
Ҳар ойда янги қўшиқ куйламаса ҳам, бу хонандага тингловчилари вафодор. Қўшиқларидаги маъно, халқчилик хонанда ва мухлисни бирлаштириб туради, назаримизда. Саҳифамиз қаҳрамонига берилган кутилмаган саволлар орқали унинг дунёси билан яқинроқ танишамиз...
— Ноодатий селфи суратга тушиш учун ўзингизга яқин бўлган ҳолатни танланг: тезликда юриб кетаётган поезд вагонининг тепасига чиқиш; ўттиз қаватли бино томида; шер билан бир қафасда.
— Поезд вагонининг тепасига чиққан бўлардим. Бу қайсидир маънода феълим билан боғлиқ. Ҳаётда ҳам ҳаракатда бўлишни, тезликни ёқтираман.
— Ўзингиздаги қайси хислатни дугоналарингизга ўрнак сифатида кўрсата оласиз?
— Сабр билан ҳамма нарсага эришиш мумкинлигини ўзим учун исботлаганман. Дугоналаримга ҳам доим сабр қилиш кераклиги ҳақида айтаман.
— Жульетта ролини ижро этиш таклифи тушди...
— Агар ёшроқ бўлганимда ҳеч иккиланмасдан рози бўлар эдим. Лекин бугун ёшим, кўринишим бу ролга тўғри келмайди.
— Ташқи кўринишингизда нимани ўзгартирган бўлардингиз?
— Ҳеч нарсани. Доим ўзимни шундай кўринишда қабул қилиб келганман. Шунинг учун тубдан ўзгариш мен учун эмас.
— Ўзингизга қайси саволни кўп берасиз?
— Бахтлиманми? Нега билмадим, лекин миямда мана шу савол кўп такрорланади. Ҳар сафар ижобий жавоб олганман (кулади). Шукр, яқинларим соғ-саломат, турмуш ўртоғим ёнимда, фарзандларим бор. Нолишга ўрин йўқ.
— Дунёга машҳур қайси инсоннинг ҳаётида бир кун яшаб кўришни истардингиз?
— Ёшлигимдан бир машҳур инсон кумирим эди. Вақтлар давомида унинг ижодидан ташқари ҳаётидан бохабар бўлиб бироз ҳурмат қилмай қўйдим. Санъаткорнинг шахсий ҳаётига эмас, ижодига қизиқиш керак, деб бекорга айтишмас экан.
— Бир жамадон пул беришса...
— Ижод қилишни яхши кўраман. Аммо баъзида имкониятларим бироз тўсқинлик қилиб туради. Агар қўлимга катта пул тушса, кў-ў-ўп қўшиқ ёзиб, маза қилиб клип суратга олдирардим.
— Турмуш ўртоғингиз одатда нега рашк қилади?
— Бўлар-бўлмасга қизғанадиган одатлари йўқ. Лекин бироз калта кўйлак кийсам, жаҳллари чиқиб, гапириб қўядилар.
— Кўринмас одамга айланиб қолсангиз...
— Бутун дунёни айланиб чиққан бўлардим, текинга (кулади). Лекин ҳеч ким билан гаплашолмай, зерикиб қолишим мумкин-ку... Яхшилаб ўйлаб кўришим керак экан.
— Тушингиз ўнгидан келганми?
— Бундай ҳолат жуда кўп бўлади. Масалан, тўйимдан олдин, эрим билан қўл ушлашиб, узоқ йўлга чиққанимни туш кўргандим. Ўшанда уйғониб шу йигитга турмушга чиқсам керак, деган хаёл ўтганди.
— «Гиннес рекордлар китоби»га кириш имкони берилганида, қайси йўналишни танлаган бўлардингиз?
— Миллиардер бўлганимда, дунёда энг кўп яхшилик қилган Дилдора Ниёзова сифатида бу китобда қайд этилишни истардим.
— Қачон охирги маротаба ота-онангизга уларни яхши кўришингизни айтдингиз?
— Бу гапни жуда тез такрорлайман. Бундан уч кун аввал уйга боргандим, ўшанда ҳам шу сўзларни айтиб хайрлашдим. Ота-оналаримиз доим соғ бўлишсин!
Алия СУЛАЙМАНОВА
Манба: Darakchi.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар