1 315
Амир Темур қонхўр сифатида таърифланган видеороликка Туризм ва спорт вазирлигининг муносабати

Кадр: YouTube
Ижтимоий тармоқларда «Индиана Жонс Ўзбекистонда» номли видеоролик кенг тарқалди. Баъзилар бунга «Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан» дея изоҳ бермоқда. Вазирлик матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, ушбу видеоролик Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан тасвирга олинмаганини маълум қилди.
Таъкидланишича, ролик муаллифлари билан бу бўйича ҳеч қандай келишув ҳам бўлмаган.
«Вазирлик видеоролик аввалида соҳибқирон Амир Темур ҳақида айтилган фикрларга хайрихоҳ эмас. Шундай бўлса-да, қайд этиш жоизки, видеороликларда томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун ҳам ‘бадиий тўқима’ қўлланган бўлиши мумкин, бу аудиторияни жалб қилиш мақсадида тез-тез ишлатиладиган услубдир. Видеороликнинг ўзини умумий оладиган бўлсак, бу каби видеолар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилади», — дейилади муносабатда.
Туризм ва спорт вазирлиги ОАВ вакиллари ва блогерлардан одамларни чалғитувчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликка, савол туғилган тақдирда, вазирлик матбуот хизматига мурожаат қилиб, аниқлик киритишга чақирган.
«Шу ўринда мазкур видеоролик бўйича саволлар билан ролик муаллифларига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаган ҳолда, Туризм ва спорт вазирлиги соҳани ривожлантириш йўлида хизмат қилувчи қизиқарли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қиламиз», — дея қайд этилади хабарда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар