13:19 / 19.11.2020
5 347

Оғабек Собиров узоқ йиллар давлатнинг асосий тадбирлардан «тушиб қолиши» сабабига ойдинлик киритди (видео)

Оғабек Собиров узоқ йиллар давлатнинг асосий тадбирлардан «тушиб қолиши» сабабига ойдинлик киритди (видео)
Фото: «Дарё»
Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Оғабек Собиров суҳбат давомида унга қўшиқ қилиб айтиш топширилган шеърни айтмагани учун уни ёқтирмайдиганлар кўпайгани, давлат тадбирларидан четлашиш сабаблари ҳақида гапириб берди.

- "Санъаткор учун унвон «Аввалроқ берилиши керак эди» дейилган гапларни эшитишнинг ўзи катта бахт. Масалан, «Ие, сизга ҳам бердими? Тавба», деса нима қилардим. Унда бу нарсани кераги бўлмасди. Чунки у шараф бўлмайди. Одамларнинг кўзида сохта санъаткор бўлиб гавдаланиб қоласиз.

Ижтимоий тармоқлар орқали, тўйларда, концертларда, халқимизнинг яхши кунларида одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиб қоламиз. Ўшандай пайтларда биринчи бериладиган савол шу: «Нима учун сизга ‘Ўзбекистон халқ артисти унвони’ берилмаяпти?» бўларди. Бу саволлардан мен баҳра олардим. Тўғри маънода, мен шундан завқ олардим. Демак, шукрки мен халқнинг назарида эканман.

Энди «10 йил олдин, 15 йил олдин берилса ҳам бўларди» деган гаплар бўляпти. Масалан, бу нарсага кўпчилик гувоҳ, очиқдан очиқ ёзишяпти. Бу нарсалар санъаткор учун улкан бахт.

Айтишади-ку, «Ҳар бир нарсанинг, ўзини вақт-у, соати бор», демак, вақти, соати бўлмаган. Мен шунақа тушунаман. Вақти, соати бўлмаган деб юрдим, юрдим, мана вақти-соати бўлди, шу нарса берилди. Аллоҳга беҳисоб шукур. Қолаверса, муҳтарам юртбошимизнинг кичкинагина санъатимизга назарлари тушганидан жуда хурсандман, бахтлиман.

Кейин ҳам берилмаслиги мумкин эди. Аслида гап берилиши ёки берилмаслигида ҳам эмас, масалан, халқ яхши кўрса, шунинг ўзи олий унвон.

Бировга ёқиш-ёқмаслик ҳамма даврда ҳам бўлган. Масалан, мени ҳам тўғрисини айтишим керак, ўша пайтда 15-16 йиллар аввал кимларнингдир шеърини айтишим керак бўлди. Шу шеър менга ёқмади, танамга сингдиролмадим. Қўпол қилиб айтганда, ўша шеърни қўшиқ қилиб айтгим келмади. Кейин бу қўшиқ айтилмади, шундан бошланди бу нарса.

Халқимизнинг тўйларида кўпроқ бўламиз, бир-икки кун қолганда «тезда тадбирга етиб келинг», деган давлат чақириқлари бўлиб қолади. Бормасликнинг иложи йўқ, лекин бу ерда тўйга айтилганмиз, ойлаб кутган одамлар бор, одамлар ният қилишади, қанча ҳаракат ва орзу ниятлар билан қилинаётган тўйга бир кун қолганда «Боролмайман», деб айтишни тасаввур қилиб кўринг. Уларни ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Виждоним қийналарди, тўйни ташлаб, у ерга боролмасдим. Ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Биров «Пулни деб, озгина маблағ кўзига яхши кўринди-ю, давлатнинг бепул тадбири кўзига кўринмади», дейиши мумкин, лекин унақа эмас.

Ҳар кимнинг шароити ҳар хил. Камбағал одам ният қилади. Мен боролмасам юзимга шарт айтади: «Ваъда бердингми? Тўйнинг санасини ўзинг белгиладингми? Сўраган пулингни бердимми? Келасан. Тамом».

Хўш нима деб жавоб қайтариш мумкин? Ушбу саволга ҳали ҳанузгача ҳеч кимдан қониқарли жавоб эшитмаганман. Шу нарсалар аста-секин мени давлат тадбирларидан четлашишимга сабаб бўлди деб ўйлайман", - дейди Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров.

Маълумот учун, Оғабек Собиров 2020 йил мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланди. Оғабек Собиров пойтахтда 30 га яқин, вилоятлар бўйлаб 200 га яқин яккахон концерт дастурларини тақдим этган. Унинг ўттиздан ортиқ мусиқий альбоми, 300 дан ортиқ муаллифлик қўшиқлари бор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Оғабек Собиров узоқ йиллар давлатнинг асосий тадбирлардан «тушиб қолиши» сабабига ойдинлик киритди (видео)