22:42 / 17.02.2018
15 709

“Кара Севда” сериали Туркияда ҳам тўхтатилган экан. Нега?

“Кара Севда” сериали Туркияда ҳам тўхтатилган экан. Нега?
Ҳа, янглиш ўқимадингиз, Кара Севда (Севги изтироби) Туркияда намойиши охирига етмай тўхтатилган. Халқимизнинг ҳеч бир нарсанинг ортидан ёмонлик ёки фитна келишини хаёлига ҳам келтирмайдиган содда-оқкўнгил қисми ҳаяжон билан томоша қилаётган, кўпчилик зиёли ва ўз халқи келажаги ҳақида қайғурадиган қисмнинг шикоят, норозиликларига сабаб бўлаётган ўша машъум ва машҳур «Севги изтироби».

“Оммавий маданият” дея исм берганимиз, маънавият – маърифатдан йироқ, ахлоқсизликларга бой ва халқнинг миллий, диний, оилавий қадриятлари ҳамда оила шаклига тамомила зид бўлган кўрсатув, сериаллари билан машҳур бўлган Туркиядаги StarTv* телеканалида эфирга узатилган Кара Севда “Радио ва Телевидения Юқори Кенгаши” РТЮК (RTÜK) томонидан қонуннинг

• “Жамиятнинг миллий-маънавий қадриятларини ва жамият ахлоқини муҳофаза қилиш тамойилига зид”;

• “Аёлларга нисбатан ҳурматсизлик, ҳақларини поймол қилиш”;

• “Умум ахлоққа зид” моддаларига кўра, 2016/07 да 26-сонли қарори билан жуда катта ($332.000 АҚШ доллари) миқдорда жаримага тортилганидан сўнг, 3 – фасли давом этмай, намойиши тўхтатилган эди.

(*StarTv аввал ҳам жуда кўп марта RTÜK тарафидан катта миқдорда жарималарга тортилган. rtuk.gov.tr).

Радио ва Телевидения Юқори Кенгашининг бундай қарорга келишига сабаб мамлакат фуқароларидан келиб тушган жуда кўплаб шикоят-аризалар бўлган. Мутахассис Экспертлар томонидан бу сериал ўрганиб чиқилиб Юқори Кенгашга мазкур сериал ҳақида ҳисобот топширилган. Бу ҳисобот кенгаш томонидан муҳокамага қўйилган ва аъзоларнинг фикр бирлиги билан (1 кишидан ташқари) якуний қарорга келинган. РТЮК қароридан сўнг кўп ўтмай Ay Yapım тарафидан сериални суратга олиш жараёни тўхтатилган.

Қуйида РТЮК (RTÜK) нинг Кара Севда сериали ҳақидаги қарор матнидан қисқача келтириб ўтамиз:

• “StarTv канали “Радиоалоқа ва Телерадиокомпанияларни ташкил этиш ва намойиш тўғрисида"ги 6112 - сонли қонуннинг 8-моддаси (F) бандида кўрсатилган “Жамиятнинг миллий-маънавий қадриятларини, жамият ахлоқини муҳофаза қилиш тамойилига зид бўлмаслиги керак”лиги ҳукмини бузганлиги ва айни қонуннинг 8 – моддаси (S) бандида кўрсатилган “Жамиятнинг жинсий тенглигига зид бўлган, аёлларга нисбатан зўравонликни тарғиб қилувчи ва аёл ҳақларини поймол қилувчи кўрсатув ҳамда фильмлар намойиши тақиқланган”лиги ҳукмини бузганликда айбланиб StarTv Қонуннинг 32-моддаси 1 - бандига кўра 973.403 Турк лираси (2016 йил курси бўйича $332.000 АҚШ доллари) миқдорида (ИПЖ) жаримага тортилсин”.

Ушбу қарорга сабаб бўлган Экспертиза мутахассиси ҳисоботида эса қуйидаги жумлалар кечади:

• “StarTv да намойиш этилаётган, тегишли қонун ҳужжатларига кўра салбий мазмунга эга бўлган Кара Севда сериалида севги ва қасос ўртасидаги ҳалокатли сембиёзанинг (бошқа шахсга боғлиқ ҳолда яшашнинг) ахлоқий ҳамда оилавий ҳимояланиш тамойилларига қарши бўлган, эгоизм туфайли ўч олиш учун кирилган сохта севги оқибатида травматик-шикастловчи муносабатларга олиб келадиган саҳналар намойиш этилганлиги аниқланди”.

Эксперт мутахассис хулосасида ер олган биз учун эътиборга молик яна бир неча жиҳатлар эса қуйидагича:

• “Юқорида фош этилган саҳналар, “севги”ни баҳона қилиб “оила, ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қилиш, ғурур-шараф ва бошқа ҳар қандай қадриятларни оёқ остига олган ҳолда бошланган бу сериалнинг бош ғояси хиёнатга асосланган муносабатлар намунасини ташкил этади”;

• “Сериалдаги қаҳрамонлар ҳар қандай ижтимоий ва шахсий қадриятларни оёқ ости қилиб, ўзларининг ҳис-туйғуларига осонлик билан тобе бўлишади ва ўзлари ҳоҳлаган номақбул натижага эришганда ҳам ҳеч қандай пушаймонлик ёки айбдорлик ҳис қилишмайди”;

• “Ҳисоботда, сериалдаги аёл образларининг ўта кучсиз, иродасиз ва масъулиятсиз ҳолда кўрсатилиши, аёлни интиқом олиш учун восита сифатида қўлланилиши, аёлларнинг шахсияти ҳеч ҳам эътиборга олинмаслиги, нафақат аёлларнинг жинси, балки инсоний қадр-қиммати жиҳатидан ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин дея баҳоланди”;

• “Сериалдаги бадий унсурларни ўта бўрттириб, травматик воқеа-ҳодисаларни доим қайта-қайта такрорланиши, “севги” йўлидаги мужодала ва интиқомнинг ҳар қандай кўринишини легитимлаштириш орқали сўзда “ижобий образлар” яратиб, ижтимоий ҳаётга имкон берувчи ахлоқий қоидаларни ҳамда оилани бир-бирига боғлаб турувчи садоқат, сабр, виждон, ҳурмат ва бошқа туйғуларни йўққа чиқариш, дегенерация қилиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди”.

Шунингдек, “Истанбул Стратегик Ғоялар Маркази” Бош директори Умар Фаруқ Ожакзода “Кара севда” сериали ҳақида ўз муносабатини билдирар экан қуйидаги фикрларни айтиб ўтган: “Турк халқи жамият ахлоқини бузувчи бундай сериалларга қаршидир ва биз бутун дунёга туркларни бу тарзда ахлоқсиз, қадриятлари камситилган ҳолда кўрсатилишини кескин қоралаймиз ҳамда бу сериални эфирлардан дарҳол олинишини истаймиз”.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчиманки, ўша машъум сериал “ўз ватани” Туркияда халқнинг аксар қисми томонидан бу қадар нохуш қаршиланган ва исталмаган, халқи манфаатларига зид, зарарли деб топилган. Давлат экспертиза мутахассислари томонидан ўта салбий баҳоланган. Радио ва телевидения юқори кенгаши томонидан бу қадар катта ($ 332.000 АҚШ доллари) миқдорда жарималарга тортилиб, охир-оқибат эфирда намойиши тўхтатилган бир сериални биз ўзбек халқига ким ва нима учун “едирмоқчи бўляпти?” Кимга керак бу? Ўтмаган молни бизга ўтказмоқчими? Қўпол бўлса, ҳам сиз азизлардан узр сўраган ҳолда айтмоқчиман “Биров ўзига эп кўрмай чиқиндига ташлаган нарсани нега у ердан олиб такрор бизга таклиф қилинмоқда?”
Шаҳриёр НОРБОЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Кара Севда” сериали Туркияда ҳам тўхтатилган экан. Нега?