобатга олсак, балки, ўзингизда масъулият камайгандир...
— Бир йил олдинги концертимга, ҳақиқатдан ҳам кам репетиция қилгандим. Сабаби, ўшанда вилоятлардаги учрашув ва хизматларга чалғиб, тайёргарликка вақтим етмаган. Ва бундан ўзим ҳам жуда афсусланганман. Томошабинлар олдида уялиб қолгандим, ўшанда. Аммо бу йилги дастурда барча камчиликларни бартараф этиш ҳаракатидаман. Режамизга кўра, ноябрь ойида концерт бераман.
— Сўнгги вақтларда ёрдамчи ва маъмурларни кўп ўзгартиряпсиз...
— Минг афсус, “администратор” деганлари содиқ бўлмас экан. Ишни бошида ўзини яхши кўрсатиб, қўлига пул тушса, бошқа одамга айланиб қолишади. Ёки менга фақат шундайлари учраяптими, билмадим. Хуллас, ижодимни бошлаганимдан бери бешта маъмур алмаштирдим, чоғи.
— Бугун кўпгина ҳамкасбларингиз, акаси, укаси билан ҳамкорлик қилади. Нега сиз акангиз билан ишламайсиз?
Бу таклифни акамга жуда кўп марта айтганман. Аммо у мен билан ишлашни истамайди. “Кўча-куйда сени ортингдан турли гап-сўзларни эшитсам, ўзимни тутиб туролмайман. Сен билан ишласам, уларга яна бир қадам яқин бўлиб қоламан. Кейин эса муаммо кўпаяди” дейди доим.
— Қўшиқларингиз енгил мавзуларда бўлса ҳам ёшлар орасида тез оммалашади. Бунинг сири нимада деб ўйлайсиз?
— Биласизми, қўшиқларимда мураккаб мавзуларни эмас, айни вақтда халқ орасида юрган гап-сўзларни куйлашга ҳаракат қиламан. Балки шунинг учун ҳам ёшларга ёқаётгандир... Бундан ташқари замонавий мусиқадан ҳадеб жиддийлик ахтаравериш ҳам тўғри эмас. Ҳаётда шундоқ ҳам муаммолар кўп. Биз эса қўшиқларимиз билан уларни чалғитиб, одамларга яхши кайфият беришимиз керак.
— Ижодингиз давомида умуман дуэт қўшиқ куйламагансиз. Нега?
Биров билан ҳамкорликда ишлашни ёқтирмайман. Балки йиллар ўтиб мени “Ўзбек шоу-бизнесида бир марта ҳам дуэт куйламаган хонанда” деб тилга олишар. Чунки келажакда ҳам ҳеч ким билан дуэт куйлаш ниятим йўқ. (кулади).
— Йиллар ўтгандан кейин ҳам ўзингизни шу соҳада кўра оляпсизми?
— Албатта, ҳатто ҳозирги йўналишда куйлашимни ҳам биламан. Фақат қўшиқларим ёшимга мос, жиддий, мавзуларда бўлади.
— Бугун аксарият ҳамкасбларингиз санъатдаги фаолиятидан ташқари қўшимча даромад манбаини ҳам йўлга қўйган. Сизни улар қаторига қўшишимиз мумкинми?
— Шу кунгача санъатдан бошқа бирор соҳада ўзимни тасаввур этиб кўрмаганман. Аммо келажакда қўшимча иш очиш ниятим йўқ эмас. Келажакда кичикроқ продюсерлик маркази очиб, ёш хонандаларни қўллаб-қувватлаш ниятим бор.
— ТВ, радио ёки газеталарга интервьюга чақиришганда биринчи бўлиб хаёлингиздан нималар ўтади?
— Ўзим мухлис бўлиб санъаткорларнинг интервьюларини мароқ билан ўқиган пайтларимни эслайман. “10-15 йил аввал, мен ҳам уйда санъаткорларнинг суҳбатларини ўқиб, ҳавас қилардим. Бугун эса ўзим улар каби бўлдим, орзуларим ушалди” деган ўйлар ўтади. Шунинг учун ҳам имкониятим ва вақтим бўлса, албатта журналистлар билан учрашаман.
— Ўша пайтда ҳамкасбларингиздан кимнинг интервьюси ёдингизда қолган?
— Жаҳонгир Отажоновнинг гапларини ҳали-ҳалигача эслайман. Ўшанда “Консерваторияда мендан яхши куйлайдиган талаба йўқ” деб мақтанган эди. Ўзига бўлган ишончнинг кучлилиги мени қойил қолдирган.
— Ҳар бир инсонда бирор-бир нарсадан уялиш ҳисси бўлади. Яъни, комплекс. Ўзингизда шу ҳолатни кузатганмисиз?
— Тўй ва хизматларга кириб келишга жуда уяламан. Ҳамманинг эътибори менда эканини сезсам, ўзимни қўйишга жой тополмай қоламан. Шунинг учун тўй, концерт ва тадбирларда, кўпинча осмонга қараб қўшиқ куйлайман (кулади)
— Фикрларингизни ҳар доим ҳам тўлиқ баён эта олмаслигингизни сезганман...
— Тўғри, бу одатим ҳам йўқ эмас. Бунга айтаётган гапимни ҳамма ҳам мен истагандек тушунмаслигини сезиб турганим сабаб бўлса керак.
— Ўйлаганларингизни тўғри ва борича етказиб бериш учун сўз бойлиги керак, бунинг учун эса кўпроқ китоб ўқиш лозим. Бу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаганмисиз?
— Тан олиб айтаман китоб кам ўқиман. Ва бу менинг энг катта камчилигим. Лекин секин-секин бу нарсани бартараф этишга ҳаракат қиляпман.
— Ижтимоий тармоқда сизни эътиборингизни тортган воқеалар ҳақида гаплашсак...
— Сўнгги вақтларда бир нарса диққатимни тортди. Бугун одамлар интернетга, қайсидир санъаткорнинг ҳаётини билиш учун эмас, сиёсий ва ижтимоий ҳаётимиздаги ўзгариш ва янгиликларни билишга кирадиган бўлишган. Кўпчилик ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан бехабар қолмайлик деган мақсадда киришяпти. Шахсан ўзимни 23 яшар йигитнинг вазир ўринбосари этиб тайинлангани эътиборимни тортди. Чунки Алишер Саъдуллаевнинг Халқ таълими вазирининг ўринбосари этиб тайинлангани Президентимизнинг биз ёшларга бўлган ишончини билдирди. Ҳар биримиз уларнинг ишончларини оқлашимиз шарт!
Бундан ташқари, бир неча ой олдин ўқитувчисининг устидан калака қилиб кулаётган талаба қизнинг видеосини кўриб жуда жаҳлим чиқди. Ёшгина қиз отаси тенги инсонга гапираётган гаплари ақлга сиғмайди. Ўқитувчи кўз нурини, асабларини сарфлаб ўқувчиларга дарс берса-ю, уни видеодаги каби ўқувчилар ҳурматсиз қилса... Бу нима деган гап?! Тўғри, ўзим ҳам ёш бўлганман, вақтида шўхлик қилиб ўқитувчиларнинг жаҳлини чиқарганман. Аммо ҳеч қачон уларнинг устидан кулган эмасман. “Устоз отангдек улуғ” деб бекорга айтишмайди-ку.
Ота-оналар ҳам болалар назоратини кўздан қочирмаслиги керак. Ўсмир ёшлар эса меҳнатдан қочмаса, энг аввало ота-онасини ўзига дўст деб билса, назаримда ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди...
ЯНГИЛИК
— Янги қўшиғимиз тайёр. “Аваз” деб номланган қўшиқни бир йўла клипи билан мухлислар эътиборига ҳавола этмоқчиман. Клипмейкер Наримон Султонхўжаев билан комедия жанрда видеоролик ишладик.
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди