20:57 / 06.04.2019
3 707

Мирзиёев Сурхондарёда халқаро бахшичилик санъати фестивали очилишида нутқ сўзлади

Мирзиёев Сурхондарёда халқаро бахшичилик санъати фестивали очилишида нутқ сўзлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда халқаро бахшичилик санъати фестивали очилишига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

Президент барча иштирокчиларни Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиши билан муборакбод этди.

“Юртимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд вакиллар қатнашмоқда. Уларнинг орасида атоқли маданият арбоблари, фольклор санъати намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари борлиги бизга катта мамнуният етказади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти фестивалда иштирок этаётган ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани бошқармаси бошлиғи Андрей Шевелев, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг тузилмаси – АЙСЕСКОнинг Маданият бўйича директори Рхиати Салиҳ, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё ва Тинч океани минтақаси раҳбари Гада Рида Хижжави, Қирғизистон президентининг маслаҳатчиси Султанбай Раев, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухаметўғли, Тожикистон маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода, Туркманистон маданият вазирининг ўринбосари Курбанмурат Мирадалиев, Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Исҳоқ Рахгузар ва бошқа хорижлик меҳмонларга ташаккур изҳор этди.

“Биз халқ ижодиётини, турли ўлкаларда бахши, жиров, оқин, манасчи, шоир, ошиқ каби номлар билан аталадиган, ўз тимсолида ҳам шоирлик, ҳам созандалик, ҳам хонандалик маҳоратини мужассам этадиган инсонларнинг нодир истеъдодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Бугун ўз ишини бошлаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали айни шундай улкан ва муҳим мақсадга қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман”, деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг таъкидлашича, “агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни кечирмайди”.

Мирзиёев айни пайтда ўзбек миллий фольклор санъатини чуқур ўрганиб, уни дунё миқёсида кенг тарғиб этиб келаётган кореялик Инг-Ёнг О, германиялик Карл Райхил, туркиялик Фикрат Туркман, Селами Фидакор сингари хорижий олимларга самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон президенти ушбу фестиваль дунёдаги энг нуфузли санъат анжуманлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига ишонч билдирди.

“Бахшилар нафақат халқ ўтмишининг акс-садоси, айни пайтда бугунги куннинг ҳам жарангдор овозидир. Гўзал юртимиз ҳаёти билан танишган сиз, азизлар ўз фикр ва туйғуларингиз ҳақида, бағрикенг ва меҳмондўст халқимиз, унинг маданияти ва бетакрор қадриятлари ҳақида янги-янги қўшиқ ва достонлар яратишингизга тилакдошмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур фестивалга катта тайёргарлик кўрилган. Фольклор-этнографик чиқишлар, сайёҳлик масканларига ташрифлар, илмий конференция ва кўргазмаларни ўз ичига олган маданий-маърифий тадбирлар дастури тайёрланган.

Қайд этилишича, фестиваль 10 апрелгача давом этади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Мирзиёев Сурхондарёда халқаро бахшичилик санъати фестивали очилишида нутқ сўзлади