Маданият соҳасида қандай ўзгаришлар кутиляпти?

  • 24 апрель 2019, 08:50
  • 975
  • Маданият
  • Маданият соҳасида қандай ўзгаришлар кутиляпти?
    Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент Қарори ижросининг таъминланиши юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдида ҳисобот берди. У ўз нутқида 2019 йилда бажарилиши режалаштирилган ишлар юзасидан маълумот берди.

    Вазирга кўра, мавжуд 7476 та маданий мерос объектларидан 5430 тасининг давлат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ягона давлат кадастр тизимига зарур маълумотларни киритиш, 159 та объектда туристлар ва аҳолининг ташрифини электрон ҳисобга олувчи турникетлар ўрнатиш ҳамда 5953 та объектда муҳофаза белгиларини ўрнатиш қайд этилган бўлиб, бу масалада ижрочи сифатида маҳаллий ҳокимликлар белгиланган.

    «Шунингдек, амалда республика театрларида саҳналаштирилган 55 та миллий драма асарларини сонини 70 тага ва 42 та тарихий асарлар сонини 60 тагача ошириш кўзда тутилган», – дейди Маданият вазири.

    Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбек давлат цирки фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, 2018 йилда намойиш этилган 294 та томошалар сонини 20 фоизга ошириш ҳамда томошабинлар сонини 30 фоизга ошириш белгиланган. Шу билан бирга, «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига гастролларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги режа-жадвали тасдиқланган.

    Истироҳат боғлари фаолияти юзасидан вазир келтирган маълумотларга қараганда, 225 та маданият ва истироҳат боғларининг 80 таси (35%) фойдаланишга топширилмаганлигидан келиб чиқиб, жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида 50 та паркнинг фаолиятини таъминлаш кўзда тутилган.

    Шунингдек, маълум қилинишича, 42 та маданият марказларини янгидан қуриш, реконструкция, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 74 та маданият марказининг фаолиятини тугатиш белгиланган.

    «Музейларнинг таълим муассасалари ва йирик ташкилотларда амалдаги 250 та кўчма кўргазмалар сонини 400 тагача етказиш белгиланган», – дейди Бахтиёр Сайфуллаев ўз нутқида.

    Вазир баёнотига асосан, жорий йил якунига қадар 6та болалар мусиқа ва санъат мактаблари, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 4та, Наманган вилоятида 1та, Тошкент вилоятида 1та фойдаланишга топшириш ҳамда 6 та мактабни реконструкция қилиш (Қашқадарё вилоятида 2та, Самарқанд вилоятида 2та, Тошкент вилоятида 1та) белгиланган.

    Маълумот учун, 2017 йилдан буён маданият соҳасига оид 20 та Президент фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг 54 та қарори қабул қилинган.

    Фикрлар

    » » Маданият соҳасида қандай ўзгаришлар кутиляпти?