19:48 / 23.05.2022
973

Тимур Кападзе: "Оптимал таркибни йиға олмаяпмиз"

Тимур Кападзе: "Оптимал таркибни йиға олмаяпмиз"
Ўзбекистон (U-23) жамоаси бош мураббийи - Тимур Кападзени саволга тутдик. Бир неча кундан сўнг юртимизда бошланадиган қитъа биринчилиги олдидан мутахассис жамоанинг ҳолати, нимадан хавотирда эканлиги ва бошқа мавзулар ҳақида фикр билдирди.

Тимур ака, мусобақага тайёргарлик қандай кетмоқда?
- Яратганга шукур. Ҳаммаси яхши. Бугун Қозоғистондаги легионерларимиз таркибга келиб қўшилди. Ҳа, демак таркибимиз тўлиқ бўлади. Ҳозир бор футболчилар билан биргаликда жамоавий ўйинни шаклантиришга ҳаракат қиляпмиз. Имкон борича, яхши формада мусобақада иштирок этиш ниятидамиз.

"Олимпик" ва унинг ўринбосларлари билан биргаликда Ўзбекистон (У-23) жамоаси бош мураббийисиз. Тақвим жуда зич бўлгани боис, чарчоқ сезмаяпсизми?
- Албатта чарчаш бўлади. Ишимиз асабий бўлгани боис, руҳан хорғинлик сезилади. Бунга жисмоний чарчоқни ҳам қўшсак, ҳолатимизни яхшироқ тасаввур қилишингиз мумкин. Шунга қарамай, ишимни жуда яхши кўраман. Доимо ҳар бир эпизодга максимум эътибор беришга одатланганман. Ўйлашимча, ҳаммасини енгиб ўтамиз.

Яқинлашаётган мусобақада имкон қадар шогирдларингизга имкон бериб, уларни эркин тўп тепишига имкон берасизми?Ёки натижа биринчи планга кўтариладими?
- Бу футбол. Унда натижасиз бўлмайди. Тўғри, биринчи навбатда тажриба тўплаш учун ҳаракат қиламиз. Ўзимизда ўйнаётганимиз учун босим бўлиши табиий. Мухлислар олдида ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишимиз шарт. Натижадан ва ўйиндан фойда олиш доим бирга юради. Тан оламан, фақат натижа учун деб ҳаракат қилмаяпмиз. Футболчиларимни кўриб олмоқчиман. Бундай турнирларда улар шахс сифатида ривожланади. Ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга чиқамиз. Бошқачасига яшил майдонга чиқиб келишдан наф йўқ. Бу ёшда хато ва камчиликлар бўлиб туради. Биз барчасини инобатга олган холда, натижа кўрсатадиган рақобатбардош жамоа тузмоқчимиз.

Осиё чемпионати олдидан рақибларни ҳам ўргандингизми? Кимларни ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида кўрсата оласиз?
- Осиё футболида жуда катта ўзгариш бўлмаган бўлса керак. Масалан, Садудия Арабистони билан куч синашдик. Уларни аксарияти бизнинг футболчилардан 2 ёш каттароқ эди. Кучли жамоа эканлигини ўйинда дарров сездик. Шунингдек, Жанубий Корея ва Японияни ҳам алоҳида эътироф этган бўлар эдим. Улар барибир ўз даражасида ўйнайди. Австралияни қандай ҳолатда етиб келиши ҳақида маълумотга эга эмасман. Катта эҳтимол билан мусобақада кучли ёки заиф жамоа бўлмаса керак. Масалан, бизни гуруҳга эътибор қаратинг! Туркманистон, Қатар ва Эрон! Ҳар бирининг кучли томонлари бор. Бизни вазифамиз ўйинларнинг ҳар бирига яхши тайёргарлик кўриб, ғалаба қозониш. Якунда, кимни қандай кучга эга эканлиги борасида фикр юритиш мумкин.

Осиё чемпионати олдидан жамоамизни мухлисларга тайёрлаган кутилмаган совғаси борми? Янги номларни кашф этамизми?
- Тўғриси, билмадим. Ҳозир бу ҳақида нимадир деб баҳо беришга эрта. Футболчилар турли хил ҳолатда етиб келмоқда. Клуб ва терма ўртасида фарқ жуда катта. Бу ерда босим ва муҳит умуман бошқа. Бу ҳамма футболчига ҳар хил таъсир қилади. Шу боис, ўйинлар давомида кимга қандай таъсир кўрсатганидан хулоса чиқаришимиз мумкин. Йигитларга ҳеч нарса яхши ўйин ўтказишига тўсқинлик қилмаслиги учун керакли тушунтириш ишларини олиб борамиз. Албатта, бунга бошқа факторлар ҳам таъсир қилиши мумкин. Йигитларнинг айримлари клубида ўйин амалиётга эга бўлса, бошқалари умуман захира футболчиси.

3-4 футболчимизни ҳали клуби қўйиб юбормади. Улар қандай ҳолатда етиб келишини билмайман. "Пахтакор" ҳам ўйини борлиги учун 2 футболчини қўйиб юбормади. Шу боис, оптимал таркибни йиға олмаяпмиз. Турнир бошланишига жуда оз қолди. 25 санада расмий ўртоқлик ўйини ўтказилади. "Пахтакор" ва "Насаф" эрта-индин майдонга тушади. Энди тасаввур қилиб кўринг, уларни қандай қилиб ўртоқлик ўйинида майдонга ташлашимиз мумкин? Йигитларимиз жисмонан ва тактик томонидан яхши тайёргарликка эга. Вазиятдан муносиб тарзда чиқиб кетишга уринамиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тимур Кападзе: "Оптимал таркибни йиға олмаяпмиз"