Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг (1941–2016) ҳали бирор бир тўплам ёки матбуот нашрида чоп этилмаган «Шарқий Туркистон» номли шеъри эълон қилинди. Бу хайрли ва савобли юмуш Телеграмдаги «Абдулла Орипов шеърияти» канали томонидан амалга оширилди.
Марҳум шоирнинг рафиқаси Ҳанифа ая хотираларига кўра, 1991 йил май ойида икковлон Урумчи шаҳрига сафар қилишади. Уларни уйғур шоири Буғдо Абдулло ва умр йўлдоши Чаманой опа меҳмонга таклиф этган эди. Ўзбекистонлик меҳмонлар шарафига ижодий гурунглар, базмлар уюштирилади. Уйғур ўлкасига сафар давомида Абдулла Орипов «Шарқий Туркистон» номли шеър ёзади. Аммо маҳаллий полиция шеър ҳақида суриштира бошлагач, шоир янги асари қўлёзмасини йиртиб-йўқ қилишга мажбур бўлади.
Тасодифми ёки тақдир туҳфаси, кейинроқ шеърнинг бир нусхаси бошқа қўлёзмалар орасида қолиб кетгани маълум бўлади. Бундан хабар топган шоир рафиқасига қўлёзмани яшириб қўйишни тайинлайди. «Шарқий Туркистон» шеъри, орадан 31 йил ўтиб, 21 март – улуғ аллома Алихонтўра Соғуний ҳамда Абдулла Орипов таваллуд топган кунда эълон қилинди.
Шарқий Туркистон
Мен сени аввал бошдан
Етук деб ўйлагандим.
Боболардан қолган бир
Битик деб ўйлагандим.
Оқсоқ бўлсанг-да сени,
Тетик деб ўйлагандим,
Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон,
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.
На отаю онани
Танимай қолибсан сен,
Кимса билмас манзилга,
Йўлингни солибсан сен,
Балки бу сафар қалтис
Ҳорибсан, толибсан сен.
Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон,
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.
Боланг келса безрайиб,
Тилини ҳам билмайсан,
Бировга-ку юқтирмай,
Ўзингга ҳам юқмайсан.
Деҳқонсан-у, заминга
Бирор ниҳол суқмайсан.
Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.
Меҳмон келса изида
Тўртта-бешта изи бор,
Бу элнинг на ғурури
Ва на айтар сўзи бор.
Гоҳи-гоҳи шоирнинг
Йиғлаб турган кўзи бор,
Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.
Ҳа, бир замон сенинг ҳам
Юрган йўлинг оқ эди,
Лекин биров у деди,
Буниси бундоқ деди.
Раҳмон ош пиширганда,
Оқибат шайтон еди.
Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.
Аҳволингга қараб мен
Йиғладим бугун нетай,
Ҳар нечук жигаримсан
Мен юрак қайга кетай.
Иқболингни ахтариб,
Каъбага токи етай.
Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.
Асл-асл инсонлар
Қучоғингда бор балки,
Оҳ, қандайин даҳолар,
Беэътибор, хор балки.
Дийдиёни ўзига
Билишади ор балки.
Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон,
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.
1991 йил 9 май
Урумчи
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Урумчи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Учта вилоятда “валютчик”лар қўлга олинди