
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссёр Ҳилол Насимов хусусий киностудияларда олинаётган фильмларга ўз муносабатини билдириб, уларни, ҳар доимгидек, “савиясизлик”да айблади ҳамда намуна тарзида ўз фильмларини келтирди. Бу ҳақда "Даракчи" нашри'га асосланиб Kun.uz хабар берди.
“Яқинда бир анжуманда шоир Муҳаммад Юсуф ҳақидаги фильм намойиш тугагач, хусусий киностудиянинг режиссёри ўрнидан турди-да, “Шундай шахс бўлган экан, бугун бу янгиликни кашф қилдим”, деди. Буюк ижодкорни билмаслигидан лол қолдим. Шу “режиссёр”нинг фильмлари халққа бирор нима бера олади, дея оламизми?”, – савол беради ижодкор.
Унинг фикрича, хусусий кинофильмлар ижодкорлари миллий урф-одатларни “ерга урмоқда”:
“Урф-одатларимизга зид саҳналар ғашингизни келтиради. Масалан, айрим кинокартиналарда ота-она экишдан кириб келса-да, ялпайиб ўтирадиган қизлар кўрсатилади. Ёки катталарсиз дастурхонга қўл узатадиган ёшлар. Тур, репетиция қиламиз, деб совчилар ёнига патнис кўртариб, чой олиб киришни машқ қилдирган оталарни қайси хонадонда кўргансиз? Режиссёрларимиз қачонгача урф-одатларимизни ерга уришади?”.
Бундай фильмларда иштирок этаётган актёрлар ҳам Ҳилол Насимовнинг танқидидан четда қолишмади.
“Актёрлар борасида сўз кетганда, савиясиз фильмларда суратга тушишдан ўзини тиёлмаётган актёрларимизга ачинаман, – таъкидлади у. – Бир неча йиллар аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева билан суҳбатлашиб қолганимизда, “Нега мени фильмларингизга чақирмайсиз?” деб қолди. Шунда “Катта экранлардан тушмай қолдингз-ку, сизга яқинлашишга қўрқаман”, дедим ҳазил аралаш. “Улар хусусий картиналар-ку. Тирикчилик учун ҳам уларда суратга тушаман-да”, деди”.
Шунга қарамай, режиссёр Ўзбекистон кино санъатини хорижий давраларда ҳимоя қилиб чиққанини, масалан, “Киношок” фестивалида Али Ҳамроевнинг танқидларига жавоб берганини тан олди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар