20:20 / 07.04.2018
7 526

Раъно Шодиева: "Бизнинг халқимиз ногиронликни тўғри қабул қилмайди, бунга тайёр эмас"

Раъно Шодиева: "Бизнинг халқимиз ногиронликни тўғри қабул қилмайди, бунга тайёр эмас"
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси Хонзодабегим Аъзамова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева билан интервью уюштирди.

Суҳбатдошим Раъно Шодиева эканлигини билганимда бироз ҳаяжонландим. Кўринишларидан жиддий, қаттиққўл туюлгани учун суҳбатимиз қандай кечаркан, «тил топишиб» кета олармиканман деб ўйлагандим. Лекин улар билан суҳбатлашгандан сўнг, жиддийлик ортида хокисорликни, қаттиққўлликка беркинган меҳрни ҳис қилдим. Бугун Раъно Шодиевни ўзим учун бошқатдан кашф қилдим...

— Раъно опа ҳозирда республика «Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази»га раҳбар қилишни бошладингиз. Бу ҳаммани ҳайратга солди. Сизни ижодкор, ажойиб актриса ва она сифатида билардик...
— 20 йилдан буён хайрия ишлари билан шуғулланаман. Эшитиш имконияти чекланган болалар билан ишлашга мўлжалланган «Сўзловчи қўллар» нодавлат нотижорат марказига раҳбарлик қилганман. Марказда сурдологларни (эшитиш қобилиятини тиклайдиган шифокор) бир жойга йиғиб, «Жайка» ташкилоти билан алоқани йўлга қўйганмиз. Бир қанча хайрли ишларни ҳам амалга оширганмиз. Ёшлар иттифоқи қошидаги марказ раҳбарлигига номзодлар кўп эди, лекин бу соҳадаги фаолиятимни ҳисобга олиб менга шундай масъулиятли вазифа топширилди. Мен эса бу ишни бажонидил қабул қилдим. Лекин бунга мен иш деб қарамайман. Кимгадир ёрдам бериш, унга таянч бўлишни ҳаётий вазифам деб ҳисоблайман.

Фото: Muloqot News

— Ташкилотининг асосий вазифаси нима?
— Имконияти чекланган ёшлар қатламини, хусусан, кўзи ожиз, эшитиш қобилияти чекланган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш. Қанчадан-қанча бирон марта кўчага чиқмаган, биров хабар олмайдиган ёшларимиз бор. Асосий вазифамиз уларни ҳаётга қайтариш, ўқишига ва ишлашига, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишларига кўмаклашиш.

— Неча ёшдан бошлаб болалар сизларга мурожаат қилиши мумкин?
— Ёшлар иттифоқи 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшларни қамраб олади. Улардан фарқли ва ютуқли томонимиз шундаки, биз болаларни туғилганидан бошлаб, 35 ёшгача ғамхўрлик қиламиз. Нафақат болалар ва ёшлар, балки уларнинг ота оналари билан ҳам ишлаймиз. Чунки, аксарият имконияти чекланган ёшлар уйда ўтиради. Фақатгина ота-оналари билан гаплашади. Биз улар орқали болалар билан алоқани йўлга қўямиз. Лекин шундай ота-оналар борки, «соқовча»ни билмайди. Боласини тилини билмаса қандай тарбия беради, қандай гаплашади, дардлашади? Болаку интернатда ўрганиб кетади, лекин она ўрганмайди. Шундай оилалар борки, боласи неварали бўлса ҳам билмай юраверади. Фикрини тушунтириб беролмайди. Қанақадир ишоралар билангина мулоқот қила олади. Лекин бу ерда ота-оналарни ҳам айбламоқчи эмасман. Чунки ўрганишлари учун шароит йўқ. Марказимизда шундай ўқув курсларини очишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари ҳам руҳий, ҳам ҳуқуқий тарафдан ёрдам бериш мақсадида атрофимизга малакали психолог, ҳуқуқшуносларни ҳам тўплаганмиз.

Фото: Muloqot News

— Марказ ҳозиргача қанақа лойиҳаларни амалга оширди?
— Ҳозир асосан, вилоятларга бориб, имконияти чекланган ёшлар билан танишяпмиз. Уларнинг яшаш шароитлари қандай, нимага эҳтиёжи бор ўрганяпмиз. Кераклича амалий ёрдам беряпмиз. Шуни афсус билан айтаманки, юртимизда ногирон ёшлар сони камайтириб кўрсатилади. Лекин чекка-чекка қишлоқларга бориб, уйма-уй юриб аслида бундай болалар сафи тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўляпман. Бунга эса қариндошлар ўртасидаги никоҳ, қизларнинг эрта турмуш қуриши асосий сабаб бўляпти. Вилоятларда кўп кузатдим. Бегонага қиз бермайман, жигарим, яқиним деб, фарзандини келажагини барбод қилаётганини билмайди. Ҳомиладор келинларга бу наслимни давомчиси, уни ҳозир асраб авлайлашимиз керак демасдан соғлиғига бееътибор бўлади. Қанча тарғиботлар қилиняпти, оқибатлари кўрсатиляпти лекин баъзи ота-оталар, қайноталар бунга ҳали ҳамон бефарқ қараяпти. Бунинг натижасида бутун умр камчиликларидан уялиб, тенгдошларига қўшилолмай яшайдиган ёшлар туғилаяпти. Соғлом туғилган чақалоқлар ҳам онанинг лоқайдлиги, маъсулиятсизлиги натижасида кар, соқовликни орттириб олаяпти.

— Ҳозир касалликнинг бир қанча сабабларни келтириб ўтдингиз. Айтингчи, қандай қилиб буларнинг олдини олиш мумкин?
— Телевидение орқали кўпроқ кўрсатувлар тайёрлаш керак. Унга соҳага доир мутахассислар, кучли психологлар ҳамда имконияти чекланган ёшларнинг ўзини ва оила аъзолари ҳам таклиф этиш керак. Чунки ногиронлик битта фарзандни ёки уни онасининг эмас, балки бутун оиланинг, миллатнинг мусибати. Агар уларни гапиртира олсак, одамларга кўрсата олсак, ишонаман ишимиз янада самарали бўлади. Шундагина «кемамиз олдинга силжийди».

— Фаолиятингиз давомида соҳада қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?
— Баъзида соатлаб уларнинг эшигини тагида қолиб кетган вақтларим бўлган. Чунки ота-оналари боласини олдига киргизмайди. Гаплашишимни хоҳламайди. Кўпчилик имконияти чекланган ёшлар ота-оналарига дардини айтолмайди. Уларга юк бўлаётганидан уялади. Лекин ўзини қийнаётган гапларини, дардларини бировга айтиши мумкин. Баъзи оналар «Оиладаги гап кўчага чиқмасин», дейдида гаплашишимни хоҳламайди. Бизда эскитдан шунақа қараш бор. «Одамлар гапиради, кейин бизга қиз бермай қўяди», дейдида болани уйдан кўчага чиқармайди. Одамлардан ажратиб қўяди. Лекин ногиронлик наслдан-наслга ўтмайдиган, балки орттирилган касаллик эканини жуда кам ҳоллардагина насл суриши мумкинлигини билишмайди.

Бошқа давлатларда имконияти чекланган ёшлар тенгдошлари билан бирга ўйнайди, гаплашади. Нимага бизнинг ёшлар улардек бўлолмайди, бемалол ўйнаб кулолмайди. Нима учун одамларнинг гапи деб улар ҳеч кимга қўшилолмай, бутун умрини тўрт девор ичида ўтказиши керак?! Уларни эркин яшашга ҳаққи йўқми? Ахир улар ҳам бола, улар ҳам одам! Бошқалар қатори ўйнаб кулишни, ширин сўзлар эшитишни хоҳлайди. Нимага бизда бундай эмас. Чунки бизнинг халқимиз ногиронликни тўғри қабул қилмайди, бунга тайёр эмас. Мисол учун мурувват уйларига борганимизда кап-катта йигитлар ҳам уларни кўриб ўзини йўқотиб қўяди. Чунки кўзи ўрганмаган. Очиқ айтаман кўпи ҳазар қилади. «Раъно буларни қандай қучоқлаб, ўпасиз», деб саволлар ҳам беришади. Ҳайрон қоламан... бу ҳаракатлари болажонларга қанчалар оғир ботишини билмайди.

Агар биз улар билан дўстлашиб, алоқани йўлга қўйганимизда эди мустаҳкам иродасини ҳис қилардик. Вилоятларда шундай ёшлар билан мулоқот қилдим. Аҳволи, яшаш шароити оғирлиги кўриниб турса-да, лекин ҳеч бири аҳволидан нолимайди, шикоят қилмайди. Ўтаётган ҳар бир кунига шукр қилиб яшайди. Лекин улар ҳис қилади. Ота-онасига юк бўлаётганидан афсусланади. Бошқалар қатори ўқигиси, ишлагиси келади. Шунинг учун биз уларга туртки беришимиз керак. Уларга дўст бўлиб, чин дилдан самимий мулоқот қилишимиз, уларга пул, ўйинчоқ, моддий манфаат муҳиммас, уларга эътибор, меҳр керак. Чин дилдан дўстлашмоқчи, холис ёрдам бермоқчи бўлган кўнгилли ёшларни марказимизга таклиф қиламиз. Фақатгина бизга чин дилдан ҳеч қандай манфаатсиз ёрдам қўлини чўза оладиган, самимий меҳр бера оладиган ёшлар керак.

Жиззахлик Ризвон деган бола билан гаплашиб турамиз. Унинг иродасига, матонатига қойил қолганман. Эшитмайди, юролмайди, гапиролмайди, лекин ҳаётга бўлган муҳаббати шу даражада кучли... Ҳозир оёғида пианино чалишни ўрганяпти экан. Қаранг, биз соғлом бўла туриб, йўлимизда тўғри юролмаймиз. Лекин у оёқлари билан пианино чаляпти...

У насрда ижод ҳам қилиб туради. Монологлар ёзади. Ёзганларини жўнатади. Шунақанги қалами ўткир дуёқараши кенгки, ёзганларини ўқиб ҳайрон қоласиз. Бир куни у менга «опажон мен ўзимга ҳеч нарса сўрамайман, лекин онам менга куявериб, қаттиқ касал бўлиб қолди. Илтимос, уни даволатишга ёрдам беринг», деб SMS юборди. Қаранг, қанчалар онасига меҳрибон. Ўзи оғир аҳволда турса ҳам онаси учун сўраяпти. Бундай инсонлар ватанпарвар, оиласига садоқатли бўлади.

— Оилада қандай аёл, қандай рафиқасиз? Ўзингизни қандай онаман деб ҳисоблайсиз?
— Бошқалар қатори мен ҳам ўзимни яхши она сифатида биламан (кулади). Тўғриси, бу савол жавоб бериш мен учун қийин. Чунки болаларимга кўп вақтимни ажратолмайман. Бирга бўлолмайман. Бир куни ўғлимни боғчадан олиб қайтаётсам у кўзларимга қараб, жиддий туриб «Ойижон, сиз узоқда бўлган пайтларингизда сизни қанчалар соғинишимни билганингизда эди», — деб йиғлаб юборди. Ўзимни қўярга жой тополмадим. Она учун бу гапни фарзандидан эшитиш жуда оғир. Авваллари қизимга ҳам вақт ажратолмасдим. У ҳам мендан қаттиқ хафа бўларди. Лекин улғайиб, «Ўша пайтлари тўғри йўл тутган экансиз,» — деб вазиятимни, ҳолатимни тушунди. Ва ҳозир мени қўллаб-қувватлайди. Ишонаман вақти келиб ўғлим ҳам нима учун меҳримни бошқалар билан бўлишаётганимни тушунади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Раъно Шодиева: "Бизнинг халқимиз ногиронликни тўғри қабул қилмайди, бунга тайёр эмас"