18:44 / 07.09.2020
6 579

Хосият Ҳусанова: Фатҳулла Масъудовнинг вафот этишини билганимда тиз чўкиб кечирим сўрардим

Хосият Ҳусанова: Фатҳулла Масъудовнинг вафот этишини билганимда тиз чўкиб кечирим сўрардим
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли актёр Фатҳулла Масъудов 30 август куни 57 ёшида оламдан ўтди. Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Хосият Ҳусанова Фатҳулла Масъудовни ёдга олди ҳамда қалбини кемираётган армонлари ҳақида сўзлаб берди.

«Раҳбарлик пайтида кўп қийнаган пайтларим бўлган. Ўзлари сиқилиб юрган бўлсалар ҳам, ишлари кўп бўлса ҳам мен эркалик қилдим, уришдим, сўкдим. Масалан, камчилигимни юзимга айтса, мен ҳақман, деб. Шуни ҳам кўтардилар. Фатҳулла акамдан кечирим сўраган бўлардим. Улар театрга раҳбар бўлмасларидан олдин сочлари бунчалик оқармаган эди — ёш эди. Ҳамиша ёш йигитлар ролини ўйнаб келдилар.

Лекин раҳбар бўлганларидан кейин сочлари тез оқариб кетди. Кечаю кундуз ишладилар. Тинмадилар, яна ижодни тўхтатмадилар, ҳамма нарсага улгурардилар. Ўзларига сочингиз оқариб кетибди, мана шу сочингиз оқаришида менинг ҳам ҳиссам бор, мени кечиринг, деб айтиб олганман. Лекин ҳазил-ҳузул қилиб айтганман. Вафот этишларини билганимда бошқача сўрардим — тиз чўкиб сўраган бўлардим. Бебаҳо инсон эдилар. Илоҳим, жойлари жаннатдан бўлсин!
», — дейди актриса.

«Ҳеч ким ўйламади, Абдурайим акам билан Фатҳулла акам ҳақида ҳеч ким ўйламади, хаёлимизга келмади. Бирданига бўлгани учун ҳаммамиз сиқилиб қолдик. Доим кайфиятим яхши эди, яхши юрардим, бир ҳафтанинг ичида кўнглим чўкиб қолди. Энди буни Оллоҳга ширк келтириш дейишади. Бекам-у кўстман: еганим олдимда, емаганим ортимда, оилам тинч, болаларим соғ, ҳамма нарсам етарли, лекин тушкунликка тушиб қолдим. Кеча ўтириб ўйладим, нега бундай бўляпти, деб. Кейин обдан ўйлаб, мана шу театримиздаги кетма-кет ўлимлар бунинг сабаби, деб ўзимга ташхис қўйдим.

Келиб ролимизни ўйнаб кетаверарканмиз, ундай, бундай деймиз. Баъзан уришамиз, баъзан қучоқлаб ўпишамиз. Лекин театрдагилар ҳаммамиз битта оила эканмиз. Ҳа, анави ўтиб қолибди, жойи жаннатдан бўлсин деб кетаверамиз, таъзиясига борасиз, унутасиз бўлди. Лекин бу ўлимларни бир-икки кунда унута олмаяпмиз-да. Чунки биз учун оила аъзомиздек, жигардек қадрдон бўлиб қолишган экан. Ҳамкасблар бир-биримизга шундай эканмиз. Шуни энди билдик
», — дейди Хосият Ҳусанова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Хосият Ҳусанова: Фатҳулла Масъудовнинг вафот этишини билганимда тиз чўкиб кечирим сўрардим