Орҳан Дургут нима қилмоқчи?

  • 24 июль 2019, 07:13
  • 1 075
  • Маданият
  • Орҳан Дургут нима қилмоқчи?
    Президентимиз шу йилнинг 15 июнь куни Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити”да сўзлаган нутқида Осиёда ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш ва ривожлантириш,ўзаро ишонч чораларини ошириш бўйича давлатимизнинг қатор таклиф ва ташаббусларини билдирди.

    Хусусан, “Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди ва бунда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини билдирди.

    Туркиялик таниқли фотограф Орҳан Дургут ҳам мазкур ташаббусдан руҳланиб, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўзининг фотокўргазмасини ташкил этиш таклифини билдирди.

    Фотогроф ўз асарларда дунёнинг 33 давлатидаги 60 та Ислом шаҳарларининг тарихий бино ва муқаддас қадамжоларини акс эттирган.

    Эътиборли жиҳати, фотограф Имом Бухорий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон ва Эъзобшаҳарларида бўлиб, у ердаги машҳур Ислом маданий меросларини ўз ижодида акс эттирган.

    Орҳан Дургутнинг фото жамланмасидан Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Термиз шаҳарларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар хусусан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Регистон ансамбли, Шоҳизинда, Ичан Қалъа, Ҳаким Ат-Термизий, Хасти Имом, Кўҳна Арк каби машҳур тарихий обидалар ва мақбаралар ҳам ўрин олган.

    Мазкур халқаро фотокўргазма Имом Бухорий таваллуд топган ой (810 йил 20 июль) муносабати билан ташкил этилаётганлиги боис, муҳаддиснинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ҳам кўргазма доирасида халқимиз эътиборига ҳавола этилди.

    Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий асарининг қўлёзма нусхалари”ва “Дунё Ислом шаҳарлари” номли халқаро фотокўргазма жорий йилнинг 19 июлидан 19 августига қадар давом этади.

    Тадбир доирасида ўтказилган давра суҳбатида соҳани янада ривожлантириш юзасидан профессорлар исломшунос мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилиб, келгусида амалга оширилиши лозим вазифалар белгилаб олинди.

    Орҳан Дургут – туркиялик фотограф:
    Мен сўнгги пайтларда дунё мамлакатларида ислом динига нисбатан бўлаётган асоссиз хуружларни кўриб, эшитиб ич-ичимдан қийналардим. Бу жараёнда қандай ёрдам бера олишим мумкинлиги ҳақида ўйлардим. Шундан сўнг, касбим фотограф бўлганлиги учун Ислом шаҳарларига сафар қилишни ва у ердаги қадимий бино ва иншоотлар, муқаддас қадамжолар, мақбараларни фотоларини тўплашни, тўпланган фотоларни халқаро даражадаги кўргазмалар ташкил қилиб, намойиш этишни, ушбу кўргазмалар орқали Ислом динида бўлган, унинг софлиги учун курашган аждодларимиз юксак ақл-заковот соҳиби ва бунёдкор инсонлар бўлганини исботлашни ўз олдимга мақсад қилдим. Шу мақсад йўлида бир неча йиллар меҳнат қилдим. 60 дан ортиқ ислом шаҳарларида бўлиб фотолар тўпладим.

    Ушбу фотокўргазмамни биринчи маротаба Ўзбекистонда ташкил этмоқдаман. Самарқандда ташкил этиш фикри эса, бу заминда ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк муҳаддис Имом Бухорий мангу қўним топган.

    Қолаверса, Президентингиз яқинда Тожикистонда ўтказилган саммитда Осиёда динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш таклифини билдирди. Ва, бу мулоқотни амалга оширишда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини айтди.

    Кўргазма Имом Бухорийнинг таваллуд санаси арафасида ташкил этилганидан бениҳоя хурсандман. Бунда менга яқиндан ёрдам берган барча ташкилотчиларга чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
    Умид СОРИЕВ

    Манба: Xs.uz

    » » Орҳан Дургут нима қилмоқчи?