13:50 / 20.02.2018
4 883

Нима учун оддий халқ белгиланган нархда кассадан чипта сотиб ололмайди?

Нима учун оддий халқ белгиланган нархда кассадан чипта сотиб ололмайди?
45 000 сўм (белгиланган нарх) — 100 000 сўм (қўлда), 50 000 сўм (белгиланган нарх)— 120 минг сўм (қўлда).

Санъаткор ва халқ орасида фойда кўраётганлар ким?

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларнинг барчасида маданий ҳордиқ чиқарадиган концерт, театр, цирк томошаларига онлайн — шаффоф тарзда чипта сотиш йўлга қўйилган. Наҳотки, шу усулни юртимизда қўллаб бўлмайди?!

Юртимизда санъаткорларга кенг йўл очиб берилдики, деярли ҳар куни янги куй-қўшиқлар ойнаи жаҳон орқали янграмоқда. Олдинлари фақат баҳор ва куз мавсумида томошабин билан тўладиган “Истиқолол” санъат саройи, энди барча мавсумларда қўшиқ шинавандаларини ўзига чорламоқда. Айниқса, байрамлар арафасида концертлар бир-бирига уланиб кетмоқда. Бироқ негадир концерт дастурлари кўпайгани сари маданий ҳордиқ олиш илинжида келганлар чипта сотиш кассаларидан чипта тополмай сарсон бўлиб қолишяпти. Айниқса, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан пойтахтга иш юзасидан келиб, концертга тушиш истагида бўлган юртдошларимиз санъат саройининг кассасидан чипта топа олмасдан, “қўл”дан қиммат нархларда сотиб олишаётгани уларга бир қадар ноқулайлик туғдиряпти. Хўш, нима учун чипталар чипта сотиш шохобчаларидан “қўл”га чиқиб кетяпти?

Биз бунинг сабабини билиш учун вазиятни ўргандик. Маълумки, 3-5 март кунлари гала-концерт ташкиллаштирилган. Чипталар сотувга чиққан бўлса ҳам кўп ўтмай сарой кассалари “чипта йўқ” деган жавобни бера бошлади. 17 февраль куни санъат саройининг чипта сотиш шохобчасига бориб, концертга ҳали 15 кун муддат борлигига қарамай чипта топа олмай сарсон юрган юртдошларимизни учратдик. Аслида эса “қўл”дан концертга чипта топиш мумкин. Аммо...

Бу чипталар белгиланган нархдан бир, бир ярим баравар қиммат. Масалан, 16 қаторнинг чекка жойлари 100 минг сўм. Аслида чипта нархи 45 минг сўм деб ёзилган. 25 қаторнинг ўртароқ жойлари 120 минг сўм. Чипта нархи эса асли 50 минг сўм. Кассаларда йўқ чипталар қандай қилиб уларнинг қўлида тўпланиб қолгани эса қоронғи. Ноқонуний сотувчилар эса бу чиптани қаердан олганликлари ҳақида “танишимнинг совғаси, бизга ҳам офисдан беришади, танишлар бериб кетишади”, каби мужмал жавоблардан бошқа гап айтишмади. Чипта сотиш шахобчасидагилар эса “биз фақат чипта сотамиз, бошқасини билмаймиз”, дея жавоб беришди.

Санъат саройи чипта сотиш шохобчалари ёнидаги тартибни сақлайдиган ички ишлар ходимлари эса бундай ҳолат доим бўлишини таъкидлашади. Уларнинг айтишларича, ноқонуний чипта сотувчилар доим шу ерда ўралашгани учун, уларни кассага туширишмас экан. Бироқ уларнинг қўлида доим чипталар бўлади. Уларни қандай қўлга киритишларини эса билишмайди.

Чипта сотиш шохобчаси атрофидаги узун қулоқ гапларга қараганда аслида бу ерга “каробка” яъни ўрта рядлардаги жойларнинг чипталари келмас экан. Улар қаерда, кимларга сотилиши эса номаълум. Қўлда чипта сотаётган сотувчиларнинг чипталарини кўздан кечирганимизда эса ҳақиқатдан ҳам уларнинг қўлидаги чипталар фақат чекка жойларга бўлиб чиқди. Кассадан март-апрель ойидаги концертларга чипта олаётганлар ҳам чекка жойлардан чипта қолганини таъкидлашди. Бироқ бу чипталар қаерда, қай тартибда сотилиши ёки тарқатилишини аниқлай олмадик. Чекка ҳудудлардан концерт томоша қиламан деб келган дам олувчилар эса гала-концертга кассадан чипта тополмасдан бир-икки баравар қимматга сотиб олишмоқда.

Хўш, чипталарнинг барчага бирдай сотилишини қайси ташкилот назорат қилади? Шу каби саволлар билан “Ўзбекконцерт” давлат муассасига юзландик.

— “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси концерт томошасини ўтказиш учун ташкилотчига бир марталик рухсатнома беради, — деб маълум қилди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси матбуот бўлими. — Бунда экспорт комиссияси концерт дастурининг сценарийси маънавиятимизга, менталитетимизга зид эмаслигини, хонандаларнинг лицензияси мавжуд ёки мавжудмаслигини кўриб чиқиб, концерт ўтказишга рухсатнома беради. Концерт ташкилотчисининг фаолияти тарбиркорлик фаолияти ҳисоблангани учун, чипта нархи қанча бўлади, кассада қанчага сотилади, қаерда ва кимга сотади, буни унинг ўзи белгилайди. Уларнинг моддий фоалиятини назорат қилиш “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг вазифасига кирмайди. Улар тадбиркор ҳисоблангани учун чиптани сотмасдан концерт ўтказиши ёки пул ўтқазиш йўли билан ташкилотларга тарқатиб юбориши ҳам мумкин. Бу уларнинг истаги. Кассадан ташқарида чипта сотаётганларга келсак, уларни ноқонуний тарзда фаолият юритаётгани учун бошқа ташкилотлар назорат қилади.

Хўш, бундай ҳолатда оддий қўшиқ шинавандалари қаердан чипта сотиб олишлари керак? Агар санъаткор ўзининг концерт чипталарининг нархини ўзи белгиласа, нима учун халқ белгиланган нархда кассадан чипта сотиб олиши мумкин эмас? Агар санъаткорни тадбиркор дейдиган бўлсак, тадбиркор билан халқ орасида фойда кўрадиганлар кимга керак? Назаримизда, бу муаммонинг ечимини топиш вақти келди. Чунки бугунги кунда ривожланган мамлакатларнинг барчасида маданий ҳордиқ чиқарадиган концерт, театр, цирк томошаларига онлайн — шаффоф тарзда чипта сотиш йўлга қўйилган. Бунда санъатини сотувчи ва олувчи ўртасида ҳеч қандай фойда кўрувчилар бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз бундан олдин сайтимизда “Чипталар нархини ким назорат қилади ёхуд нега Юлдуз Усмонованинг концертига оддий мухлис киролмайди?” мақоласи "Истиқлол" санъат саройи раҳбарияти эътиборига ҳавола этилган эди. Ўйлаймизки, мазкур мулоҳазали мақолага ҳам мутасаддилар бефарқ қарашмайди. Мавзу юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларга яна қайтамиз.
Гўзалой Mатёқубова

Манба: Uza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Нима учун оддий халқ белгиланган нархда кассадан чипта сотиб ололмайди?