22:38 / 16.03.2022
2 862

Маданият вазирлигининг Юлдуз Усмонова «насиҳати»га муносабати муҳокамаларга сабаб бўлди

Маданият вазирлигининг Юлдуз Усмонова «насиҳати»га муносабати муҳокамаларга сабаб бўлди
Фото: «Дарё»
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлаётган, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерт дастуридан ёзиб олинган видеолавҳа юзасидан Маданият вазирлиги муносабат билдирганди.

Ушбу расмий муносабат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерларнинг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.

«Юлдуз Усмонова масаласида Маданият вазирлиги расмий муносабат билдириб, «қарс икки қўлдан чиқади» деган мазмунда томошабинларга ва Юлдузхонимга тенг танбеҳ берибди», деб ёзади блогер Шаҳноза Соатова.

«Муносабатда вазирлик «залдаги маданиятсизлик» (қўштирноқ сабаби, бу ҳодиса қандай бўлгани, залдан қай даражада ва тарзда маданиятсизлик кўрсатилганини билмаймиз) ва саҳнадаги маданиятсизликни бир қаторга қўйяпти. Бир нечта «маданиятсиз томошабин»ни деб салкам 5 минг одамга нисбатан қилинган ҳурматсизликни (юмшоқ айтганда) тенг кўряпти, бир нечта «тартибсиз» истеъмолчи билан қўлида микрофон тутган, минглаб одамларга мурожаат қилиш ҳуқуқи ва имкониятига эга халқ артистининг маънавий бурчини бир хил деб баҳолаяпти. Майли, бу уларнинг адолати.

Энди савол: тўйда (хусусий тадбирда) бир одамни сўккан АвазБЕК Олимовдан «бошқа қилмайман» деган мазмунда тушунтириш хати ёздириб олган тизим Юлдуз Усмонованинг саҳнадан (!) туриб қилган одобсизлигини шунчаки оғзаки «оқламай, қоралаб» қўяқолиши ҳам уларнинг адолатими?

«Ҳаммага тенг» тартибларингиздан...

Шу пайтгача Юлдуз опа Ички ишлар тизимини сўкди, шоирни сўкди, томошабинларни сўкди... Бу охиргиси деб умид қилишга асос ҳам йўқ, чунки жазоланмаган айб такрорланаверади, хулосалар бадбин қолаверади
», дея қайд этади Шаҳноза Соатова.

«Юлдуз Усмоновани на Маданият вазирлиги, на давлатнинг бошқа бир тузилмаси жазолаши керак, танбеҳ ҳам бериши шарт эмас. Юлдуз Усмонова жамоатчиликка қўполлик қилди, уни жамоатчиликнинг ўзи жазолаши керак. Инстаграмда ё Твиттерда уни сўккан билан у жазоланиб қолмайди. Одамларимиз бир бўлиб, уюшиб, уни тўйга чақирмай қўйсин: ҳеч ким чақирмасин шу артистни тўйга, уни тўйга чақирмасликни бир-бирига тарғиб қилсин одамларимиз — энг яхши жазо шу унга.

Лекин бизнинг одамларимиз ундай қилишмайди. Ҳатто шу артистнинг ҳақоратларини эшитиб, унга қарсак чалишди-ку — қаранг, қандай бағрикенглик! Шунинг учун ҳам ЎзАвтоМоторс йилига миллионлаб доллар, юз миллиардлаб сўм фойда кўришда давом этяпти, маънан эскирган «янги» машиналарининг нархини беҳижолат оширяпти. Чунки...

Одамларимиз шунга муносиб. Шунга муносибмиз, ҳозирча. Лекин қачондир бу ўзгаради, ўзгариши керак — чунки биз, ҳаммамиз, яхшироғига — одоблироқ артистларга, сифатлироқ автомобилларга, фаровонроқ ҳаётга, энг камида, яхшироқ муносабатга лойиқмиз. Бунга шубҳа йўқ
», деб ёзади блогер Муҳрим Аъзамхўжаев.

Маданият вазирлиги, Юлдуз Усмонова, Маданиятсиз томошабин

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Маданият вазирлигининг Юлдуз Усмонова «насиҳати»га муносабати муҳокамаларга сабаб бўлди