07:03 / 02.05.2018
11 501

Ёдгор Саъдиев билан “Шайтанат” ва Асадбек ҳақида суҳбат (видео)

Ёдгор Саъдиев билан “Шайтанат” ва Асадбек ҳақида суҳбат (видео)
“Шайтанат” деганда инсон кўз олдига Асадбек, Асадбек деганда эса “Шайтанат” келади. Бу узвий тушунчаларни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Чунки асар ва қаҳрамонни ягона кўприк – Ўзбекистон халқ актёри Ёдгор Саъдиев боғлаб турибди. Бу ҳақда актёрнинг ўзи нима дейди? Журналист Хайрулла Ҳамидовнинг “Илдиз” номли кўрсатувида бу ҳақда самимий суҳбат боради.

Асадбек образи ҳақида...

Мен Асадбек образига ижобий ёндашишга ҳаракат қилганман. Тоҳир Маликнинг “Сўнгги ўқ” асари қаҳрамони Жаҳонгирнинг гапини эсланг: “Мен бу миллатни ҳар қанақа камчилиги билан яхши кўраман, чунки бу менинг миллатим”. Ана шу позициядан келиб чиқиб, Асадбек образини ўта аблаҳ қиёфада кўрсатмаслик учун, Тоҳир акага илтимос қилиб бўлса ҳам ўзгартирганман. Чунки, асардаги образлардан бири Муҳиддин отанинг бир гапи бор: “Аслида, бунинг палаги тоза эди...”.

Асадбек ролини ўйнаётган пайтимда кейинги фаолиятим нима бўлади, деб ўйламаганман. Бошқа образларим Асадбекка ўхшаб қолмасмикан, деган фикр хаёлимга келмаган. Қайтанга, мен бу роль менга насиб этганига хурсандман. Аммо Асадбек ролини ижро этишим ижодкорлик фаолиятимда ўзим излаган “ниманидир топганим”ни англатмайди. Қидиряпман, аммо тополмаяпман. “Шайтанат”дан сўнг учта фильмда роль ижро этибман.

“Шайтанат” қандай китоб ўзи?..

Кўпчилик айтиб қолади: “Ҳа, бу асар фалон жиноий тўда ҳақда, фалон жиноий тўда раҳбари ҳақида” ва шунга ўхшаш гаплар... Аммо ундай эмас. Тоҳир Малик бу асарни чуқур илми ва фантазияси асосида ёзган. Ҳатто айрим мутасаддилар мендан, Тоҳир Малик “кўча”ни қаердан билади, деб сўрашган пайтлари ҳам бўлган. Буларнинг бари, менимча, ҳаётни кузатиш маҳсули. Яхши фильм яратиш учун, албатта, яхши сценарий керак бўлади. Бу асарнинг илдизи бақувват. Чунки унда ҳаёт борлигича очиб берилган. Бундан ташқари, асар қаҳрамонларининг ўзаро диалоглари ҳам пишиқ.

- Мен дўзахда куйишимни биламан, аммо мендан олдин ўша совет ҳокимияти куйсин.
- Нега? – деб сўрайди ота.
- Агар отамни бегуноҳ олиб кетишмаганида, уни ўлдиришмаганида – онам ўлмас эди, укам ўлмас эди, мен эса бу кўчага кирмас эдим, - деб жавоб қайтаради Асадбек.
Шунда Муҳиддин ота дейди:
- Отаси отилганларнинг барчаси ҳам бу кўчага кирган эмаску...

Тоҳир Маликнинг донолигини қаранг. Мана шундай диалоглар томошабинни ўзига қамраб олган.

Тузум

Асарда Асадбекнинг кўз ўнгида отасини олиб чиқиб кетишганидан сўнг унинг ёнига дўсти Жалил келиб, ҳол-аҳвол сўрайди. Шунда кичкина Асадбек “ҳаммасини ўлдираман”, дейди. Бу гўдакнинг оғзидан чиқаётган гап. Қачон ўзбек бундай дейди, қачонки ноҳақликни кўрса. Ўзбекнинг сабри катта, аммо ноҳақликка чидай олмайди. Тоҳир Малик усталик билан бола қалбига ўша тузумга бўлган нафратни жойлаб қўйди. Тузум, қатағон йилларининг алами туфайли бош қаҳрамон боши берк кўчага, жиноят кўчасига кириб қолади.

Суҳбатда Ёдгор Саъдиев билан бугунги ижодкорлар, умуман, ижод оламининг нима эканлиги, унинг муқаддаслиги ва турли мавзуларда самимий ва анча маъноли фикр юритилган.
[media=https://youtu.be/9BXEhHblReo]

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ёдгор Саъдиев билан “Шайтанат” ва Асадбек ҳақида суҳбат (видео)