09:03 / 21.01.2018
5 859

Мамлакатимизда туризм қандай ривожланади?

Мамлакатимизда туризм қандай ривожланади?
Шу йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати ҳузуридаги пресс-холлда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан матбуот анжумани ўтказилган эди. Унда қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди, журналистларнинг саволларига қўмита раиси томонидан батафсил жавоб қайтарди.

Туризм визалари қанча арзонлашди?

— Ўтган йили мамлакатимизга 2,5 миллион сайёҳ келди, туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 557 миллион долларни ташкил этди, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Туроператорлик хизматларини кўрсатувчи 128 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 561 тага етди. Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида «Қадимий Бухоро» ва «Самарқанд сити» туризм зоналарини ташкил қилиш, умумий ҳисобда 450 га яқин лойиҳани амалга ошириш, жумладан, 50 та маданий мерос объектини реставрация ва консервация қилиш, 50 дан ортиқ меҳмонхона қуриш ва қайта тиклаш, 100 га яқин умумий овқатланиш объектини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Хорижий сайёҳлар учун виза ва рўйхатга олиш таомили соддалаштирилди. Якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона кириш туризм визалари жорий қилинди ва визаларни расмийлаштириш нархи 60 доллардан 40 долларга туширилди.

Туризмда инновацион технологиялар

— Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида соҳада қандай янги инновацион технологиялар жорий этилиши кўзда тутилган?
— Албатта, тармоққа ахборот-коммуникация технологиялари изчил жорий этилмоқда. Жумладан, мамлакатимиздаги 600 дан ортиқ сайёҳлик объектини бирлаштирган «E-mehmonxona» автоматлаштирилган тизими ишга туширилди. Бу билан хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ҳисобини олиб бориш мумкин. Шунингдек, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Техно даргоҳ» МЧЖ томонидан ҳамкорликда амалиётга татбиқ этилаётган «VERUM QR» лойиҳаси доирасида Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳридаги сайёҳлик объектлари QR-кодлар билан таъминланди. Мазкур QR-кодлар сайёҳларга бир неча сония ичида тарихий объект, яқин ҳудудда жойлашган меҳмонхона, ресторан ва бошқа диққатга сазовор масканлар ҳақида маълумот олиш имконини беради. Маълумотлар 12 тилда тақдим этилади.

Кафе ва ресторанлар 24 соат ишлайди...

— Баъзида кафе ва ресторанларнинг тунги иш вақти чеклангани хорижий сайёҳлар эътирозига сабаб бўлади. Бу борада ҳам ўзгариш кутилаяптими?
— Ҳақиқатан ҳам, бизнинг «Call Center» маълумот марказимизга туристлар, ресторан вакиллари томонидан ушбу чеклов бўйича эътирозлар келиб тушмоқда. Биз бу масала устида ишлаяпмиз. 24 соат ишлашни истайдиган кафе ва ресторанлар хавфсизлик талабларини юқори даражага кўтариши шарт. Бу масала ихтиёрий серитификатлаш усулида ечилади. Хусусан, хизмат кўрсатиш муассасаси «tourist-friendly» тизими талабларига жавоб бериши керак. Унга кўра хизмат кўрсатиш муассасасида «огоҳлантирувчи тугма» бўлади, у орқали сайёҳ тўғридан-тўғри ИИВ билан боғланиши мумкин. Шунингдек, ресторан ёки кафеда инглиз тилида хизмат кўрсатувчи ходимлар бўлиши, инглиз тилидаги менюлар бўлиши талаб этилади. Шуларни ҳисобга олиб, қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Яқин вақт ичида 24 соат давомида ишлайдиган жамоат тановул муассасалари пайдо бўлади.

Маккадан аввал Бухорога

— Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболлари хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш учун етарлича имкониятлар мавжуд. Масалан, Малайзияда ҳозир ҳажга бориш навбатини 42 йил кутишга тўғри келади. Индонезияда эса ўрта ҳисобда ойига 100 мингга яқин киши Туркия орқали умрага қатнамоқда. Ўзбекистон улар учун транзит вазифасини ўташи мумкин. Бизда ушбу икки давлат аҳолиси учун ҳам муқаддас бўлган Бухорий, Мотуридий зиёратгоҳлари бор. Шундан келиб чиқиб, Малайзия ва Индонезия ҳожилари Маккага бориш йўлида Ўзбекистонда бир ҳафта вақтини ўтказиши мумкин. Шу мақсадда февраль-март ойларидан бошлаб тўғридан-тўғри Жакарта-Самарқанд-Жидда авиарейси ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Зиёрат туризми талабларини ҳисобга олиб, қўмитамиз томонидан стандартлар ишлаб чиқилмоқда. 2018 йилдан бошлаб меҳмонхоналарнинг 10 фоиз хонасида Қуръони карим китоби бўлиши, 30 фоиз хонасида қиблани кўрсатувчи белгилар қўйилиши белгиланди.

Зиёрат туризми ҳақида гапирганда фақатгина мусулмон давлатларидан келувчи сайёҳлар ҳақида ўйлаш нотўғри. Исроилдан Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига саёҳат қилаётган минглаб кишилар Ўзбекистон аэропортларидан транзит сифатида фойдаланмоқда. Лекин улардан бирортаси бу ерда вақтини ўтказмайди. Бунинг учун исроилликларга қисқа муддатли визалар бериб, транзит вақтида улар Ўзбекистонда камида 3 кун қолиши учун ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида буддизмга алоқадор кўплаб обидаларни зиёрат қилиш учун Япония, Жанубий Корея, Хитой давлатларидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Аммо у ердаги обида ва меҳмонхоналарни таъмирлаб, сайёҳлар учун қулай ҳолга келтиришимиз керак.

Аэропортдан 21 дақиқада чиқиш мумкин

— Юртимизга келган меҳмонларга биринчи навбатда аэропортимизда хизмат кўрсатилади. Бу ердаги хизматлар туристларни қониқтирадими?— Кўпчилик сайёҳлар бу борада ҳам ҳақли эътироз билдирмоқда. Жумладан, бизнинг аэропортларда интернетга уланиш, шу ернинг ўзида сайёҳлар учун харита, сим-карталарни сотиб олиш имконияти, туристик компаниялар томонидан таклиф этилаётган турлар, Ўзбекистонда бўлаётган турли маданий тадбирлар тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас. Бу масалалар аста-секин ўз ечимини топаяпти. Тошкент, Самарқанд ва бошқа аэропортларда бизнинг махсус ахборот марказларимиз ўрнатилди. Мобил алоқа операторлари, туризм компаниялари билан келишилди. Биз қисқа муддатда, ягона стандартда аэропортларда хизматларни жой-жойига қўямиз.

Бундан ташқари миллий авиакомпаниямиз томонидан аэропортларимизда 1 январдан қизил ва яшил йўлаклар ўрнатилди. Олдин туристларимиз аэропортларда 1,5 соат вақт йўқотарди. Айни пайтда эса барча жараёнлар(чегара, божхона)дан 21 дақиқада ўтиб, шаҳарга чиқиш имкониятига эга бўлди.

Сайёҳликка сарфланган даромаддан солиқ ушланмайди

— Ички туризмни ривожлантириш бўйича қандай режалар тузилмоқда?
— Бир нарсани билишимиз керакки, юртимизда аввало ички туризмни ривожлантирмай туриб, хорижий сайёҳларни жалб эта олмаймиз. Чунки уларни беш юлдузли меҳмонхоналар эмас, балки шу юртнинг урф-одатлари, анъаналарини акс эттирган уйлар, хонадонлар кўпроқ қизиқтиради. Шу сабабли узоқ ҳудудлардаги сайёҳлар оқими кам бўлган нуқталардаги ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратиш лозим. Шу мақсадда юртимизда сайёҳлик сафарини амалга оширганларга сарфлаган маблағидан даромад солиғи ушламасликни жорий этмоқчимиз. Шунингдек, корхона ва ташкилот раҳбарлари қўл остидаги ишчиларни ички туризм ривожига жалб этгани учун сарфлаган харажатларини ўзининг солиқ базасидан айириб ташлаш имкони мавжуд бўлади. Бу бўйича Президент фармони ва қарорлари лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан жорий йилда «Uzbekistan Tоurism Awards» тақдимоти ўтказилади. Унда республика бўйлаб энг яхши меҳмонхона, энг яхши меҳмонхона лагери, энг яхши гид, энг яхши ресторан, энг яхши мотел, энг яхши блогер, энг яхши фотосуратчи, энг яхши журналист каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади. Ҳозир қўмита томонидан мазкур мукофот концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Ташқариси миллий, ичкариси замонавий

— Юртимизда сайёҳлик «кластерлар»и ташкил этиш қай тарзда амалга оширилмоқда?
— «Кластерлар» бўйича республика миқёсида 44 та ҳудуд танлаб олинди. Маҳаллаларимизда кўчаларни эски тарзда сақлаб қолиш таклифи билан чиқаяпмиз. Яъни деворлари ва томи лойсувоқ бўлиши, имкон қадар турли замонавий антенналарсиз, миллийлигимизни акс эттирувчи безаклар билан безатилиши лозим. Уй ичи замонавий бўлса-да, ташқи томонини аслича сақлаб қолиш керак. Бундай уйларга сайёҳлар жалб қилинади, уй эгаларининг даромадлари кўпаяди. Керак бўлса, уларга давлат томонидан субсидиялар ажратилиши кўриб чиқилади.

Шунингдек, келгусида Ўзбекистонда ўтказиладиган маданий ва кўнгилочар тадбирларнинг «Ягона тақвим»и тузилиб, унга асосан ҳаракат қилиниши йўлга қўйилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мамлакатимизда туризм қандай ривожланади?