21:00 / 16.12.2021
2 455

«Бахшичилик санъати» ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданияти мероси рўйхатига киритилди

«Бахшичилик санъати» ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданияти мероси рўйхатига киритилди
Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси (НМММҲҚ) XVI сессияси доирасида «Бахшичилик санъати» Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси элементи сифатида Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу элемент бўйича номинацион пакет президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси томонидан тайёрланиб, 2020 йилда НМММҲҚга тақдим этилган. Икки йил давомида ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия ва Ўзбекистоннинг Париждаги доимий делегацияси қўмитага аъзо давлатлар, Баҳолаш комиссияси ва ЮНЕСКО Котибияти билан ҳамкорликда мазкур элементни тарғиб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Сессия доирасида бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси томонидан «Бахшичилик санъати» номинациясининг тақдимоти ўтказилган. Тадбир иштирокчиларига ушбу санъат турини асраб-авайлаш ҳамда миллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
2019 йил апрель ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўтган «Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг тутган ўрни» мавзусидаги анжуманнинг муҳим хулосалари, бахшичиликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, шунингдек, ушбу санъат турини келажак авлодга муносиб етказиш мақсадида ихтисослаштирилган коллеж ва олий ўқув юртларида ёш бахшиларни тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари ҳам муҳокама марказида бўлган.

Қўмитага номинацияни тақдим этган Баҳолаш комиссияси раиси Л.Волансканинг таъкидланишича, «Бахшичилик санъати» ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг ноёб тарихий-маданий мероси ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, бу санъат ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка чақирувчи достонлар,халқ ижодиёти намуналари, ривоят ва афсоналар асосида яратилган. «Кўплаб этник гуруҳларга тегишли бўлган элементнинг ижодий хусусияти ижодкорлик ва маданий хилма-хилликка бўлган ҳурма-эҳтиромни таъминлайди», — дейди у. Қайд этилишича, мазкур элемент бўйича номинациялар пакети элементни Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритиш учун барча мезон ва талабларга жавоб беради.

Тадбирда Ўзбекистон ҳудудида бахшичиликнинг ривожланиш тарихини акс эттирувчи махсус видеоролик намойиш этилган. НМММҲҚ ушбу элементни Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритишни аккламация (кенг консенсус) йўли билан ҳеч қандай дебатлар ва овозга қўйишларсиз маъқуллаган.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Баҳолаш комиссияси вакилларининг фикрича, бахшичилик санъати ноёб тарихий-маданий мерос бўлиб, номинациялар тўплами ушбу миллий элементни Номоддий маданий мероснинг Репрезентатив рўйхатига киритиш учун барча мезонларга жавоб беради. Қабул қилинган қарор ЮНЕСКО кўмагида бахшичилик санъатини асраб-авайлаш, кўпайтириш ва тарғиб қилиш чора-тадбирларини миллий ва халқаро миқёсда янада кучайтиришга хизмат қилади.

Маълумот учун, «Бахшичилик санъати» Ўзбекистон томонидан Репрезентатив рўйхатга киритилган номоддий маданий мероснинг олтинчи элементи бўлди. Бунга қадар ушбу рўйхатдан «Бойсун тумани маданий макони» (2008), «Катта ашула» (2009), «Аския» (2014), «Палов маданияти ва анъаналари» (2016) ва «Лазги» (2019) ўрин олган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳаммуаллифликда «Шашмақом» (2008), «Наврўз» (2016) ва «Миниатюра санъати» (2020) номинацияларини илгари суришда иштирок этган.

Келгуси йилларда «Ўзбекистон кулолчилик мактаби» миллий элементлари, шунингдек, бошқа давлатлар билан «Ҳунармандчиликнинг анъанавий услуби» ва «Рубоб чалиш», «Марказий Осиёда анъанавий каштачилик услуби», «Хўжа Насриддин қиссаларини айтиш анъанаси» каби кўп миллатли номинацияларни НМММҲҚ муҳокамасига киритиш режалаштирилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Бахшичилик санъати» ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданияти мероси рўйхатига киритилди