«Маданиятни билган одам...» Аҳмоқона томоша тугадими?

  • 28 май 2019, 10:45
  • 5 365
  • Маданият
  • «Маданиятни билган одам...» Аҳмоқона томоша тугадими?
    Ислом динидаги бешта фарздан бири ҳар йили бир ой рўза тутишдир. Динимизда рўзадорнинг одоблари аниқ-тиниқ белгилаб берилган. Яъни, ким рўза тутиб, Аллоҳнинг ибодатини амалга оширса, у ўзини бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳам одобли, босиқ ва хушмуомала тутиши лозим.

    Рўзадорнинг тилидан ҳар хил кераксиз гаплар чиқмаслиги, рўза тутган киши ғийбат, чақимчилик каби ишлардан узоқ бўлиши, ҳақоратли гап-сўзларни, умуман, гапирмаслиги лозим. Ўзга рўзадорларни ҳам ҳурмат қилиши, уларга ширин сўзлаши, мушкулларини осон қилиб бериши керак. Хулласи калом, бу муборак ойда мусулмонлар нафақат белгиланган вақт оралиғида еб-ичишдан, балки жисмонан, қалбан ва руҳан ёмонликлардан тийилишлари керак.

    Афсуски, буни барча ҳам англаб етавермайди. Телеграм каналларида тарқалган қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг ҳамкасби Жаҳонгир Отажоновга йўллаган ўзига хос жавобини эшитиб, бунга яна бир бор амин бўлдим.

    Аввало, Абдулла Қурбонов шоу-бизнес (санъат дейишга тилим бормади) оламидаги энг зиддиятли шахслардан бири эканлиги кўпчиликка маълум. «Миллион» жамоасининг айнан шу қўшиқчи тимсолидаги ҳазиллари кўз олдимга келди. Ўшанда қўшиқчининг ўзи биринчи қаторда ўтирволиб ҳазилларга тиззаларига уриб кулган эди.

    Сўнгра, мени масхара қилишди..., дея «Миллион»чиларга иддаолар қилиб, уларнинг ҳам анча-мунча сирларини «чочиб» ташлаганди. Ҳа, энди, шоу-бизнес олами шу-да, шу йўл билан ҳам улар ўзларини реклама қилишади, деганди кўпчилик. Лекин бу сафаргиси ҳаммасидан ошиб тушди назаримда...

    Ж.Отажоновнинг телеграмда тарқатилган ва Қурбоновнинг жаҳлини чиқарган видеосини қайта-қайта эшитдим. Айтарли ёмон гап йўқ. Афтидан у «The Cover Up» лойиҳасидаги кастингида қатнашган «қўшиқчилар»га қарата мурожаат қилган. Бежиз қўшиқчи сўзини қўштирноққа олмадим, сабаби хонандаликка даъво қилиб кастингда уқувсизларча бақириб куйлаган қизларнинг видеоларини мен ҳам кўриб, очиғи, қотиб кулгандим.

    Лекин бу ерда у қизларнинг айби йўқ, улар шунчаки куйлашни исташади ва кастингга келишган. Энди уларни телеграмда тарқатиб, оммага шарманда қилиш касб этикасига қанчалик тўғри келиши ёки келмаслигини баҳолаш «The Cover Up»чиларнинг виждонига ҳавола. Чунки буни улардан бошқа ким ҳам тарқатарди ва бу алоҳида мавзу.

    «Хуршиттикида ифторлида ўтирувдик, жонли ижролани кўриб...» – дейди Отажонов видеомурожаатида. Ана холос, улар офисда ёки шунчаки гапда эмас, ИФТОРЛИКДА! Демак, рўза тутишган, рўзадор... Мақолам моҳиятини англагандирсиз.

    Шу ўринда яна бир гап: яқиндагина «Абдулла Қурбонов Маккада бутун Ўзбекистон ҳаққига дуо қилди!» сарлавҳаси билан видео тарқалган эди. Унда қўшиқчи А.Қурбонов бир неча ҳамюртларимиз қуршовида роппа-роса 7 дақиқа дуо қилгани акс этган. Майли-да, қарғагандан дуо қилган яхши. Шундай жойда, қанчадан-қанча фарз амалларидан ортиб дуо қилишга вақт топибдими, барака топсин. Бунга ҳар ким ўзича баҳо ҳам бериб бўлди. Аммо-лекин дуодан кейинги «сийлови» ҳам «санъаткорона» бўлганки, бу энди муҳокамали мавзу. Тағин муборак Рамазон ойида, ҳар бир мусулмон боришни орзу қилган муқаддас жойда туриб. Қийин бўлса ҳам унинг гапларини айнан кўчиришга ҳаракат қилдим:

    «Кимиди бу ашулачи, қачондан одам бўпқолди бу ҳайвон, олдин билвосин яхшилигини, олдин ишлашши билвосин, – гап бошлайди хонанда Қурбонов. – Овволомбор, биринчи бўлиб Қуръонни қанақиб ўқишши ўрганвосин кейин гаплашаман бу бола билан».

    Қизиқ, мавзуга Отажоновнинг Қуръонни қандай ўқишининг нима даҳли бор? Ёки Қуръонни билиш, чиройли ўқий олиш одамга оғзига келганини гапириш ҳуқуқини берадими? Ундаймасдиров!

    Хонанда давом этади: «Этила илтимос сал муккасидан чиқиб кетиб қоптию бу бола, ҳов Шукур ака, Ботир телеграмига ташлаворила маши гапларими... ҳой ўзингга кевол ов Жоҳон ов, Тошкен ёқмаяпган бўса боргинда Хоразмингда яша, ўшатта Хоразмда. Ҳа Тошкенни пули сани қутиртирворибдию Жоҳон, чуствени билво ҳов, ўрнини бил ў, валдир-вулдир қивурма ўзингча, ким бўсенам, тушиндина. Биринчидан рамазонни ҳурмати, иккинчидан ётволиб бу, халқ билан ётволиб гаплашиб бу ростакасим қутирганимасми ҳов, окала, ҳов Зокир... Ботир, Азиз, санла биласанла шекили уни телефонини, телефон қилиб гапирмислами ҳов қадрдонларим.»

    Қойил, биринчидан, одамларни бир-бирига гиж-гижлаш, ўртага адоват солиш қанчалик гуноҳлигини билармикин бу қўшиқчи? Менимча йўқ, билганида Ботир, Азиз деган айбсиз инсонларни Отажоновга қайрамаган бўларди. Иккинчидан, «Тошкен ёқмаяпган бўса боргинда Хоразмингда яша» дейишга Қурбонов қанчалар ҳақли?! Унга ким ваколат бериб қўйди бу гапни айта олишга? Ёки вилоятликларнинг Тошкентда яшаш-яшамасликларини у ҳал қиладиган бўлиб қолдими?

    Санъаткорнинг вазифаси ўзининг қўшиқлари билан халқни бирлаштиришми ёки маҳаллийчилик уруғини сепишми? «Тошкенни пули Отажоновни қутиртирворган» ҳам дейлик, нима пойтахтлик (А.Қурбоновнинг ўзи ҳам) қўшиқчилар вилоятлардаги тўйларга текинга боришмаётгандир... Қурбонов тағинам Рамазонни ҳурмат қилибди, акс ҳолдаааааа...

    Аудиомурожаат яна давом этади: «халқ билан ётволиб гаплашиб, ҳаммаёда гапиришвотти бу бола ким деб уже, Каъбада уже ҳозир гапиришвотти бу окала тушунвослами...»

    Астағфируллоҳ, девордим шу жойини эшитиб. Маккаи Мукаррамага Умра зиёратига борган юртдошларимиз Аллоҳ билан руҳан яқинлашиб, гуноҳлардан покланиш ўрнига, Абдулла Қурбонов тили билан айтганда, шоу-бизнесни «обсуждат» қилишгани қайси ақлга сиғаркин. Магарки, хонандага шуни айтишган ҳам дейлик, нега у «Биродарлар, мен дунё ҳою ҳавасларини бир четга суриб, бу ерга покланиш учун келганман, бу ерда дунё масалаларини муҳокама қилмайлик, зиёратимизни бекаму кўст бажариб, соғ-омон оиламиз бағрига қайтишнинг дуосида бўлайлик», демади экан-а?

    Қойил қолдингизми сиз ҳам. Ёки ўзбек шоу-бизнеси муаммолари Қурбонов зиммасига юкланганмидики, «шундай муҳим масал муҳокамаси»га Каъбатуллоҳ ҳам мўнелик қилолмаган?..

    Аудиомурожаатни эшитиб бўлмасимдан телеграмда яна Абдулла Қурбонов пайдо бўлди. Бу сафар видеомурожаатини «Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», яъни «Лаънатланган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман, Аллоҳ номи билан бошлайман» зикри билан сўз бошлаган хонанда.

    Бу гал кулишимни ҳам, куйишимни ҳам билмай қолдим. «Ман группага ташаганидимде Жоҳонни ўртоларимга тарқатворила десам ула ҳаммаёққа қўйворишган... энди сан шуни этгин, Жоҳонгир укам дегин, ёки мани номимдан гапир. У санъаткор, гап бўлиши мумкинамас, маданиятли одам, маданиятни билган одам мундо ўтириб чиройли қилиб гапиради... у одамни деб ман гап эшиттим...»

    Аввалига «Кимиди бу ашулачи» дея Ж.Отажоновни ўзича танимаган, овозини эшак овозига ўхшатган, тўйхонага кийиб борган кийимини итига ҳам кийдирмаслигини айтиб ҳақоратлаган қўшиқчи бу сафар «У санъаткор, гап бўлиши мумкинамас, маданиятли одам» дея Отажоновни алқашни унутмайди. Қойилмисиз?

    Демак, Қурбоновга ўзи ишонган дўстлари панд берибди-да, ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга, мақоли санъаткорлар учун эканда.

    Кейинги пайтларда шоу-бизнес вакилларининг хурмача қилиқлари кўпайгандан кўпайиб кетди. Мен машҳурман, оғзимга келганини гапираман, хушимга келганини қиламан, қабилида ўйлайдиганлари омма эътирозларига сабаб бўлаётгани бор гап. Бир сўз билан айтганда, санъатни саноатга айлантириб бўлишди. Мутасаддилар эса нари борса вақтинча лицензиясидан маҳрум қилиш билан чекланяпти.

    Мақолам орқали Абдулла Қурбонов ва Жаҳонгир Отажоновни бир-биридан устун ёки кам қўймоқчи эмасман. Иккаласи ҳам жуда хунук иш қилишган.

    Абдулла Қурбоновга эса айтар сўзим шу: Аввало, зиёратларни адо этиб, соғ-саломат оилангиз бағрига қайтиб келинг. Лекин ҳадеб ҳиссиётларга берилаверманг. Муқаддас жойда юртимизга, халқимизга, башариятга яхшилик тилаб дуо қилганингиз дуруст. Аммо ўзингизга ҳам инсоф тилаш эсингиздан чиқмасин. Айтишадику, қўл югуриги ошга, тил югуриги бошга, деб. Зеро, ўзбек халқи донишманд, қўлдаги тасбеҳларга алданиб қолмайди!

    Усмонжон Йўлдошев

    Манба: Xabar.uz

    Фикрлар

    » » «Маданиятни билган одам...» Аҳмоқона томоша тугадими?