23:28 / 02.05.2020
3 847

Ўзбекистон Халқ ҳофизи Махмуджон Тожибоевдан жонли ижрода ажойиб ашулани тингланг

Ўзбекистон Халқ ҳофизи Махмуджон Тожибоевдан жонли ижрода ажойиб ашулани тингланг
Zamin.uz сайтининг доимий ўқувчилари ҳозирги карантин пайтида вақтларини мароқли ўтказишлари учун янги лойиҳага қўл урдик. Бугундан бошлаб сайтимизнинг Youtube'даги www.youtube.com/zaminmusic канали орқали юртимизнинг севимли ҳофизи, устоз санъаткор - Ўзбекистон Халқ ҳофизи Махмуджон Тожибоев ижросида жонли тарзда куйланган ашулаларни тақдим этиб боришни ният қилдик.
Ўйлаймизки, ушбу мароқли ашулалар Сиз азизларга манзур бўлади. Бугун Махмуджон Тожибоев ижросидаги Машраб ғазали билан "Ҳоли паришоним менинг" ашуласини тингланг:

Маълумот учун, Ўзбекистон Халқ ҳофизи Махмуджон Тожибоев 1957 йилнинг 25 ноябрда Фарғона вилояти, Қува туманида таваллуд топган. Она томонидан бобоси Давронбой Каримов эл-юрт ўртасида анча юқори мавқега эга бўлган ҳофиз эди. Ана шу наслий мерос туфайли бўлса керак Махмуджон Тожибоевга яхши мусиқий қобилият ато этилган.

У биринчи мусиқий таълимни ҳали жуда ёшлигидан бошлаб ўз маҳалласидаги моҳир созанда ва ҳофиз Эгамберди Маматовдан ўрганди. Ўз навбатида Эгамберди ака Давронбой ҳофизнинг шогирди эди. Шунинг учун бўлса керак у Махмуджонга ўзгача меҳр билан муносабатда бўлди.

Қишлоқдаги 25-чи ўрта мактабни тамомлагач, Махмуджон Тошкентга йўл олди. Дастлаб ўша пайтдаги Маданий-оқартув техникумини тамомлаб, сўнг Тошкент Давлат Консерваториясига ўқишга кирди. Бу даргоҳнинг “Шарқ мусиқаси” кафедрасида етук мақом устозлари Ориф Алимахсумов, Турғун Алиматов ва Фаттохон Мамадалиевлардан мақомот сирларини ўрганди.

Ўқиб юрган даврларида 1983 йилда бўлиб ўтган Юнус Ражабий номидаги халқаро мақом танловининг хонандалик йўналиши бўйича мутлоқ ғолиби деб топилиб “I даража”ли лауреат дипломи билан тақдирланди. Ўқишни тугаллаб, Ўзбекистон радиоси қошидаги мақомчилар ансамблига ишга таклиф этилди. Бу ерда М.Тожибоев замонасининг етук мақомчи устозлари О.Отахонов, О.Хотамов, Б.Давидова, К.Исмоилова, Э.Лутфуллаевлар бирга ишлаб улардан мвқом ижрочилиги сирларини қунт билан ўрганди ва бутун шашмақом асарларини магнит тасмаларига ёзилишида фаол иштирок этди.

Яккахон ҳолда икки юздан ортиқ мақом ва халқ ашулаларини радио олтин фондига муҳрлашга муваффақ бўлди. 2000 йилда унинг хизматлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақдирланиб “Ўзбекистон Республикаси Халқ ҳофизи” фахрий унвони берилди. Шундан сўнг М.Тожибоев Ўзбекистон Давлат Консерваториясида устозлик фаолиятини бошлади. 2009 йили профессор унвонига сазовор бўлди. Шу давр ичида у юздан ортиқ шогирдларни тарбиялаб етиштирди.

Улар орасида элга таниқли Ж.Отажонов, Г.Мамазоитова, С.Мамадалиев, Ў.Оллоберганов, Ф.Ашуралиев, Э.Ахмедов кабилар бор. Ўзбекистон раҳбари томонидан М.Тожибоевнинг хизматлари 2018 йилда “Меҳнат Шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Ҳозирги пайтда М.Тожибоев Ўзбекистон Давлат консерваторияси “Мақом” факультетида дарс бериш билан бирга Президент қарори билан ташкил этилган “Ўзбек Миллий мақом маркази” дирекциясида “устоз-шогирд” бўлимини бошқариб келмоқда. М.Тожибоев ўз фаолияти давомида дунёнинг 40дан зиёд давлатларида бўлиб ўзбек миллий мусиқасини дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ўзбекистон Халқ ҳофизи Махмуджон Тожибоевдан жонли ижрода ажойиб ашулани тингланг