23:20 / 28.12.2017
6 976

Энрике Иглесиас концертининг фаол ёшларга бепул тарқатилган чипталари 5 млн сўмгача сотилди...

Энрике Иглесиас концертининг фаол ёшларга бепул тарқатилган чипталари 5 млн сўмгача сотилди...
Испаниялик жаҳонга машҳур хонанда Энрике Иглесиас бугун 28 декабрь куни Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида концерт берди. «Меҳмон отангдан улуғ» дейишганидек, Иглесиас сабаб таниқли сўз устаси Обид Асомовнинг уч кунлик концертидан бир куни 2018 йилга ўтиб кетди.

Ижтимоий тармоқларда бу концерт Алишер Усмоновдан Ўзбекистон ёшларига Янги йил совғаси экани айтилди. Энрике Иглесиас Facebook’даги саҳифасида «Тошкентдаги концерт чипталари аллақачон сотувда!», деб ёзгани билан, чипталар фақат фаол ва иқтидорли ёшларга тарқатилиши маълум қилинди.
Лекин…«Чипталар сотилмайди, фаол ва иқтидорли ёшларга совға қилинади», дейишганди…

Энрике Иглесиаснинг Тошкентда концерт бериши ҳақидаги гап-сўзлар декабрь ойи ўрталарида, Робби Уильямснинг концертидан сўнг пайдо бўлган эди. «Истиқлол» санъат саройи директори Исроил Ғуломов 19 декабрь куни «Дарё»га берган қисқа интервьюсида испаниялик хонанда ҳақиқатан ҳам 28 декабрь куни Тошкентда куйлашини тасдиқлаб, «чипталар нархи ҳозирча маълум эмаслиги»ни билдирган эди.

Исроил Ғуломов концертга чипта сотилмаслиги, барча томошабинлар унда таклифнома асосида меҳмон бўлиши ҳақида 23 декабрь куни «Дарё»га маълум қилди. Шу куни «Nuz.uz» нашри Энрике Иглесиасни Тошкентга россиялик миллиардер Алишер Усмонов олиб келаётгани, концерт чипталари Маданият вазирлиги ва Ёшлар Иттифоқи, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотлари ва Меҳрибонлик уйлари орқали иқтидорли, фаол ёшларга тарқатилиши ҳақида хабар берди.

Бундан ташқари, ўқишда ва жамоатчилик ишларида маълум бир ютуқларга эришган ўқувчи ва талабалар ҳам испаниялик хонанданинг концерти чипталарини бепул қўлга киритиши мумкинлиги айтилган эди. Бу гаплар тасдиғи ўлароқ, 26 декабрь куни Халқаро пресс-клуб Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг миллиардер Алишер Усмоновга йўллаган ташаккурномасини эълон қилди.

«Бизга беғараз асосда тақдим этилган чипталар давлат стипендиялари соҳибларига айланган иқтидорли талабалар ҳамда ота-онасиз талабалар орасида тарқатилди… Ёрдамингиз — мамлакатимизда хайрия ишини ривожлантиришга қўшилган бебаҳо ҳисса… Ота-она меҳрисиз қолган талабалар муаммоларига бефарқ муносабатда бўлмаганингиз учун самимий ташаккуримизни айтамиз», — дейилган эди вазирлик ташаккурномасида.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи 24 декабрь куни ўзининг Telegram’даги каналида ташкилот Энрике Иглесиаснинг концертига чипта тарқатаётгани ҳақидаги хабарларни «миш-миш» деб атаб, «бу гап-сўзлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги» ҳақида баёнот берди. 26 декабрь куни эса ташкилот раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев «Ёшлар Иттифоқи ушбу концерт учун ўзига ажратилган бепул таклифномаларни иқтидорли ва энг фаол ёшларга тарқатаётгани» ҳақида хабар берди.

«Дарё» мухбири 28 декабрь — концерт бўладиган кун тонгида «Истиқлол» санъат саройида бўлиб, чипталар билан боғлиқ вазиятни ўрганди. Сарой атрофида ўнлаб чиптафурушлар фаолият олиб бормоқда. Улар, албатта, фақат Энрике Иглесиаснинг концерти чипталарини сотиш билан шуғулланаётгани йўқ, лекин улар учун ҳам бугунги куннинг бош мавзуси — шу испаниялик хонанда. Энг қиммат чипталар ҳам унинг концертига.

«Дарё» мухбирига тўқнаш келган биринчи чипта олибсотари балкондан битта билети борлигини, 600 минг сўмга сотишини айтди. «Балконнинг билетларини 800 минг — 1 миллион сўмдан сотишяпти. Устига бор-йўғи 100—200 минг сўм қўйиб сотяпмиз, холос», — дейди чиптафуруш. Унинг айтишича, иккита ёнма-ён ўринли чипталарни топишнинг деярли имкони йўқ.

«Жуда ёнма-ён бўлмаса ҳам, ён-атрофидан қилиб бера оламиз, сўраб-суриштириб. Ўзи расман сотувда йўқ бу билетлар, биз шу йўқ нарсани ҳам топиб беряпмиз», — дейди олибсотар. Бу, катта эҳтимол билан, тегишли ташкилотлар орқали биттадан чиптани қўлга киритган шахслар уларни олибсотарларга сотиб кетаётганини англатиши мумкин.

Иккинчи олибсотар 500 минг сўмга балкондан жой олиб бўлмаслигини айтди. «Балкон чипталарини 700—800 минг сўмдан сотяпмиз. Иккита олсангиз, балки, 650 мингдан қилиб беришар болалар, лекин шунда ҳам ёнма-ён бўлмайди». Балкондаги баъзи ўринлар 1 миллион сўмгача бўлган нархда, залдаги жойлар эса 5 миллион сўмгача нархда сотилаётганини айтди. «Залдан 2,5 миллион сўмга ҳам чипта тополмайсиз», — деди у. Чиптафурушнинг айтишича, бундай қиммат нархга концертга тушгандан тушмаган яхши. «Лекин бу Энрике-да!», — деб қўшимча ҳам қилиб қўйди.

Айни вақтда, у чет эллик хонанданинг концерти чипталари бу қадар қимматлигида чиптафурушларни айблаш ноўринлигини таъкидлади. «Ҳув анави ерда турган кўзойнакли болани кўряпсизми, сизга ўхшаган оддий бир бола. Текинга олган тўртта билетини 11 миллион сўмга бермаяпти. Текинга олганини ўзи тан олиб турибди, йигитлар нақд 11 миллион сўмни шундай олиб келиб беришди, йўқ деб турибди. Яна ҳам қимматроққа сотмоқчи экан. Биз шундан олган билетимиз устига 100 минг сўм қўйиб сотсак, кўзингизга қандай кўринамиз? Ким ёмон? Билетчи ёмон», — деди билетчи.

Олибсотарлардан бирининг айтишича, Иглесиаснинг концерти учун санъат саройининг саҳнаси «худди Европадагидек» ўзгартирилган — саҳна ўртасидан зал томон йўлак қурилган. Шу боис залнинг марказий қисмидаги ўриндиқлардан бир қисми олиб ташланган (ушбу хабар тайёрланаётган вақтда бу маълумотни «Истиқлол» санъат саройи вакилларидан тасдиқлатиш имкони бўлмади). Маълумот учун, «Истиқлол» 3982 томошабинга мўлжалланган.

PS. Энрике Иглесиаснинг Москвадаги концертида у билан тенгма-тенг қўшиқ куйлаган ўзбекистонлик Улуғбек Исмоилов испаниялик хонанданинг Тошкентдаги концертига иккита чипта олгани ҳақида Instagram’даги саҳифасида эълон қилди. У — ўзбек шоу-бизнесига алоқадор фаол шахслардан бири, бироқ Ёшлар Иттифоқига аъзоми ёки Ўзбекистондаги бирор олийгоҳнинг аълочи талабасими — бу номаълум. Катта эҳтимол билан, у ҳам ё «Дарё» мухбири кўрган олибсотарлардан бири билан учрашган, ёки концерт ташкилотчиларидан чипта олган — ҳар ҳолда, уни Энрике Иглесиаснинг ўзи ҳам танийди.

Манбa: daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Энрике Иглесиас концертининг фаол ёшларга бепул тарқатилган чипталари 5 млн сўмгача сотилди...