15:30 / 27.04.2021
3 984

«Уларни кўриб, оёғимнинг учигача музлаб кетганман» – Насиба Абдуллаева


Фото: «Дарё»
Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб ўтказилган «Ботир Зокиров санъати давомчилари» республика кўрик-танловининг 25 апрель, якшанба куни бўлиб ўтган тақдирлаш маросимидан сўнг журналистларга интервью берган Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева устози Ботир Зокиров билан боғлиқ хотираларини сўзлаб берди.

«Эшикни очиб, мени кузатаётган экан»
— 1980 йил Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти ва санъати кунлари ўтказилди. Ўша пайтда 18 ёшда эдим, Самарқанд филармониясида ишлардим. Мени Озарбайжондан келган оркестр билан қўшиқ ижро этиш учун Тошкентга таклиф этишди.
Концерт дастурига тайёргарлик кўраётган вақтимизда, хонанинг эшиги қия очилган ҳолатда кимдир мени эшитаётганини ҳис қилдим.
Дарров ўша томонга кўз югуртириб, эшик олдида турган одамни танигач, оёғимнинг учигача музлаб кетганман рости. Сабаби буюк санъаткор Ботир Зокиров эшикни очиб, мени тинглаб, кузатаётган экан. Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, уларнинг ўша кўз қараши, ўша кўзлардаги маъно ва илиқлик ҳалигача ёдимда.

«У қизча узоққа боради»
— Репетиция тугаганидан сўнг биз фойеда кўришиб қолдик. Ўшанда улар «Тоғ булоғидек тоза овозинг бор экан, овозингни асрагин. Энг муҳими, ёшгина қизча экансан, ҳозирги маъсумиятингни, камтарлигингни ва санъатга муҳаббатингни асрагин», деган эди. Ботир акамнинг бу сўзлари ҳар доим қулоқларим остида жаранглайди.
Кейинчалик Ботир акам укаси Фарруҳ акамга «Агар ҳеч ким халақит бермаса, ўзини устида ишлашини ташлаб қўймаса, у қизча санъат оламида узоққа боради. Ўша кунларни мен кўрармикинман?», деган экан.

Фото: myday.uz
«Уларда санъатга фидойилик кучли эди»
— Ботир акамнинг энг охирги марта саҳнага чиқишларида ҳам бирга бўлганмиз. 1984 йили Ўзбекистон СССРнинг 60 йиллиги нишонланадиган жуда катта давлат байрами ташкил этилди. Айнан шу байрам билан «Халқлар дўстлиги» санъат саройи очилган ва у ерда ўтказилган биринчи концерт ўша дастур бўлган.
Ўша пайтда Ботир акам жуда қаттиқ касал бўлган. Уларда санъатга фидойилик ва масъулият  шу даражада кучли эдики, шифокорлар назоратида реанимация бўлимидан концертга тайёргарлик машғулотларига келиб-кетиб юрган. Ўша концертдан кейин бир ойга ҳам бормай, Ботир акамни йўқотдик.

Фото: sputniknews-uz.com
«Муҳаббатига сазовор бўлганман»
— Мен эришган ютуқларим учун эмас, шундай инсонни ҳам насиҳатини, ҳам суҳбатларини олганим, ҳам қайсидир маънода муҳаббатига сазовор бўлганим учун ўзимни бахтиёр ва омадли деб ҳисоблайман. Ботир акамдан нафақат санъат сирларини, балки одамийлик билан боғлиқ кўп нарсаларни ҳам ўргандим.

«Бошқа бир дунёни кашф этишади»
— Бугунги ёшлар Ботир акамнинг қўшиқларини ижро этишдан аввал фақат сўзлари, мусиқаларини эмас, уларнинг шахсиятини ҳам ўрганишларини хоҳлардим. Агар шахсиятини ўрганишга қунт қилишса, ўзлари учун бошқа бир дунёни кашф этишади. Устозимнинг жойлари жаннатда бўлсин!
«Дарё» мухбири Миролим ИСАЖОНОВ ёзиб олди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Уларни кўриб, оёғимнинг учигача музлаб кетганман» – Насиба Абдуллаева