10:30 / 20.02.2018
5 147

Тошмат аканинг “Бало севда” қиссаси

Тошмат аканинг “Бало севда” қиссаси
— Хмм, дадаси, оғзингиз қулоғингизда?! Худди данак топган тентакдек хурсандсиз?! Тинчликми?

— Нимасини айтасан хотин, “Зўр ТВ” каналидаги анави сериалинг бор-ку, “Қаро Севда”ми, “Бало Севда”миди, ўша?!

— Хўш??? Нима, Амир ўлибдими? Ёки Зайнаб туғибдими?

— Йўқ, нима десам экан…

— Ҳаа, балки, Камол уйлангандир?!

— Ээ, гапни бўлмасанг-чи! Хуллас, сериал эфирдан олинибди. “Зўр ТВ”да берилмас экан энди!

— Ия, вой, нимага? “Миллий ТВ”дан узатилар эканми энди?

— Йўқ, бутунлай “Капут” бўлибди

!- Нимаа??? Шунақасиям бўладими? Ҳе йўқ, бе йўқ туппа-тузук сераиални эфирдан олиб ташлаш қайси калласи каттанинг кичкинагина миясига келиб қолди экан?! Нега қиқирлаб кулаверасиз, дадаси?

— Ўзим, кулгим келди-да хотин…

— Менга қаранг, нега у сериал олиб ташланибди ўзи?

— Миллий менталитетимизга зид экан, хотин.

— Ҳаҳ, қуриб кетсин шу менталитетимиз ҳам, махалладаги Кинначи кампирдан ҳам инжиқ бу менталитетимиз! Ҳеч ким ва ҳеч нима билан келиша олмайди-да. Тунов куни махаллага чиқувдим, болалар пулини олишга. Қарасам, қорни катта, сочи йўқ бир одам…

— Сочининг бор ёки йўқ эканлигини айтишинг унчалик муҳим бўлмаса керак-а?

— Ээ ишқилиб, ўша кал одам маҳалла вакилларига алламбалолар деб ваъз ўқиётган экан. У ҳам айтаётганди, демократиянинг айрим принциплари менталитетимизга тўғри келмайди, деб. Ўшанда “ҳаҳ, ўлсин менталитет дегани”, деб қўя қолган эдим. Ўзи, дадаси, Менталитет ким? Шунчалар катта одаммики, ҳаммамиз у билан ҳисоблашишга мажбурмиз? Ўзбекка ҳам ўхшамайди аломат исмига қараганда-а?

— Эҳ хотииин, нималар деяпсан! Бу гапингни болалар ёки қўни-қўшни эшитиб қолса ким деган одам бўламиз?! Наҳотки йигирма биринчи асрда яшаб менталитет нималигини билмасанг? Эҳ, калтафаҳм хотин-а?!

— Ээ, ҳадеб калтафаҳм деявермасдан айтинг-да унда, унинг кимлигини! Мен қаёқдан билибман у Менталитетбек ёки Менталитетхоннинг ким эканлигини?! Ҳўш ким у?

— У одам эмас, галварс! Менталитет деганда, айрим киши ёки ижтимоий гуруҳга хос ақлий қобилият даражаси, маънавий салоҳият тушунилади, хотин.

— Нима-нима? Нималар дедингиз ҳозир? Секинроқ гапиринг, ҳеч вақога тушунмадим.

— Менталитет дегандаааа, ааайрим кишиии ёки ижтимоииий гуруҳга хос ақлий қобилият даражасииии, маънавий салоҳият тушунилади, дедим!

— Барибир тушунмадим… Хуллас, у одам эмас экан-да?! Ҳа-амма телевизорга чиқиб олиб ҳам, радиода ҳам, газета-журналларда ҳам менталитетимизга тўғри келмайди, деяверганига, у менталитет ўлгур бирорта каттароқ раҳбар одам шекилли, деб ўйлабман-да. Хўш, менталитетимизга сериалимнинг нимаси тўғри келмабди?

— Қўй хотин, гапирганим билан барибир тушунмайсан…

— Дооим шунақа дейсиз, бирор гапни бошлайсизда, билмасам, тушунтириш ўрнига тушунмайсан барибир, деб осонгина қутилиб қоласиз. Ўтган йиллари, ҳа деса, Цензура деб куйдирар эдингиз. Ўшанда ҳам “ким у Цензура?” десам жавоб беришдан қочар эдингиз. Яна нимага куляпсиз? Энди тушуняпман, ўша Цензура ўлгур сизни ўйнашингиз шекилли, ҳали ҳаммасини тагига етаман. Мендан кўра ёш ва келишганроқдир-а? Ҳозир кулиб туринг, мен бу қинғирликларингизни тагига етганимдан кейин кўрасиз, менинг кулишимни! Цензура, Цензура?! Бирорта ўрис блондинкалардан шекилли-а?! Исми ўзгача?!

— Цензурани кимлигини билмоқчимисан, хотин?

— Ҳа айтинг, мард бўлиб.

— Гуугл амакидан сўра ўша билади Цензура кимлигини, вуҳаҳаҳа!

— Уфффф .. Сиз яна мени устимдан куляпсизми? Ким у Гугл амаки? Икки соатдан бери мени аҳмоқ қилиб кулавериб, кал бошингиз ҳам қизариб кетди. Ия, соат нечи бўлди?! “Миллий ТВ”га олинг “Кўсем” сериали бошланди!
*****
Махалладаги пистачи хотинларнинг айтишича, Тошмат аканинг хотини аламига чидай олмай, Цензурахонни фош қилишга қаттиқ киришиб, кутилмаганда Зайнабни фош қилиб қўйганмиш. Зайнаб билан Тошмат ака синфдош бўлишган экан. Узуқ-юлуқ гапларга қараганда, Тошмат ака аламзада хотини томонидан болаларини кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилинганмиш.

Ўшандан сўнг Тошмат ака цензуранинг ҳам, менталилетнинг ҳам нима эканлигини хотинига бафуржа тушунтириб берибдию, аммо “ўзбек менталитети” нима эканлигинию, қайси кўрсатув ё сериал, қайси актёр, актриса ё қўшиқчининг унга (“менталитет”га) тўғри келишини, қайсиси эса тўғри келмаслигини тушунтириб беролмабди…
Ривожиддин Абдумаликов

Манба: fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Тошмат аканинг “Бало севда” қиссаси